Истиқболли лойиҳалар самараси
  • 24 Май 2014

Истиқболли лойиҳалар самараси

мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг тобора юксалишига хизмат қилмоқда

Президентимиз Ислом Каримов жорий йилнинг 25 апрель куни Қорақалпоғистон Республикасидаги Устюрт газ-кимё мажмуасига ташриф буюриб, у ерда амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишар экан, Сурғил кони негизида бунёд этилаётган ушбу мажмуа нефть-кимё соҳасида дунёдаги энг йирик лойиҳалардан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.

Чунки у ишга туширилгач, йилига 4,5 миллион куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз бензини ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти юзага келади.

Дарҳақиқат, юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити Оролбўйида ҳам кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбига кенг йўл очмоқда. Мисол учун, ўтган йили мазкур ҳудуднинг иқтисодиёт тармоқларига киритилган жами инвестициялар ҳажми 2366,0 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 662,3 миллиард сўмга етди. Пировардида янги саноат тармоқлари, кичик бизнес субъектлари ташкил этилиши, мавжуд қувватлар модернизация қилиниши баробарида, кўплаб ёшларнинг иш билан бандлиги таъминланди.

Бундан тўрт йил муқаддам Нукус шаҳрида фаолият бошлаган МЧЖ шаклидаги “Orient Technology” қўшма корхонаси — шулардан бири. 11 миллиард сўм маблағ эвазига амалга оширилган мазкур лойиҳа айни пайтда йилига 4800 тонна терини қайта ишлаш имконини бераяпти. Эътиборлиси, корхона жамоаси ўтган йили 225,1 минг АҚШ долларилик маҳсулотни чет эллик буюртмачиларга етказиб берган бўлса, жорий йилда бундай муваффақиятлар кўламини янада кенгайтиришни мақсад қилган.

— Яқинда Италиядан 75 минг АҚШ долларилик замонавий технологиялар келтирилиб ўрнатилди, — дейди корхона раҳбари ўринбосари Илҳомжон Расулов. — Мазкур ускуналар ёрдамида тери қавати узунасига турли ўлчамда кесилади. Дастгоҳлар ойига 15 минг дона терини ана шу усулда қайта ишлаш қувватига эга. Эътиборлиси, бу ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ортишига хизмат қилмоқда.

Ҳозир корхонада яратилган янги иш ўринларида 25 нафар ёш банд.
Яна бир илғор ишлаб чиқариш субъекти — Нукус туманидаги “Ақманғит-баян” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонанинг биринчи навбати жорий йилда ишга туширилди. У Хитой давлати билан ҳамкорликда юртимизда табиий ҳолда ўсадиган доривор қизилмия ўсимлигидан йилига 120 тонна экстракт олишга ихтисослаштирилган.

— Корхонамизда қиймати 1 миллион 600 минг АҚШ долларилик замонавий хориж технологияси ўрнатилиб, асосан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидан иборат 30 киши ишга қабул қилинди, — дейди МЧЖ раҳбари Ражаббой Турсунбоев. — Айни пайтда ойига 10 тонна маҳсулот тайёрланмоқда. Хом ашё, яъни қизилмия илдизи фермер хўжаликлари билан тузилган шартнома асосида етказиб берилмоқда. Ишнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида жамоамизнинг ўзи келгусида 509 гектар ерда қизилмия етиштирмоқчи.

Шу тумандаги “Нукус-балиқ” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси эса “Нукус балиқчилик тажриба заводи” негизида ташкил этилган бўлиб, унинг Низом жамғармаси 567 минг АҚШ долларига тенг. Корхонада йилига 20 миллион дона балиқ чавоғи парваришланади.

— Бинобарин, корхонамиз қошида қизилмия илдизи экспорти билан шуғулланувчи “Оқманғит лакрица” масъулияти чекланган жамияти ҳам ишлаб турибди, — дейди “Нукус-балиқ” қўшма корхонаси етакчиси Нурмуҳаммад Примбетов. — Бу жамият томонидан 2011 йили 70490 АҚШ долларилик 74,2 тонна, 2012 йилда 355716 АҚШ долларилик 343 тонна, 2013 йилда эса 217260 АҚШ долларилик ва 461330829 сўмлик 389,7 тонна қизилмия илдизи хорижга сотилди. Жорий йилда йилига 15 миллион дона пишиқ ғишт ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган завод қурилишини ҳам режалаштирганмиз. Бу билан қўшимча яна 35  киши иш билан таъминланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодиётни янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Бунда, табиийки, хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали истиқболли лойиҳалар амалиётга жорий қилинаётгани муҳим омил бўлмоқда. 

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn