Ўзбекистон — Туркия: Савдо-сармоявий муносабатлар мустаҳкамланмоқда
  • 18 Январь 2018

Ўзбекистон — Туркия: Савдо-сармоявий муносабатлар мустаҳкамланмоқда

Кейинги пайтда иқтисодиётни либераллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ҳамда диверсификация қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар юртимиз инвестициявий жозибадорлигини оширмоқда. Бу эса хорижий сармоядорлар, хусусан, туркиялик ишбилармонлар қизиқишини тобора кучайтираётир.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон — Туркия ишбилармон доиралари иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида ана шу жиҳатлар тилга олинди. 

Туркиянинг “Ziraat Bankasi A.S.” банки бошқаруви раиси Ҳусейн Айдин бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ўтказилган ушбу анжуманда делегация аъзолари, шунингдек, икки мамлакатнинг энергетика, қурилиш, машинасозлик, геология, озиқ-овқат, кимё саноати, фармацевтика, туризм соҳалари учун масъул вазирлик ҳамда идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари қатнашди. 

Тадбирда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолати, савдо-сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар янгича мазмун касб этаяпти. Икки давлат раҳбарларининг учрашувлари, вазирлик ҳамда идоралар делегацияларининг ташрифлари, шунингдек, кўплаб қўшма тадбирлар, бизнес форумларининг ўтказилиши тенг манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлашга катта туртки бермоқда. 

Биргина ўтган йилнинг май ойида пойтахтимизда бўлган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Туркия ҳукуматлараро комиссиясининг мажлиси, сентябрь ойида Тошкентда ҳамда октябрда Истанбулда уюштирилган бизнес форумларида ўзаро ишонч ва тенглик асосидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

— Давлатингиз раҳбарининг ўтган йили октябрь ойида Туркияга амалга оширган давлат ташрифи давомида икки мамлакат савдо алоқаларини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги ўттиздан ортиқ лойиҳалар юзасидан битимлар имзоланган эди, — дейди Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар. — Шу асосда қатор натижаларга ҳам эришилаётир. Бугунги давра суҳбати ушбу келишувларни рўёбга чиқариш, ўзаро фикр алмашиш, муаммоларни биргаликда ҳал этиш, умуман, икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш учун катта майдон ҳисобланади. 

Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси менда катта қизиқиш уйғотди. Танишиб чиқдим. Унда барча соҳа қатори тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, соҳа фаолиятини янада жонлантириш зарурлиги ҳақидаги тавсиялари юксак баҳога лойиқ. Мамлакатингизда жорий йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилгани ҳам юртингиз иқтисодий салоҳиятини янада ошириши, шубҳасиз.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 500 га яқин турк фирма ҳамда компаниялари фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда сўнгги икки йилда Туркия капитали иштирокида йигирмадан ортиқ корхоналар ташкил этилиб, яна кўплаб компаниялар аккредитациядан ўтказилди.

Туркиялик тадбиркор Халил Тўранинг айтишича, давра суҳбати ўзбек ишбилармонлари билан ўзаро мулоқотга киришиш, шартномалар имзолаш учун жуда қулай фурсат бўлди. 

— Юртингизда хорижий инвесторлар учун кўплаб қулайликлар, хусусан, солиқ ва божхона имтиёзлари берилаяпти, — дейди у. — Биз ҳам мазкур имкониятлардан унумли фойдаланиб, сармоя олиб кириш ниятидамиз. Компаниямиз геология, энергетика, логистика, туризм, сервис хизматлари кўрсатиш каби қатор соҳаларда фаолият юритаётгани боис, ушбу йўналишлар бўйича музокаралар олиб бордик. 

Форумда икки давлатнинг иқтисодий ҳамда инвестициявий салоҳияти намойиш этилди. Меҳмонларга юртимизда инвесторлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, жумладан, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида фаолият юритиш имкониятлари, таклиф этилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Очиқ мулоқот тарзида ўтган анжуманда ўзаро ҳамкорликда ҳали фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn