«Afrosiyob»нинг навбатдаги манзили
  • 19 Январь 2018

«Afrosiyob»нинг навбатдаги манзили

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг январь ойида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш, ундан самарали фойдаланиш, сайёҳларни Хива шаҳрининг ноёб тарихий-маданий ва меъморчилик мероси билан кенгроқ таништириш мақсадида транспорт хизматлари сифатини такомиллаштириш бўйича муҳим топшириқ ва тавсиялар берган эди. Хусусан, Урганчдан Хивагача темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш, бу йўлда юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” поезди қатновини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлаганди.

Шундан сўнг қиймати 35,9 миллион АҚШ долларига тенг бўлган Урганч — Хива янги темир йўл линиясини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Хўш, унинг ижроси қандай?

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятидан олинган маълумотларга қараганда, бугунги кунга қадар лойиҳанинг дастлабки босқичи доирасида умумий узунлиги 29,60 километрлик “пўлат из”лар ётқизилди. Йўллар замонавий поездларнинг юқори тезликда ҳаракатланишини инобатга олган ҳолда, илғор технологияларга асосланиб, мустаҳкам ва сифатли этиб бунёд қилинмоқда. Қурилиш-монтаж жараёнида жами 831 минг метр куб тупроқ ишлари бажарилди. Йўл бўйлаб 124 та сунъий иншоот ҳамда 6 та йўлўтказгич ва кўприклар қурилди.

— Бунёдкорлик ишларига 400 нафарга яқин тажрибали ишчи-хизматчи ва мутахассислар жалб этилган, — дейди Урганч темир йўл масофаси бошлиғи Бозорбой Каримов. — Лойиҳани белгиланган вақтда амалга ошириш мақсадида 70 га яқин замонавий техника ва механизмлар ишлатилмоқда.

Янги темир йўл линияси фойдаланишга топширилгач, ҳудуднинг йўловчи ва юк ташиш салоҳияти янада ортади. Айниқса, у маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқими ошишида муҳим аҳамият касб этади. Ана шу мақсадда Хива шаҳрида бир вақтнинг ўзида 200 йўловчига хизмат кўрсатувчи замонавий темир йўл вокзали ҳам барпо қилинмоқда.

Урганч — Хива темир йўлининг қурилиши мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳлар ҳамда юртимиз аҳолисига қулайликлар яратиши баробарида, тизимда қўшимча иш ўринлари ташкил этиш имконини ҳам беради.

Хива вокзали билан ҳамоҳанг равишда маҳаллий аҳоли мароқли ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган сайилгоҳлар, хиёбонлар, боғлар, гулзорлар, янги тураржойлар ва бошқа иморатлар қурилади.

Кўҳна заминда барпо этилаётган янги темир йўл халқ фаровонлиги учун хизмат қилади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ, «Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn