Ўзбекистон ишбилармонлари халқаро саноат ярмаркасида
  • 24 Май 2014

Ўзбекистон ишбилармонлари халқаро саноат ярмаркасида

СИАН шаҳри, 23 май. ЎзА махсус мухбири Ирода УМАРОВА хабар қилади.

Хитойнинг Шаньси провинцияси Сиан шаҳрида 23 май куни Халқаро саноат ярмаркаси очилди. Унда Ўзбекистоннинг бир гуруҳ ишбилармонлари ҳам иштирок этмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида саноат тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, экспортни қўллаб-қувватлаш борасида изчил амалга оширилаётган ишлар самарасида мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти юксалиб бормоқда. 2013 йилда экспорт ҳажмининг ўсиши 10,9 фоиздан иборат бўлди. Умумий экспорт ҳажмининг 72 фоиздан ортиғи тайёр товарлар ҳиссасига тўғри келди.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 8 августдаги қарорига асосан, Ўзбекистон  Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бу соҳадаги ишларни янада ривожлантириш, мамлакатимиз корхоналарини экспорт фаолиятига жалб этиш, уларнинг маҳсулотларини ташқи бозорларга йўналтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида филиалларига эга бўлган мазкур жамғарма тадбиркорларнинг халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиши, чет эллик ҳамкорлар топиши ва шартномалар тузиши, хорижий давлатлар қонунчилигига мувофиқ, лицензия ва сертификатлар, бошқа рухсатномалар олишида ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатмоқда. Жамғарма томонидан олтмишга яқин хорижий ташкилот билан ҳамкорлик ўрнатилгани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ўз маҳсулотларини экспорт қилишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Мазкур жамғарма кўмагида юртимиз ишлаб чиқарувчилари чет элларда ўтказилаётган йирик халқаро кўргазма-ярмаркаларда иштирок этиб, маҳсулотлари экспортининг жуғрофиясини кенгайтириш, харидорлар топиш ва шартномалар тузишга муваффақ бўлмоқда. Хитойда очилган Халқаро саноат ярмаркаси ҳам мамлакатимиз ишбилармонлари учун ана шундай имконият яратади.

Халқаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мақсадида илк бор ташкил этилган мазкур саноат ярмаркасида Канада, Германия, Италия, Испания, Ўзбекистон, Австрия, Венгрия, Кипр, Австралия, Филиппин, Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Иордания, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Туркманистон каби 35 мамлакатдан компания ва концернлар, саноат корхоналари ва савдо ташкилотлари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда. Сиан шаҳрининг Чюцзан халқаро кўргазмалар марказида ўтказилаётган ушбу нуфузли ярмаркада Ўзбекистон маҳсулотлари ўзига хос дизайни, рақобатбардошлиги ва кенг ассортименти билан ажралиб турибди.

— Яратилаётган қулай имкониятлар туфайли мамлакатимизда ўз маҳсулотларини экспорт қилиш истагидаги ишбилармонлар тобора кўпайиб бормоқда, — дейди Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маркетинг тадқиқотлари ва ташқи бозорларни ўрганиш бўлими бошлиғи Камолиддин Нурматов. — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда уларга ҳар томонлама кўмак беришга, йирик саноат ярмаркаларида иштирокини кенгайтиришга ҳаракат қилаяпмиз.

Мазкур халқаро ярмаркада мамлакатимизнинг машинасозлик, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ва картон-қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мебелсозлик, кўнчилик, кимё саноати, сармоя ва меҳмонхона хўжалиги каби тармоқларда фаолият юритаётган етмишдан ортиқ компания ва корхоналари иштирок этмоқда. “Yagona Hamkor Nuri”, “Mumtoz Lyuks Tekstil”, “Fabrika Namuna”, “Pokizaхon”, “Shukur Toji Baraka”, “Nukus Agro”, “Farg`ona Kimyo Zavodi”, “Saxovat-Teks”, “Хorazm Gilamlari”, “Kinder Fruits”, “NBU Invest Group”, “Quva Qandolatlari”, “Vodiy Muzqaymog`i”, “Andburservis”, “Istiqlol Sanoat Medservis” каби саноат муассасалари шулар жумласидандир.

— Корхонамиз мамлакатимизда етиштириладиган турли ўсимликлардан, ёнғоқ, узум, ўрик ва бодом данакларидан ёғ ишлаб чиқаради, — дейди “Shukur Toji Baraka” хусусий корхонаси директорининг ўринбосари Неъматилла  Каримов. — Ҳеч қандай кимёвий воситаларсиз тайёрланадиган, юқори сифатли маҳсулотларимиз хорижликларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Мазкур ярмаркада ҳамкорлар топиб, ўз маҳсулотимизни экспорт қилиш ниятидамиз. Келгусида маҳсулотларимиз турини янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Хусусан, тиббиёт, пардоз-андоз ва қандолатчилик йўналишларида ишлатиладиган махсус кукунлар ишлаб чиқаришни мўлжаллаяпмиз. Биз, тадбиркорларнинг эркин ва муваффақиятли фаолият юритиши йўлида барча зарур шароит яратиб берилаётгани учун Президентимиздан миннатдормиз.

Ярмаркада мамлакатимиз тадбиркорлари томонидан намойиш этилаётган маҳсулотлар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Шунингдек, чет эллик ишбилармонларга Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳит ҳақида маълумот берилмоқда.
— Ўзбекистоннинг саноат соҳасидаги улкан салоҳияти билан яқиндан танишдим, — дейди Хитойнинг Цзяоцзо шаҳри савдо ташкилоти раисининг ўринбосари Фу Шиао Вен. — Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юксак сифати, ўзига хос дизайни ва халқаро андозаларга тўла мослиги билан бизга жуда манзур бўлди. Айниқса, “MMM” хусусий корхонасида тайёрланган гиламлар ҳавасимни тортди. Тўғрисини айтсам, мўйна ва чармдан ишланган бундай гўзал гиламларни аввал учратмаган эдим. Ушбу корхона билан ҳамкорлик қилишга келишиб олдик.

Бугунги кунда мамлакатимизда юзлаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотини “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан экспорт қилаётир. Мазкур Халқаро саноат ярмаркасида иштирок этаётган “Yagona Hamkor Nuri” корхонаси ҳам ана шундай саноат субъектларидан.
— Фақат пахта толасидан бўлган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз, — дейди корхона директори Санобар Носирова. — Маҳсулотларимизни бир неча мамлакатга экспорт қиламиз. Ушбу саноат ярмаркасида қатор хорижий ишбилармонлар билан музокара ўтказиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги таклифларини ўрганаяпмиз.

Сиан халқаро саноат ярмаркаси турли мамлакатлар ишбилармонлари билан савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун яхши имкониятдир. Мамлакатимиз тадбиркорлари бундан самарали фойдаланиб, ўз маҳсулот ва хизматларини экспорт қилиш бўйича келишувларга эришмоқда.
Ярмарка 26 майга қадар давом этади.

(ЎзА).

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn