Онлайн назорат-касса машиналари амалиётга жорий этилди
  • 17 Январь 2018

Онлайн назорат-касса машиналари амалиётга жорий этилди

Президентимизнинг 2017 йил 29 сентябрдаги “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар ҳажмини аниқлаш учун 2018 йилнинг 1 январидан 30 мартигача Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида 500 тадан 1000 тагача бўлган онлайн назорат-касса машиналарини тажриба-синов тариқасида амалиётга жорий этиш белгиланган эди.

Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида пойтахтимизда фаолият юритаётган “MyAirGroup IT Service” масъулияти чекланган жамияти фискал хотирали назорат-касса машиналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Дастлабки ускуналар айни пайтда савдо дўконлари, меҳмонхоналар, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ҳамда дорихоналарда синовдан ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган анжуманда шулар хусусида маълумотлар берилди.

— Корхонамиз йилига 360 мингта НКМ ишлаб чиқариш қувватига эга, — дейди “MyAirGroup IT Service” масъулияти чекланган жамиятининг тижорат ишлари бўйича директори Саидазиз Мирзаев. — Мазкур аппаратлар энг сўнгги технологиялар асосида тайёрланмоқда. Қулайликлари ҳам шунга яраша. Мисол учун, ушбу қурилма товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ ҳисоб-китоблар ҳажмини аниқ кўрсатади. Бир вақтнинг ўзида ҳисобга олиш омбори, ҳисобчи, савдо таҳлилчиси, кассачи иши назоратини олиб боради. Шу билан бирга, UZOFD.uz фискал маълумотлар оператори онлайн назорат-касса машинасидан келиб тушадиган маълумотларни қабул қилади, йиғади, сақлайди, қайта ишлайди ва уларни солиқ идораларига электрон шаклда узатади. Бу эса тадбиркорлик субъектлари ишини енгиллаштириш, нақд ва нақд пулсиз шаклдаги тушумлар ҳисоб-китобида шаффофликни таъминлаш, электрон тўловлар устидан автоматлаштирилган назорат тизимини олиб боришда қўл келади.

Бугунги кунда онлайн назорат-касса машиналарини 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятида қўллаётган бўлса, жорий йилнинг март ойигача мингта ана шундай ускунани синовдан ўтказиш, йил охирига қадар тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

Корхонанинг малакали  IT-мутахассислари томонидан жамоат транспортида йўлкира ҳақини автоматлаштирилган тизим орқали тўлашга мўлжалланган валидаторлар, шунингдек, инфокиоскларда транспорт карталарини тўлдириш ҳамда йўловчиларни текшириш учун мўлжалланган чиптачи ходим/назоратчи учун мобиль терминаллар ҳам татбиқ этилмоқда. Энди махсус ускуна орқали йўлкира ҳақини NFC (контактсиз транзакция) транспорт карталари ёрдамида тўлаш мумкин.

Бугунги кунда Андижон ва Гулистон шаҳарларидаги автобусларга ана шундай қурилмалар ўрнатилган бўлиб, келгусида республикамизнинг барча ҳудудида фискал хотирали назорат-касса машиналари, шунингдек, валидатор ҳамда NFC электрон чипли карталарни жорий этиш кўзда тутилган.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn