Рақамларда акс этган ҳаёт
  • 01 Декабрь 2017

Рақамларда акс этган ҳаёт

Статистикани иқтисодиётнинг кўзгусига қиёслашади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки унинг етакчи соҳа ва тармоқларидаги ўзгаришлар, энг аввало, статистика кўрсаткичларида намоён бўлади. Шу маънода, тақдим этиладиган бундай маълумотлар келгусида муҳим қарорлар қабул қилишда бамисоли “қўнғироқ” вазифасини ўтайди. Бугунги кунда мамлакатимизда мазкур соҳани сифат жиҳатидан ривожлантиришга устувор аҳамият берилаётганининг боиси ҳам ана шунда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизимда мутлақо янги даврни бошлаб берди, десак, муболаға эмас. Зеро, унга мувофиқ, амалиётга татбиқ этилаётган янгиликлар, статистика маълумотларини йиғиш ҳамда қайта ишлашда қўлланилаётган замонавий усуллар статистика кузатувларини умумқабул қилинган халқаро амалиётга мослаштиришга қаратилган.

Халқаро пресс-клубнинг статистика соҳасидаги бугунги аҳвол, ютуқ ва камчиликлар, истиқболдаги вазифалар таҳлилига бағишланган навбатдаги мажлисида Давлат статистика қўмитаси раҳбарияти билан юзма-юз мулоқот ўтказилди.

Ишонч — энг муҳим омил

Қайд этилганидек, давлат ҳамда идоравий статистика кузатувлари тизимини мақбуллаштириш, танланма кузатувлар орқали холис ва сифатли маълумотларни тайёрлашда қўмитанинг ўрни катта. Бироқ кейинги пайтда статистика ахборотларига нисбатан фойдаланувчиларнинг ишончи пасайганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

— Бунинг асосий сабаби илгари статистика ахборотлари, асосан, қуруқ рақамлардан иборат бўлиб қолган, — дейди Давлат статистика қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Баҳодир Мирусманов. — Эндиликда бу каби камчиликлар бартараф қилинмоқда. Яъни тақдим этилаётган кўрсаткичлар таҳлилий маълумотлар билан асосланаяпти. Бу эса маҳаллий ҳамда хорижий фойдаланувчиларда ишонч ҳиссини ошираётир. Айни шу жиҳат бизнинг фаолиятимизда жуда муҳим.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда холис ва тўғри баҳоланишини таъминлаш мақсадида 18 та халқаро ташкилот билан статистик ахборотлар алмашинуви йўлга қўйилгани диққатга сазовор. Бундан ташқари, Европа иқтисодий комиссияси, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро тузилмалар ўртасида статистика соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилгани унинг истиқболига кенг йўл очди.

Масалалар ечими топилмоқда

Соҳада эришилаётган ютуқлар билан бирга, учраётган камчиликлар, бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳам талайгина. Хусусан, кўпчиликни қизиқтираётган шундай масалалардан бири аҳолини рўйхатга олишдир. Чунки юртимизда бундай тадбир охирги марта 1989 йилда ўтказилган.

— Гарчи аҳолини ялпи рўйхатга олиш ўтказилмаган бўлса-да, ички ишлар органлари, ФҲДЁ бўлимлари каби давлат идоралари билан ҳамкорликда аҳоли сони мунтазам равишда, аниқроғи, ҳар ойда шакллантирилади, — дейди қўмита раиси ўринбосари Маҳмуджон Зиёдуллаев. — Унга кўра, ҳозирги кунда мамлакатимиз аҳолиси 32 миллион 500 минг нафардан ошди. Қабул қилинган ҳужжатларга биноан, эндиликда бундай тадбирлар ҳар 10 йилда ўтказилиши кўзда тутилганки, бу халқаро тажрибага ҳам тўла мос келади.

Рўйхатга олиш ҳақида гап кетганда, ушбу жараён қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам амалга оширилиши белгиланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унга мувофиқ, 2020 йилда деҳқон хўжаликлари рўйхатини тўлиқ шакллантириш кўзда тутилган. Қўмита томонидан 2018 йилда Қибрай туманида деҳқон хўжаликларини рўйхатга олишга киришилади. Бу келгуси ишларда тажриба вазифасини ўтайди.

Анжуманда иштирокчиларни қизиқтирган нарх индекслари таҳлили, макроиқтисодий кўрсаткичлар, ташқи савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам атрофлича маълумотлар берилди.

Якунда таъкидланганидек, бугунги шиддатли ислоҳотларга ҳамоҳанг статистика соҳасида рўй бераётган янгиланишлар замирида уни нафақат иқтисодиёт, балки аҳоли турмуш даражасидаги сифат ўзгаришларни акс эттирадиган чинакам кўзгуга айлантиришдек эзгу мақсад мужассамдир.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn