Ўзбекистонда хусусий самолетлар сотиб олиш мумкин бўладими?
  • 22 Январь 2018

Ўзбекистонда хусусий самолетлар сотиб олиш мумкин бўладими?

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси мутахассислари ҳамда Arcos Jet ва Bombardier Business Aircraft компанияларининг вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида ҳамкорлик алоқалари муҳокама этилди ва Bombardier самолётининг Тошкент узра парвози намойиш этилди, учрашув иштирокчилари унинг техник характеристикалари ва авиацион имкониятлари билан танишдилар, деб хабар қилади миллий авиакомпания матбуот хизмати.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Тошкент-Шарқий” аэродроми лойиҳаси билан танишиш жараёнида Ўзбекистонда бизнес-авиацияни ривожлантириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Arcos Jet ва Bombardier Business Aircraft компаниялари вакиллари билан ташкил этилган учрашув Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси томонидан янги имкониятларни очадиган ва тадбиркорлар учун қулайликлар яратадиган бизнес-авиацияни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалдаги тасдиғи бўлди. Лойиҳа юртимиздаги ва хорижий тадбиркорларга маҳсулотларини ташқи бозорга олиб чиқиш ва янги бизнес ҳамкорларни топиш масалаларини тезроқ ҳал қилиш имконини беради.

— Юртингизга илк бора келишимиз ва Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси бизни таклиф этганидан беҳад мамнунмиз, — дея таъкидлади Bombardier Business Aircraft компаниясининг Шарқий Европа, Россия ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий вице-президенти Валерия Колючая. — Ўйлайманки, бизнес-авиацияни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик алоқаларимиз яқин истиқболда ўзининг ижобий натижаларини беради. Фаолиятимиз асосан, самолётлар олди-сотдиси билан боғлиқ бўлса-да, бизнес-авиацияси бозорининг бошқа – ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш, экипаж аъзоларини тайёрлаш ва уларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофазалаш, шунигдек самолётни сотиш ёки ижарага бериш жараёнида юзага келадиган лизинг, суғурталаш, молиялаштириш, тахминий нархни олдиндан белгилаш каби турларини ҳам муваффақиятли ўзлаштиришга эришганмиз.

— Бу Ўзбекистон авиакомпанияси билан биринчи иш тажрибамиз, биз буни келгусидаги ҳамкорликнинг пойдевори бўлишига, минтақадаги бизнес-авиациясининг барқарор ривожланишига хизмат қилишига ишонамиз, — деди Arcos Jet бошқарувчи ҳамкори Михаил Алёнкин. — Ҳамма ерда бундай сервисга талаб бор ва у ўз истиқболига эга. Ўз навбатида биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга ҳаво кемаларини етказиб бериш ва харид қилишдан тортиб, уларни эксплуатация қилиш ва тижорат юкламасига қадар бўлган янги имкониятларни таклиф қиламиз.

Ишбилармон доирадаги учрашув давомида Бомбардиэр самолётининг тақдимоти ўтказилди. Учрашув иштирокчилари унинг техник характеристикалари ва авиацион имкониятлари билан танишдилар.
Музокаралар натижасида МАК ва бизнез-ҳамкорларнинг ўзаро ҳаракатлари режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳақида келишиб олинди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn