Саноатимиз салоҳияти кўзгуси
  • 29 Ноябрь 2017

Саноатимиз салоҳияти кўзгуси

Эркин иқтисодий зоналар — мамлакат инвестициявий жозибадорлиги кўзгуси. Мазкур омил ушбу манзилларда ишлаб чиқариш қувватларининг халқаро интеграциялашуви ҳамда бозор географияси кенгайишига хизмат қилади. Қолаверса, бу иқтисодиётнинг замон талабларига мослашуви, ишлаб чиқаришнинг юқори технологиялар билан жиҳозланиши имконияти ҳам демакдир.

Юртимизда илк эркин иқтисодий зонага 2008 йили Навоий шаҳрида асос солингани барчамизга маълум. Бу ерда ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти инновацион лойиҳалар асосида рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаб, ташқи бозорга чиқаришга йўналтирилган. Масканда чет эл сармояларини жалб қилиш, улар иштирокидаги корхоналар фаолиятини рағбатлантириш, ҳуқуқларини муҳофаза этиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилаётир. Натижада шу кунгача “Навоий” ЭИЗда 22 лойиҳани ўз ичига олган 17 та саноат субъекти фаолияти йўлга қўйилиб, жами 129,2 миллион АҚШ долларилик инвестиция киритилди. Шундан салкам 30 фоизи тўғридан-тўғри чет эл сармояларидир.

Хўш, маҳсулот рақобатдошлиги нимада намоён бўлади? Аввало, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмида! Ҳудудда эса бу борада қўлга киритилаётган ютуқлар салмоқли. Масалан, маҳсулот тайёрлаш кўрсаткичида юқори ўсиш суръатларига эришилаяпти. Экспорт миқдори ҳам ўтган йили 2014 йилдагига нисбатан уч баравар ортган.

— Президентимизнинг 2017 йил 7 августдаги “Эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатиши учун вазирликлар, идоралар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мувофиқлаштиришни кучайтириш ва уларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 25 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари барча жабҳани қамраб олган дастуриламал бўлаяпти, — дейди “Навоий” ЭИЗ директори Азамат Файзиев. — Уларга кўра, бундай манзилларда кластер ёндашувлардан кенг фойдаланган ҳолда, иштирокчилар ўртасида яқин кооперация алоқаларини йўлга қўйиш, маҳаллий хом ашё ҳамда материаллар асосида рақобатдош тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича илғор корхоналар ташкил қилиш кўзда тутилган. Қолаверса, ҳудудда жойлашган саноат субъектлари, инфратузилма объектларида янги иш ўринлари яратиш, шу асосда аҳоли бандлиги ҳамда даромадини оширишдек устувор вазифаларнинг аниқ механизм ва ижрочилари белгиланган. Албатта, мазкур ҳужжатлар мамлакатимизда ЭИЗлар учун тақдим этилган имтиёз ҳамда преференциялардан фойдаланаётган ҳар бир қатнашчи масъулиятини янада оширмоқда.

Халқаро тажрибадан маълумки, эркин иқтисодий зоналар маҳаллий кадрлар салоҳиятини юзага чиқарувчи субъектлар ҳамдир. Улар муттасил такомиллашув ва бозор мезонларига тезкор мослашувни талаб қилади. Айниқса, телекоммуникация соҳасидаги шиддаткор янгиликлар бунинг ёрқин ифодаси. Чунончи, 2010 йил “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси, “Telmax Elektroniks” ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда Сингапур давлатининг “Servetechno Pte. Ltd.” компанияси ҳамкорлиги натижасида ташкил этилган “Telecom Innovations” қўшма корхонаси дастлаб фақат DVB-T стандартидаги рақамли телевидение сигналларини қабул қилувчи қурилмалар тайёрлаган бўлса, 2012 йилдан “ZTE” корпорацияси билан ҳамкорликда ADSL-модемлар, кенг полосали тармоқдан фойдаланиш учун DSLAM қурилмалари, IPTV (Set-Top-Box)ни истеъмол бозорига тақдим этди. Бинобарин, 2015 йилдан корхона маҳсулотлари тури кўпайиб, “Servetechno. Pte. Ltd.” компанияси билан ҳамкорликда Android Smart TV BOX қурилмалари тайёрлаш ўзлаштирилди. Ўтган йили эса DSLAM телекоммуникацион қурилмасининг оптик элементлари ишлаб чиқарила бошланди.

— Маҳсулотларимиз рақобатдошлигини ошириш, истеъмолчилар талаб-истакларини тўлақонли қаноатлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини кенгайтириш мақсадида ISO — 2009 стандартлари асосида сифат менежмент тизимини жорий қилгандик, — дейди қўшма корхона бўлим бошлиғи Баҳодир Рустамов. — Айни пайтда эса кўзлаган марраларимиз янада юксак. Энди мақсадимиз ISO — 2015 стандартлари асосида харидоргир маҳсулотлар тайёрлашдан иборат. Ҳозир бу борада қизғин иш олиб борилаяпти.

Дарҳақиқат, “Telecom Innovations” фаолиятида қайд этилаётган ўсиш суръатлари барқарор. Бу ерда модернизациялаш лойиҳалари босқичма-босқич ҳаётга татбиқ қилинаяпти. Зеро, телекоммуникация қурилмаларининг янги-янги авлодини ўзлаштириш — давр талаби. Мисол учун, оптик толали тармоқлар учун ҳар хил турдаги оптик муфталар тайёрлаш импорт ўрнини босади ва ички бозорда улар нархининг арзонлашувини таъминлайди. Умумий қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳа қўшимча иш ўринлари яратиш имконини бериши билан ҳам катта аҳамиятга эга.

“Навоий” ЭИЗдаги “UzЕraeСable” Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонасига эса 2010 йилда асос солинган. Корея Республикаси ҳамда Италиянинг етакчи компаниялари технологиялари асосида жиҳозланган мазкур саноат субъектида автомобилларнинг электр тизимига мўлжалланган сим, шунингдек, аккумулятор жгути ва электрогенераторлар ўрами учун эмалланган сим ишлаб чиқарилади.

— Айни кунларда “MAN” автомобиллари учун ҳам электр симлари тайёрлашни ўзлаштириш ҳаракатидамиз, — дейди корхонанинг ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Ориф Шамсиев. — Бу орқали “Ўзавтосаноат” таркибидаги автомобиль заводлари эҳтиёжларини тўлиқ таъминлашни режалаштирганмиз.

“UzЕraeСable” — автосимларни текширувчи лаборатория ускуналари билан жиҳозланган Марказий Осиёдаги ягона корхона. Бу ерда тайёрланган маҳсулот 27 мезон асосида чуқур текширувдан ўтказилади. Унинг 2015 йилда “GMнинг энг яхши таъминотчиси” мукофоти билан тақдирланиши боиси ҳам шунда.

“Навоий” ЭИЗдаги минтақавий аҳамиятга эга корхоналардан яна бири Ўзбекистон ҳамда Хитой ишбилармонлари ҳамкорлигида ташкил этилган “HAYAT POWER CABLE SYSTEMS” қўшма корхонасидир. Бу ерга ўрнатилган дастгоҳ ва қурилмалар Хитой, Туркия, Финляндия каби мамлакатлардан келтирилган. Шу боисдан улар ёрдамида тайёрланаётган турли қувватларга бардошли кабель маҳсулотлари буюртмачилари сони кундан-кун ортаяпти.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ҳозирги кунда эса “Навоий” ЭИЗда умумий қиймати 37,8 миллион АҚШ долларига тенг иккита истиқболли лойиҳа доирасида кенг кўламли қурилиш жараёни давом этмоқда.

Имконият изланишга йўл очади. Интилиш эса ютуқлар пойдевори. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари асосида “Навоий” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган янгиланишлар юртимиз иқтисодий салоҳиятини, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn