Охирги беш йилда товар белгилари бўйича қарийб 13,4 мингта талабнома келиб тушди
  • 21 Ноябрь 2017

Охирги беш йилда товар белгилари бўйича қарийб 13,4 мингта талабнома келиб тушди

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигидан маълум қилишларича, охирги беш йилда товар белгилари бўйича қарийб 13,4 мингта талабнома келиб тушган. Шундан салкам 3 мингтаси хорижий талабнома берувчилар улуши тўғри келгани, миллий талабнома берувчилар томонидан бўлган мурожаатларнинг эса 74 фоизи тадбиркорлик субъектларига тегишли эканлиги диққатга сазовор.

Товар белгиси тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг турдошларидан фарқлашга хизмат қиладиган брендгина эмас, балки интеллектуал мулк объекти ҳисобланади. Шу  боис у миллий ва халқаро қонунчиликка мувофиқ, ҳимоя қилинади. Ундан фақат эгасининг розилиги ёки сотиб олиш орқали фойдаланиш мумкин. Бироқ айрим тадбиркорлар тез танилиш, мўмай даромад олиш илинжида машҳур товар белгиларидан ўз ҳолича, баъзилари эса жузъий ўзгартириш киритиб қўллаётгани учраб турибди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида ғирром рақобат маҳсули бўлган 75 та ана шундай иш судда кўриб чиқилгани бунга яққол мисолдир.

— Бизнесда юқори натижаларга эришмоқчи бўлган тадбиркорлар, энг аввало, ўзига хос товар белгиси ҳақида жиддий ўйлаб кўриши керак, — дейди Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директори Алишер Файзуллаев. — Лекин тадбиркорлик субъектларининг ҳаммаси ҳам бундай интеллектуал мулк объекти келажакда даромад олиш учун катта имкониятлар тақдим этиш қимматига етарлича баҳо беришаётгани йўқ. Ваҳолонки, бозорда ҳуқуқий муҳофаза остида бўлган маҳсулотларга талаб ортган ҳолларда у қимматли активга айланиши мумкин. 

Айтиш жоизки, товар белгилари Ўзбекистон Республикасининг “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Интеллектуал мулк агентлиги томонидан рўйхатга олиниб, ҳимоя қилинади. 

Мутахассисларнинг айтишича, товар белгилари 10 йил муддатга берилади. Келажакда уни сақлаб қолиши ёки ўзгартириш мулк эгалари ихтиёрига ҳавола. 

Қувонарлиси, илгари, асосан, республикамиз ҳудудида товар белгилари ҳимояси бўйича талабномалар тушган бўлса, эндиликда чет элларда интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш юзасидан таклифлар ҳам кўпаймоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 20 га яқин тадбиркорлик субъектлари томонидан шундай мурожаатлар бўлган. Улар орасида “Imzo” “Akfa”,  “Artel” сингари машҳур брендлар ҳам бор. 

Зотан, товар белгилари тадбиркорнинг бозордаги имижини яратиш, маҳсулот ва хизматларнинг рақобатдошлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. 

Саид РАҲМОНОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn