Обиҳаётнинг бебаҳо инъоми: балиқчиликни ривожлантиришдаги янги саҳифа
  • 29 Ноябрь 2017

Обиҳаётнинг бебаҳо инъоми: балиқчиликни ривожлантиришдаги янги саҳифа

 

Соғлом, фаровон ва осуда ҳаёт инсон учун чинакам бойликдир. Тиббий нуқтаи назардан, озиқ-овқат рационида балиқ маҳсулотлари бир йилда ўртача 11-12 килограммни ташкил қилиши бу йўлда муҳим омил бўлиб, унинг бош мия фаолиятини яхшилаш, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, организмдаги моддалар алмашинуви жараёнида аҳамияти ниҳоятда катта. Қолаверса, балиқ эндокрин хасталиклар профилактикасида муҳим восита ҳисобланади. Уни ва мойи фармацевтика ҳамда омихта ем саноатининг муҳим хом ашёси бўлган балиқнинг айрим йирик турлари терисидан пойабзал, сумка ва бежирим камарлар ҳам тайёрлаш мумкин.

— Балиқ жигаридан олинадиган мой жуда шифобахш, — дейди доришунос Доно Хўжаева. — Унинг таркибидаги А ҳамда Д витаминлари рахит, сил касалликлари ва шабкўрликнинг олдини олишда катта ёрдам беради. Шунингдек, синган суяк битишини тезлаштириб, куйиш асоратларини бартараф этишда ҳам қўл келади. Чақалоқларнинг соғлом ўсишида балиқ мойининг ўрни беқиёс.

Юртимизни туризм марказларидан бирига айлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилаётган Мўйноқ туманидаги “Кўксув” кўли бўйида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган маҳоратли ошпазлар иштирокида “Орол балиқларидан 99 тур таом” халқаро гастрономик фестивали ўтказилди. Унда қатнашган ошпазлар томонидан дунёнинг Қозоғистон, Россия, Германия, Бельгия, Жанубий Корея, Хитой, АҚШ каби кўплаб давлатларидан ташриф буюрган сайёҳларга балиқдан 99 та эмас, 112 хил таом тайёрлаб, намойиш этилди.

Бундан кўринадики, балиқчилик меҳмонхона, фармацевтика, сайёҳлик каби ижтимоий йўналишлар равнақига ҳам катта туртки беради. Шу маънода, балиқни “Сув остидаги хазина”, десак, айни муддаодир.

Албатта, Ўзбекистоннинг океан ёки денгизлардан йироқлиги аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантиришда омилкорликни тақозо қилади. Шу сабабли, айниқса, охирги йилларда ишга солинмаган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, ушбу хазинани юзага чиқаришга алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилмоқда.

Хўш, айни пайтда республикамизда бу борада қандай амалий чора-тадбирлар кўрилаяпти? Истиқболдаги режалар нималардан иборат? Кутилаётган натижалар-чи?

Тармоқ истиқболи

Очиғи, яқин-яқингача мамлакатимизда балиқчилик тармоғи маълум маънода эътибордан четда қолаётган эди. Ваҳолонки, тармоқни ривожлантириш учун етарлича сув ресурслари мавжуд. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтда юртимизда балиқчилик хўжалигини юритиш мумкин бўлган сув ҳавзаларининг умумий сатҳи қарийб 400 минг гектарни ташкил этаётгани бунга мисолдир.

— Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 майда “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани айни муддао бўлди. Унга мувофиқ, тармоқда мутлақо янги тизимга асос солинди, — дейди “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Шуҳрат Раҳматов. — Натижада чавоқларни етиштиришдан тортиб балиқлар учун юқори оқсилли озуқалар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, ягона илмий-техник, технологик, инвестициявий ҳамда экспорт борасидаги лойиҳалар ижросига жадал киришилди.

Айни пайтда республикамизда 3500 дан зиёд балиқчилик хўжаликлари мавжуд бўлса, 2500 дан кўпроғи сунъий, қолганлари табиий сув ҳавзаларида фаолият юритаяпти. Жорий йилда улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар ҳажми 100 минг тоннага етказилиши кўзда тутилган. Бу кўрсаткич 2014 ва 2015 йилларда мос равишда 46,5 минг ва 60 минг тоннани ташкил қилган эди.

Индонезиянинг Денгиз масалалари ҳамда балиқ овлаш вазирлиги билан ҳамкорлик юзасидан баённома, Хитой Балиқчилик академияси билан Бухоро ва Навоий вилоятларида илмий жиҳатдан тажриба алмашиш бўйича баённома имзолангани соҳага чет эл технологияларини татбиқ этиш, ўзаро мутахассислар алмашинувини таъминлаш, лаборатория ташкил қилиш ишларини жадаллаштирмоқда. Хитойнинг Харбин шаҳрида Марказий Осиё давлатлари учун мутахассисларни ўқитиш, қайта тайёрлаш илмий маркази очилгани ҳам тармоқ истиқболини таъминлайди.

Республикамиз аҳолисининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи инобатга олиниб, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан балиқ етиштириш ҳажмини 2018 йил якуни бўйича 150 минг тоннага етказиш, кейинчалик янада кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбари қарорида, шунингдек, илмий тадқиқот ишларини янада такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш, илмий ҳамда техник янгиликларни тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида Балиқчиликни ривожлантириш илмий-тажриба станцияси Балиқчилик илмий-тадқиқот институтига айлантирилиб, “Айдар — Арнасой” кўллар тизими ва республиканинг бошқа ҳудудларида унинг филиалларини очиш белгиланди.

“Айдар — Арнасой” кўллар тизимининг умумий майдони 132 минг гектарни ташкил этади. Балиқчилик йўналишида узоқ йиллар хўжасизларча фойдаланилиши ҳамда балиқ кўпайтириш, тақсимлаш, овлаш ва сувости дунёсини ҳимоя қилиш вазифалари турли идоралар зиммасига юклатилгани туфайли Тўдакўлда балиқ маҳсулдорлиги гектарига тўрт ярим -килограммгача тушиб кетган эди.

Тўғри, сўнгги пайтларда Айдаркўл ҳавзасининг маълум қисми юзга яқин фермерларга ижарага берилган эди. Лекин улардан, бор-йўғи, 12 нафари ўз ишларини йўлга қўйди, холос. Овлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолаётганди. 2016 йилдан бошлаб кўрилган чора-тадбирлар натижасида эса сатҳи қарийб 3 минг гектарлик янги сунъий ҳовузлар ташкил этилиб, 900 га яқин янги балиқчилик хўжаликлари барпо қилинди.

Бугунги кунда дунё балиқчилик саноатида сунъий ҳавзалардан фойдаланиш жараёни ҳам жадал оммалашиб, истеъмол учун етказиб берилаётган балиқ ҳамда денгиз маҳсулотларининг асосий қисми уларнинг ҳиссасига тўғри келмоқда. Эндиликда хорижий тажрибаларни ўрганиш, интенсив технологияларни кенг жорий этиш ва балиқ етиштиришнинг юқори технологик усулларидан фойдаланишни даврнинг ўзи талаб қилаётир.

Вьетнам технологиясининг афзаллиги нимада?

Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига сафари чоғида Хива туманидаги “Болтабой оқсоқол” фермер хўжалиги мисолида балиқчиликда Вьетнам технологиясини қўллаш орқали парҳез маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш юзасидан бир қатор вазифаларни белгилаб берганди.

Маълумотларга кўра, Вьетнам балиқ экспорти бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Бу ерда йилига 7 миллиард АҚШ долларилик балиқ хориж давлатларига сотилади. Қолаверса, ҳозирги кунда жаҳонда етиштириладиган Осиё лаққасининг 50 фоизи ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келади.

Географик жойлашувига кўра, сув ресурсларига жуда бой Вьетнамда кўлларнинг умумий майдони 1,7 миллион гектарни ташкил этади. Сунъий ҳавзалар эса бугунги кунда 300 — 400 минг гектарга етказилган. Балиқчилик тармоғида хусусийлаштириш йўлга қўйилгани республикамиздаги хўжалик юритиш тизими билан ўхшаш.

Вьетнам технологияси увулдириқларни интенсив усулда етиштириш ҳамда ҳавзаларга юқори тиғизликда ўтказишга асослангани билан алоҳида ажралиб туради. Бундай усул балиқларнинг омихта ем сарфига нисбатан ривожланиш суръати юқорилиги, касалликларга чидамлилиги билан аҳамиятлидир. Оддий усулда бир гектар ҳавзадан ўртача 15 — 20 центнер балиқ олинса, Вьетнам технологиясида бу кўрсаткични 150 — 200 центнергача етказиш мумкин. Шу боис бу технологияни балиқчилик хўжаликларида кенг жорий қилиш халқимизни арзон ҳамда сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш, қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш орқали экспорт ҳажмини кенгайтириш имконини беради.

— Қарийб ўн йилдан буён бир қатор давлатларда интенсив технология асосида балиқ етиштириш билан шуғулланиб келамиз, — дейди Вьетнамнинг “Nguyen Duc Chi” компанияси раҳбари Нгуен Ван Чи. — Бу йил Хива туманидаги “Эшон Равот балиқ” фермер хўжалиги билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, уч турдаги 61 минг дона балиқ чавоғини парваришлаяпмиз. Хоразмда қиш совуқ бўлишини инобатга олиб, яқинда чавоқларни махсус қурилган иссиқхоналар ичидаги ҳовузларга кўчирдик. Кўп балиқлар таъмини татиб кўрганман. Аммо Хоразм балиғининг мазаси ўзгача. Бунга қуёш тафти, сувнинг зарарли кимёвий бирикмалардан холилиги ва фойдали минералларга бойлиги асосий сабаб бўлса, ажабмас. Технологиямиз бу ерда ҳам юқори самара беришига ишонаман. Келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, креветка, қисқичбақа каби импорт ўрнини босувчи денгиз маҳсулотларини етиштириш лойиҳаларини ҳам амалиётга татбиқ этмоқчимиз.

Республикамизга интенсив усулда балиқ етиштириш технологияси жадал кириб келиши аҳоли дастурхонини сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлашда қўл келади.

— Тўдакўл сув омбори ҳавзасида Вьетнам технологияси асосида йилига 1000 тоннадан зиёд балиқ етиштириш лойиҳасини жорий қилдик, — дейди “Аква Тўдакўл” қўшма корхонаси ҳаммуассисларидан бири — “Шамс-Навоий” фирмаси раҳбари Шавқиддин Жамолов. — Энди Навоий вилоятида балиқ етиштириш кўрсаткичи йилига 8,5 минг тоннага етказилади.

Шу кунларда “Аква Тўдакўл” қўшма корхонаси томонидан балиқ чавоғи етиштирувчи инкубацион цех, 250 тоннали музлаткичли омборхона, минг тонна балиқни қайта ишлаш, 400 тонна балиқ филеси ҳамда 350 тонна яримтайёр маҳсулот ишлаб чиқариш цехлари ташкил этишга киришилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 18,7 миллиард сўм бўлиб, шу асосда 90 га яқин иш ўринлари яратилади.

Вилоятда балиқчиликни сунъий ҳавзаларда “қафас” усулида ривожлантириш учун ҳам қулай имкониятлар мавжуд. Ҳудуддан ўтувчи Зарафшон дарёси бўйи ва табиий ҳавзалар атрофида Кармана, Навбаҳор ҳамда Қизилтепа туманларининг тадбиркорлари бу имкониятлардан самарали фойдаланишмоқда.

Шолизорда ҳам балиқ етиштириш мумкин

Бу қандай тажриба экан, деб қизиқаётгандирсиз? Гап шундаки, айни пайтда Хоразм вилоятида балиқ етиштиришда шоли майдонларидан фойдаланиш тажрибаси синовдан ўтказилаяпти. Мутахассислар фикрига қараганда, бу усул янада сердаромад ва қулайдир.

— Шоли 7 — 10 сантиметр бўй чўзгач, шолизорга балиқларнинг “Оқ дўнгпешона”, “Оқ амур”, “Сазан” турига мансуб чавоқларни ташладик, — дейди Янгибозор туманининг Боғолон қишлоғидаги “Хоразм фахри” фермер хўжалиги раҳбари Отабек Қурбонов. — 200 грамм балиқ чавоғи 75 кунда 1,5 килограмм тош босди. Бунинг яна бир афзаллиги балиқлар шолидаги ҳашаротлар ҳамда ёввойи ўсимликларни истеъмол қилади. Натижада кимёвий препаратларга сарфланадиган маблағни ҳам тежаб қолдик.

Ҳисоб-китобларга кўра, бир гектар майдонда шоли ва балиқ етиштириш учун ерни текислаш, уруғлик ҳамда чавоқ сотиб олиш, минерал ўғитлар ва омихта емга тахминан 12 миллион сўм атрофида маблағ сарфланаркан. Парвариш ҳамда озиқлантириш шартларига риоя этилса, 7-8 тонна шоли, 2 тонна балиқ етиштириш мумкин. Саккиз тонна шолидан 5 тонна гуруч олиб, унинг ҳар килограммини ўртача 4000 сўмдан ҳисобласак, 20 миллион сўм бўлади. Икки тонна балиқ эса ўртача 35 миллион сўм фойда келтиради. Демак, бир гектар ердан кўриладиган соф фойда 43 миллион сўмни ташкил қилади. Ана, сизга ҳақиқий тадбиркорнинг иш тутуми! “Қаловини топса, қор ҳам ёнади”, деганлари мана шу эмасмикан?!

Фермер бу билан чекланаётгани йўқ. Келгуси йил ушбу тажрибани 10 гектар майдонда қўллаш ниятида. Вилоятда ҳар йили асосий ва такрорий экин сифатида ўртача 50 минг гектар ерда шоли парваришланишини инобатга олсак, қўшимча тармоқдан келадиган фойдани ўзингиз чамалаб кўраверинг.

“Ташаббуснинг қаноти бор”, дейдилар. Хоразмлик миришкорлардан ўрнак олган сирдарёлик фермерлар ҳам ушбу лойиҳага жиддий киришишган. Вилоятдаги балиқчиликка ихтисослаштирилган 309 та корхона ҳамда фермер хўжалиги мавжуд бўлса, уларга 15,1 минг гектар ер майдони ажратилган. Шундан Мирзаобод туманидаги 90 гектар шолизорда келгуси йилдан бошлаб балиқ боқиш режалаштирилмоқда.

Барака — озуқада

Балиқчилик — етиштирувчи учун ҳам, қайта ишлаш саноати учун ҳам нисбатан янги соҳа. Бироқ уни ривожлантиришда соҳанинг давлат томонидан изчил қўллаб-қувватланаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Наманган вилоятида жорий йилнинг ўзида балиқчилик хўжаликларига 5343 тонна омихта ем ва 1300 тоннадан зиёд минерал ўғитлар етказиб берилди. Моддий томондан эса тижорат банклари уларга доимий кўмакдош. Пировардида балиқчилик билан шуғулланувчи ташаббускор юртдошларимиз янги-янги лойиҳаларни рўёбга чиқаришга интилмоқда.

Мингбулоқ туманидаги “Ҳотамобод” фермер хўжалиги раҳбари Фазлиддин Мамадалиев ана шундай изланувчан тадбиркорлардан бири. У бундан беш йил аввал Марказий Фарғонанинг чўл ҳудудида 105 гектар ерни ўзлаштириб, луқмаи ҳалол етиштиришни йўлга қўйган эди. Ҳозирги кунга келиб, унинг 2-3 километр жойдан сув тортиб келиб ташкил қилган 15 та сунъий кўлида балиқ парваришланмоқда. Ўтган йили хўжаликнинг истеъмол бозорига етказиб берган парҳез маҳсулоти 120 тоннадан ортди. Бу йилги мавсумда 200 тонналик маррани забт этиш кўзда тутилган.

— Хўжаликни оёққа турғазиш баробарида, соҳа ривожи билан боғлиқ муаммоларни ҳам ҳал қилиб боришга тўғри келаяпти,— дейди Ф. Мамадалиев. — Масалан, парваришланаётган балиқ учун протеин ва бошқа витаминлар билан тўйинтирилган махсус озуқа талаб этилади. Амалда бизга тавсия қилинаётган омихта емнинг тўйимлилик ҳамда натижадорлиги ҳамиша белгиланган даражада бўлавермайди. Бунинг устига таъминотдаги узилишлар балиқларнинг ривожини ортга суради. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида самараси юқори бўлган озуқа маҳсулоти тайёрлаш лойиҳасини ишлаб чиқиб, ижросини ниҳоясига етказаяпмиз. Таркиби буғдой, маккажўхори, арпа, шоли қипиғи, янтоқ, соя сингари 12 турдаги хом ашёдан иборат бўлган махсус озуқа балиқ ривожини сезиларли даражада тезлаштиришдан ташқари, маҳсулдорликни 30 — 50 фоиз кўтаради.

Янги турдаги озуқа хорижнинг замонавий технологияси ёрдамида ишлаб чиқарилади. 1,5 миллиард сўм сармоя эвазига Хитойдан келтирилган дастгоҳ ва ускуналар ёрдамида соатига 5 тонна, кунига 100 тоннадан ошириб маҳсулот тайёрлаш мумкин. Маълумот учун айтиш лозимки, ойига 3000 тоннадан ортадиган озуқа вилоятдаги мавжуд балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжини бемалол қоплайди. Мазкур йўналишни яқин кунлар ичида ҳаракатга келтириш мўлжалланаяпти.

Вилоятдаги балиқчилик хўжаликлари фаолиятини мувофиқлаштириб келаётган “Наманганбалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги уюшма бундай ташаббусларни қўллаб-қувватламоқда. Айни чоғда уюшма томонидан маҳсулот экспортини кучайтириш, балиқ таомлари тайёрлашга ихтисослаштирилган ошхоналар ҳамда махсус балиқ бозори ташкил этиш сингари вазифаларни ўз ичига олган лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилаяпти.

Бундан ташқари, шу кунларда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бир қатор корхоналар ташкил қилинмоқда. Хусусан, Ёзёвонда хитойлик мутахассислар иштирокида балиқлар учун озуқа етказиб берувчи корхона қурилди. “Фарғонабалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти ва Хитойнинг “Xualong Silialo” компанияси билан имзоланган меморандумга мувофиқ, барпо қилинган корхонада соатига 4 — 8 тонна гранулалаштирилган омихта ем тайёрлаш имконияти вужудга келди.

Балиқчилик тармоғининг равнақи нафақат иқтисодиётимиз ривожи учун, балки аҳолига парҳезбоп ҳамда витаминларга бой маҳсулотлар етказиб бериш ва уларнинг бандлигини таъминлашда ҳам айни муддаодир. Шундай экан, мазкур йўналишдаги ҳар бир ҳаракат жуда муҳим. Натижага эса омилкорлик билан эришилади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn