Секторлар фаолияти қандай натижа бераяпти?
Секторлар фаолияти қандай натижа бераяпти? Interlink
  • 30 Ноябрь 2017

Секторлар фаолияти қандай натижа бераяпти?

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилашнинг самарали механизми йўлга қўйилди.

Хусусан, Хоразм вилояти туман ҳамда шаҳарларида янги тизим асосида ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилигидаги тўрт сектор фаолият кўрсатмоқда.

Вилоят давлат солиқ бошқармасига Қўшкўпир туманидаги 47 та, Хива туманининг 29 та ҳамда Хива шаҳрининг 21 маҳалласи бириктирилган бўлиб, тўққизта ишчи гуруҳи ташкил қилинган. Мазкур ишчи гуруҳлари штаблари аҳолига қулай бўлган манзилларда жойлаштирилган ва уларда куну тун навбатчилик йўлга қўйилган.

Вилоят 4-секторига қарашли ушбу ҳудудларда уй-жой, коммунал хизмат, газ, сув, электр энергияси таъминоти, ички йўллар сифати ҳамда транспорт қатновини яхшилаш, ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш, бандлик, оила ва маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, кам таъминланганларга кўмаклашиш сингари йўналишларда мавжуд муаммолар ечимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Сектор ишчи гуруҳлари аъзолари уйма-уй юриб, қишлоқлардаги аҳволни яқиндан ўрганмоқда, туман ҳамда вилоят миқёсида ҳал қилиниши керак бўлган масалалар юзасидан таклифлар тайёрланаяпти, — дейди Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Дилрабо Курязова. — Натижада жуда кўплаб оилавий, ижтимоий-маиший муаммолар, меҳнат миграцияси, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш каби масалалар маҳаллаларнинг ўзида ҳал этилмоқда.

Айни пайтга қадар сектор кўмагида Қўшкўпир ҳамда Хива туманларида имконияти чекланган 56 нафар фуқарога махсус аравача, эҳтиёжманд 30 та оилага маиший техника воситалари ва 8 нафар аёлга тикув машиналари берилди. 143 нафар ногирон ҳамда пенсионерлар республика ва вилоят тиббиёт марказларида даволаниш учун имтиёзли йўлланмаларга эга бўлишди. Олти юзга яқин отахону онахонлар тиббий текширувдан ўтказилди. Шунингдек, мазкур ҳудудларда меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг ҳолидан мунтазам хабар олиб, зарур дори-дармонларни етказиб туриш ҳам намунали йўлга қўйилган.

— Вилоят ҳамда туманимиз раҳбарларининг хонадонимизга ташриф буюриб, қувончу ташвишларимиз билан қизиқиши руҳимизни кўтарди, — дейди Хива туманининг Чинобод қишлоғидаги Ал-Хоразмий маҳалласида яшовчи Дилдора Ёқубова. — Турмуш ўртоғим бундан уч йил олдин бахтсиз ҳодиса туфайли фалаж бўлиб қолган. Тўрт фарзандимиз бор. Даромадимиз рўзғордан ортмагани сабабли дори-дармонга ҳар доим ҳам пул топа олмаймиз. Юртимизда ҳеч бир инсон меҳр-мурувватдан четда эмаслигига бугун яна бир карра гувоҳ бўлдик. Саховатли инсонлар кўмагида турмуш ўртоғим шифохонага ётқизилди. Оиламиз таъминоти, фарзандларим кам-кўстидан вилоят раҳбарлари ҳамиша хабар олиб туришибди.

Айтиш ўринлики, ҳозиргача 4-сектор томонидан Қўшкўпир ва Хива туманлари аҳолисидан 2 мингга яқин мурожаатлар қабул қилинди. Асосан, уй-жойга эҳтиёж борлиги, кўп қаватли тураржойлардаги шароитни яхшилаш, газ ҳамда иссиқлик қувурларини янгилаш, болалар ўйин майдончаларини ташкил этиш, мактаб ва боғчаларни таъмирлаш, кутубхоналар очиш, коммунал тўловларни тўлашда, ишга жойлашишда ёрдам сўралган мурожаатларнинг 1 минг 470 таси бўйича зарур чоралар кўрилди. Қолган мурожаатлар “йўл харитаси” ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш дастурларига киритилди. Мисол учун, ушбу туманларда қисқа муддатда 31,8 километрдан иборат ички йўллар таъмирланиб, 16,5 километр масофага ичимлик суви қувурлари тортилди.

— Ишчи гуруҳимиз аъзоларининг ҳар бири хонадонда, таълим муассасаларида бўлиб, кундалик аҳвол билан танишиши одат тусига кирмоқда, — дейди Қўшкўпир тумани ҳокими Сардорбек Юсупов. — Масалан, Незахос қишлоғидан ўтган йўл ва “1-Хонобод” канали жуда аянчли аҳволда эди. Қишлоқ аҳолиси канал кўпригидан ўтишга қийналарди. Тегишли мутасаддиларни жалб қилган ҳолда, кўприк тўлиқ реконструкциядан чиқарилди. Хадра қишлоғида 8,5 километр масофага қувурлар тортилиб, 350 хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бундай амалий ишлардан аҳоли беҳад хурсанд. Биз учун муҳими ҳам шу!

Яқинда сектор аъзолари яна бир лойиҳага қўл урдилар. Қўшкўпир туманида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг Хива шаҳрига саёҳати уюштирилиб, улар очиқ осмон остидаги музейнинг осориатиқалари билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Кам таъминланган оилалар фарзандлари учун хонадонларда мўъжаз кутубхоналар ташкил этилди.

— Турли халқ эртаклари тўпламлари, болалар энциклопедиялари ҳамда бошқа жуда кўп янги китобларни олиб келиб, уйимизда кутубхона очиб беришди, — дейди Қўшкўпир туманидаги 52-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Асадбек Отаназаров. — Синглим, укаларим, қўшни ўртоқларим — ҳаммамиз бўш вақтимизда шу кутубхонага шошамиз. Қизиқарли, ранг-баранг китобларни маза қилиб ўқиймиз. Мана шундай имкониятни яратиб берган инсонларга раҳмат айтамиз.

“Эзгуликнинг катта-кичиги бўлмайди”, дейдилар. Шу маънода, ҳудудларда секторлар томонидан ёшу кексада бугунги кундан миннатдорлик ва розилик туйғуларини мустаҳкамлаш учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида эзгу мақсадлар мужассам экани қувонарлидир.

Одилбек ОДАМБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn