Ишончлилик ва ошкоралик тамойили давлат статистикаси ривожида бош мезон ҳисобланади
  • 17 Январь 2018

Ишончлилик ва ошкоралик тамойили давлат статистикаси ривожида бош мезон ҳисобланади

“Давлат статистикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида ишончлилик, холислик, беғаразлик, долзарблик, қиёсийлик ва барқарорлик, қулайлик, очиқ-ойдинлик ва ошкоралик тамойиллари давлат статистикасининг бош мезони қилиб белгиланган. Бу иқтисодий ислоҳотларни тўлақонли таҳлил этиш, статистика ахборотининг ишончлилигини ошириш мақсадида статистика органларининг роли ҳамда масъулиятини кучайтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканлигини англатади.

Президентимизнинг 2017 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори демократик ислоҳотларнинг янги босқичида ахборот соҳасини эркинлаштириш, айниқса, фойдаланувчиларнинг кенг оммаси учун статистик ахборотларнинг ошкоралигини таъминлаш, халқаро статистик ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш борасида янги даврни бошлаб берди.

Гап шундаки, ушбу ҳужжатда мавжуд камчиликлар аниқ кўрсатилиши баробарида, 2017 — 2021 йилларда уларни бартараф этиш, Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилаш чора-тадбирлари ўз ифодасини топган.

Амалий саъй-ҳаракатлар

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳар бир масала юзасидан “Ҳаракат режалари” тузилди. Шу асосда қўмита марказий аппарати ва унинг ҳудудий тузилмалари тубдан қайта кўриб чиқилди. Бу каби амалий саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.

Айтиш жоизки, Ахборотларни тарқатиш, халқаро ахборот алмашув ва жамоатчилик алоқалари ҳамда Ижтимоий соҳа ва барқарор ривожланиш бошқармалари ташкил этилишидан ташқари, бошқа тармоқ бошқармалари негизида ахборот-таҳлилий бўлинмалар тузилди. Бу, ўз навбатида, ходимлар сонини оширмасдан туриб, тайёрланадиган статистик ҳамда таҳлилий материаллар кўламини кенгайтириш, сифатини яхшилаш имконини бермоқда. Чунки янги бошқарма ва бўлинмаларнинг асосий фаолияти макроиқтисодий, тармоқ ҳамда ҳудудий даражада ўрганилаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни қамраб олган ҳолда, ишончли, тезкор ва сифатли статистик маълумотлар тайёрлаш, уларни таҳлил қилиш ҳамда оммавий ахборот воситаларида жойлаштиришга қаратилган.

Ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнини автоматлаштириш даражаси ошириб борилаётгани ҳам қувонарлидир. Натижада бирхиллаштирилган ҳамда соддалаштирилган кўрсаткичлар таркибига эга бўлган интеграциялаштирилган сўровномалар асосида кичик корхоналар, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятининг статистик кузатувлари жорий этилди. Шунингдек, уй хўжаликлари кузатувларини таҳлил қилиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, иқтисодиётнинг турли тармоқлари бўйича норасмий фаолиятнинг мунтазам статистик кузатувлари тизими амалиётга татбиқ қилинди. Бу “кузатилмайдиган иқтисодиёт”ни баҳолаш учун асослар яратилди, деганидир.

АКТ ютуқларидан кенг фойдаланиш ҳақида сўз юритилганда, “eStat-2.0” автоматлаштирилган ахборот тизимининг ишга туширилгани ҳисобига давлат статистика ҳисоботлари 100 фоиз электрон кўринишда топширилаётганлигини алоҳида қайд этиш зарур. Масалан, ҳозирги пайтда мамлакатимиздаги 200 мингга яқин кичик тадбиркорлик субъектлари ўз ҳисоботларини статистика идораларига келмасдан туриб, интернет орқали электрон кўринишда тақдим этишмоқда. Бу эса тадбиркорлар учун қулайлик яратиш билан бир қаторда, қоғозни тежаш ва ортиқча вақт сарфининг олдини олишга хизмат қилаяпти.

Халқаро ҳамкорликка мустаҳкам асос

Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда холис ва тўғри баҳоланишини таъминлаш мақсадида 18 та халқаро ташкилот билан статистик ахборотлар алмашинуви йўлга қўйилди. Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК), Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки сингари нуфузли халқаро ташкилотлар миссияларининг мамлакатимизга ташрифи доирасида статистика соҳасида ҳам алоқалар ўрнатилаётгани, шунингдек, чет давлатлар билан ушбу йўналишда ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар имзоланаётгани диққатга сазовордир.

Давлат статистика органлари томонидан статистиканинг ташкилий, умумметодологик ва технологик асосларини ривожлантиришга йўналтирилган ана шундай комплекс чора-тадбирлар натижасида БМТнинг Миллий ҳисоблар тизими методологик асослари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳисоботлар тизимини яратишга эришилди. Бунда статистик кўрсаткичлар тизимининг таркиби, моҳияти ва ҳисоб-китоблар услублари белгиланди, статистик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашнинг таҳлилий йўналтирилиши ва тезкорлиги оширилди. Пировардида иқтисодиётнинг барча асосий секторида нарх ва тарифларни рўйхатга олиш ҳамда нарх индексларининг ҳисоб-китобларини юритиш тизими яратилди. Бундан ташқари, божхона статистикаси асосида ташқи иқтисодий фаолият статистикаси жорий этилиб, миллий статистик таснифлагичлар тизими асосида бизнес-регистрнинг фаолият кўрсатиши таъминланди.

Соҳадаги устувор йўналишлардан яна бири 2021 йилгача Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари расмий сайтларини кенгайтириш, фойдаланувчилар учун талаб этилган статистик ахборотлар, таҳлилий материаллар ҳамда маърузаларни жойлаштириш, қисқача айтганда, фойдаланувчилар билан “онлайн маслаҳатчи” режимида тезкор мулоқот ўрнатишни таъминлашдан иборатдир. Бу борада қўмитанинг расмий веб-сайти замон талабларига мос ҳолда янгиланиб, маълумотлар базаси шакллантирилгани қўл келмоқда. Унда таҳлилий материаллар, чорак натижалари, тезкор статистик бюллетенлар жойлаштирилиб, фойдаланувчиларнинг талаб ва таклифлари қаноатлантириб борилмоқда.

Бундан ташқари, Халқаро валюта жамғармасининг кенгайтирилган Маълумотларни тарқатишнинг умумий тизими (ХВЖ к-МТУТ) саҳифаси очилди ҳамда унда

йиғма маълумотлар миллий саҳифаси, жадваллари, метамаълумотлар ва уларни эълон қилиш тақвимлари жойлаштириб борилмоқда. Бу эса қиёсий таққослаш ҳамда таҳлил қилиш имкониятини бериб, иқтисодиётимизга йўналтирилаётган молиявий-инвестициявий оқимлар ҳажмини оширишга хизмат қилади. 

Ўзбекистон статистика соҳасининг илғор хорижий мамлакатлар статистикаси қаторидан муносиб жой олиши учун етарли илмий-амалий тажриба, бор куч ва имкониятлар ишга солинмоқда. Бу эса ишончли давлат статистика ҳисоботларини тақдим этиш ишларини сифат жиҳатидан яхшилаш имконини бериши, шубҳасиз.

Одилжон МАМАДАЛИЕВ,

 

Давлат статистика қўмитаси Ахборотларни тарқатиш, халқаро ахборот алмашув ва жамоатчилик алоқалари  бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn