Мева-сабзавот экспорти учун инновацион тизим яратилди
  • 18 Январь 2018

Мева-сабзавот экспорти учун инновацион тизим яратилди

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси мева-сабзавот, полиз, дуккакли маҳсулотлар, узум, қуритилган мева-сабзавотлар экспорти бўйича янгича инновацион тизимни йўлга қўйди.

Мазкур тизим Президентимизнинг 2017 йил 6 ноябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида яратилди. Бинобарин, ҳужжатда экспорт қилинадиган сархил мевалар, узум, дуккакли экинлар ва полиз маҳсулотлари, шунингдек, қуритилган мева-сабзавотлар ҳажмини кўпайтириш, боғ ва дала неъматларининг жаҳон бозорида рақобатдошлигини ошириш, ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига экспортга етказиб бериш ҳақидаги маълумотларни киритиш каби вазифалар белгилаб берилган эди. Уларнинг изчил ижроси таъминланаётгани миллий брендимиз нуфузини оширмоқда. 

Янги инновацион тизим ҳам айни шу мақсадга қаратилган. Унга кўра, эндиликда мева-сабзавот экспорти технологик рақамли логистикага асосланган ҳолда амалга оширилади.

— Шу йил 17 январдан компаниямиз томонидан мутлақо янги шаклда яратилган www.uzagrotorg.com интернет майдони синов тариқасида ўз фаолиятини бошлади, — дейди “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси бўлим бошлиғи Баҳодир Юнусов. — Янги онлайн интернет майдони дастлаб Россия Федерациясининг шаҳар аҳолиси 1 миллиондан ортиқ бўлган 15 та ҳудудидаги улгуржи бозорларда мавжуд мева-сабзавот маҳсулотларининг турлари, ҳажми ҳамда нарх-навоси ҳақидаги тўлиқ маълумотларни тақдим этишга мўлжалланган.

Компаниянинг мазкур тизими экспортчи корхоналар ва бозорлар ўртасида кўприк вазифасини бажаради ҳамда ташқи савдо иштирокчиларини  бозорлардаги вазиятдан реал вақт режимида хабардор бўлиб туришини таъминлайди. Бу эса экспортчиларнинг ташқи бозордаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, харидорнинг маҳсулотга бўлган ишончини оширишда қўл келади. Шу билан бирга, бутун мавсум давомида мева-сабзавотларни етказиб беришда қатор муаммоларнинг олди олинади.

Мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга етказиб беришнинг асосий номенклатураси бўйича ташқи бозорларнинг жорий ҳамда истиқболдаги конъюнктураларини доимий асосда чуқур ўрганиш, қолаверса, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг янги истиқболли йўналишларини аниқлаш имконини беради.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn