Самарқанд автомобиль заводида ўттиз мингинчи автомобиль ишлаб чиқарилди
  • 25 Ноябрь 2017

Самарқанд автомобиль заводида ўттиз мингинчи автомобиль ишлаб чиқарилди

Мазкур йирик саноат корхонаси 2006 йилдан буён Япониянинг “Isuzu Motors” компанияси ва “Itochu” корпорацияси билан ҳамкорликда фаолият юритмоқда. Дастлаб бу ерда икки турдаги автобус ҳамда уч турдаги юк автомобиллари ишлаб чиқарилган бўлса, айни пайтга келиб, замонавий автобуслар тури 5 тага, юк ва махсус автомобиллар тури эса 7 тага етди.

Ўз навбатида, улар учун 30 дан ортиқ турдаги кузовлар ясаш ўзлаштирилди. Эътиборлиси, ушбу транспорт воситаларига нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб юқори. Негаки, завод ISO 9001, ISO 14001, OHSAS 18001 стандартларига жавоб берувчи халқаро сертификатларга эга.

Замон билан ҳамқадам фаолият — рақобатдошлик кафолати. Бугун дунёнинг исталган нуқтасида юк ҳамда йўловчи ташишда хавфсиз, атроф-муҳитга таъсири кам, энг асосийси, энергия тежамкор транспорт воситаларидан фойдаланишга талаб ортаётир. Шу маънода, корхонада 2011 йилдан бошлаб сиқилган табиий газда ишловчи двигателлар ўрнатилган автомобиллар ишлаб чиқарила бошланиши муҳим янгилик бўлди.

Заводнинг 30 мингинчи автомобили — “SAZ HC45” русумли автобус ҳам ана шундай афзалликка эга. Яъни у сиқилган табиий газда ҳаракатланади. Модель муаллифлари — ўзимизнинг мутахассислар, ўзбек конструктор-муҳандислари.

“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти, Япониянинг “Isuzu Motors” компанияси ва “Itochu” корпорацияси вакиллари, завод жамоаси ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтказилган тақдимот маросимида сўзга чиққанлар маҳсулотнинг юқори технологик кўрсаткичлари ҳамда замонавий дизайнини эътироф этишди.

— Ҳамкорларимиз билан алоқаларимиз кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда, — дейди “Isuzu Motors” компанияси вакили Казуо Года. — Шунга мувофиқ ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулотларимиз турини кўпайтиришга эришаяпмиз. Чунки бугунги давр ҳамиша янгиликка интилишни талаб қилади. Истиқболли лойиҳалар устида изланишдан тўхтамаймиз. Бундан икки йил аввал заводнинг 20 мингинчи автомобили чиқарилишини биргаликда нишонлаган бўлсак, мана, ҳозир 30 мингинчи автомашина тақдимотига гувоҳ бўлаяпмиз. Келгусида бу анъана янада юксак натижалар билан давом этишига тилакдошмиз.

Тақдимот маросимида иштирокчилар заводдаги технологик жараёнлар билан танишди.

Ринат АБДУЛЬМАНОВ,

Ўз мухбиримиз.

Бахтиёр АКРАМОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn