Тадбиркор ортиқча ташвиш чекмайди
  • 25 Ноябрь 2017

Тадбиркор ортиқча ташвиш чекмайди

 

Жорий йил деҳқону миришкорлар учун омадли бўлди. Етиштирилган ҳосилнинг чўғи баланд, бозори чаққон. Хоҳласа ички, хоҳласа ташқи савдони амалга ошириши мумкин. Биргина Сурхондарё вилоятининг ўзида йил бошидан буён 60 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. Йил охиригача бу кўрсаткич яна бир неча минг тоннага кўпаяди. Муҳими, энди тадбиркорлар маҳсулотлар экспортига оид қонунчиликдан яхши хабардор. Бунда божхона органлари томонидан ўтказилаётган тарғибот тадбирларининг аҳамияти катта.

Яқинда Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан “Термиз Карго Центр” ҳудудида уюштирилган сайёр қабул кун тартибидаги асосий масала ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ташқи савдосига бағишланди. Унда замин неъматларини четга олиб чиқишда божхона кўриги махсус марказларини ташкил этиш, совиткичли омборхоналарга маҳсулотларни юклаб жўнатиш йўл-йўриқлари муҳокама этилиб, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари таклиф-мулоҳазалари тингланди. 

Мазкур жараёнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони, “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларида кўзда тутилган имтиёзлар қўл келаётир. Масалан, тадбиркорлик субъектларига экспорт шартномаларини тузмасдан уларнинг тўлови ва етказиб берилиши бўйича шартларга риоя қилган ҳолда инвойс асосида -қиймати 20 минг АҚШ долларигача бўлган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳуқуқи берилганлиги, бундан ташқари, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига божхона юк декларациясини расмийлаштириш жараёни кўрик ҳужжати тузилганидан кейин 3 соатдан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилиши ишбилармонлар учун катта қулайлик бўлди. Шу билан бирга, сифати тез бузиладиган ноз-неъматлар экспорти учун сертификат бериш муддати ҳужжатлар тақдим қилинган вақтдан бошлаб бир иш кунига қадар қисқартирилди. Бинобарин, 2017 йил 1 декабрдан экспорт амалиёти бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзи ҳосил бўлишини ҳисоблаш муддати узайтирилди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган товарлар божхона қийматини тасдиқлаш учун экспорт-божхона юк декларацияси мажбурий тақдим этиш талаби бекор қилинди. 

Қолаверса, аввалги тартибга кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан товарларни “вақтинча олиб кириш” божхона режимига расмийлаштириш ҳамда ушбу товарларни қайтариб олиб чиқишда реэкспорт божхона режимига расмийлаштириш учун алоҳида-алоҳида рухсатнома олиш талаб этилар эди. Шу йил 1 декабрдан бошлаб эса фақат “вақтинча олиб кириш” божхона режимига рухсатнома олиш кифоя. Уларни реэкспорт қилишда энди рухсатнома талаб этилмайди.

Тадбир давомида иштирокчиларга ана шу ўзгариш ва янгиликлар мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. 

Гавҳар МАҲМУДХОНОВА,

Сурхондарё вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати катта инспектори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn