Озиқ-овқат импортида монополияга йўл қўйилмайди
  • 18 Январь 2018

Озиқ-овқат импортида монополияга йўл қўйилмайди

Кейинги йилларда бозорларимизда баъзан айрим озиқ-овқат товарларининг тақчиллиги юзага келиши кузатилмоқда. Масалан, шакар, картошка каби муҳим маҳсулотлар расталардан тортилиб қолиши аҳолида ҳақли эътирозни келтириб чиқараётган эди. Агар вазиятни чуқур таҳлил қилсак, бунинг ўзига яраша объектив ва субъектив сабаблари борлиги ойдинлашади, албатта.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида халқимизни қийнаб келаётган ушбу масалага алоҳида тўхталиб ўтгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари бу борада бозор иқтисодиётининг муҳим талаби — ресурс ҳамда имкониятлардан фойдаланиш даражаси, фаолият майдони ҳаммага тенг бўлиши кераклиги, яккаҳокимликка ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини қатъий таъкидлар экан, аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотларни мамлакатимизга импорт қилиш фақат айрим гуруҳлар қўлида тўпланиб, улар учун мўмай даромад манбаига айланиб қолганини кескин танқид қилган эди.

Юртбошимиз “Баъзи бир корхоналарга имтиёзлар бериш орқали ўзимиз эркин рақобат муҳитини бўғиб, нархларнинг барқарор бўлишига салбий таъсир кўрсатмоқдамиз. Энди биз бундай амалиётдан воз кечамиз. Бу масалада ҳаммага тенг шароит яратилади. Имтиёзлар айрим корхоналарга эмас, балки алоҳида ишлаб чиқариш ва хизмат турларини рағбатлантириш мақсадида берилади. Имтиёзни рўкач қилиб, энг муҳим фаолият турларини тўла монополия қилиб олишга мутлақо йўл қўйилмайди”, деган эди.

Дарҳақиқат, бу масала иқтисодиётимиз, халқимиз турмуш фаровонлиги учун энг оғриқли нуқталаримиздан бири эди, дейиш мумкин.

Президентимизнинг 2018 йил 16 январда имзоланган “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини ўқиб, қисқа вақтда ушбу муаммога чек қўйиш учун ҳуқуқий асос яратилганидан қувондик. Боиси, мазкур ҳужжатда таъкидланганидек, мамлакатимизда экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш, талаб юқори бўлган озиқ-овқат товарларини импорт қилишда тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилиши билан бир қаторда, носоғлом рақобат, озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан монополлаштирилиши, сунъий тақчилликни юзага келтириш ҳамда баъзи товарлар учун нарх-навонинг асоссиз оширилиши, оқибатда бу асосда қўшимча фойда олиш учун шарт-шароитлар яратувчи жиддий тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда эди. Бозорда айрим импорт қилувчиларнинг устун мавқега эга бўлишига улар учун индивидуал имтиёз ва преференцияларнинг тақдим этилгани, бу эса бошқа тадбиркорлик субъектларининг бозорга кириш имкониятини чеклашга олиб келаётганди.

Ана шу жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда, 2018 йил 1 февралдан бошлаб юртимизга озиқ-овқат товарларини импорт қилиш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилган индивидуал божхона, солиқ ҳамда бошқа имтиёзлар ва преференциялар бекор қилинди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан республикамизга озиқ-овқат товарларини олиб кириш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга индивидуал божхона, солиқ ҳамда бошқа имтиёзлар ва преференциялар тақдим этишни назарда тутувчи қарорларнинг қабул қилиниши тақиқланди. Ушбу талаб бузилган ҳолларда, айбдор шахсларга қонунчиликда белгиланган жиноий жавобгарликкача бўлган чораларнинг кўрилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, 2018 йил 1 февралдан бошлаб истеъмол товарларини республика товар-хом ашё биржаларида сотиш (сотиб олиш)га тақиқ бекор қилинди. Шакар ишлаб чиқарувчилар 2019 йил 1 январга қадар муддатга импорт хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар қисмига қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод этилди. Истеъмол товарларини товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотиш (сотиб олиш) учун улгуржи савдони амалга оширишга лицензия мавжудлиги талаб қилинмайдиган бўлди. Улгуржи савдога лицензия олишда энг кам иш ҳақининг 3500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, шундан пул маблағлари энг кам иш ҳақининг 1200 бараваридан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб бекор қилинди.

Шу ўринда айтиш жоизки, халқимиз ҳаётига, турмуш фаровонлигига бевосита боғлиқ бўлган ушбу масала биз — аграр соҳада фаолият юритаётган парламент аъзолари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Сабаби, Президентимизнинг мазкур Фармонида “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам юклатилди. Унда бозорни сифатли, хавфсиз ҳамда арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аграр комплексни ривожлантириш, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш, озиқ-овқат бозори бар-қарорлигига таҳдидларни ўз вақтида бартараф қилиш, озиқ-овқат товарлари импортини қулай божхона-тариф тартибига солиш бўйича чораларни белгилаш вазифалари қўйилди. Бу вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини ишончли таъминлаш, расталаримизни хавфсиз ҳамда арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан бойитиш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, умуман, мазкур соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Абдимурат БОЗОРОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

Ўзбекистон Қаҳрамони.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn