Модернизация: Ривожланишнинг дадил одимлари
  • 24 Май 2014

Модернизация: Ривожланишнинг дадил одимлари

Навоий вилояти саҳронинг олтин тўла сандиғига қиёсланиши бежиз эмас. Чунки бу замин ер ости хазиналарига бой. Қизилқум бағридан қазиб олинаётган кўплаб турдаги нодир маъданлар ўзининг юқори сифати, ноёб хусусиятлари билан дунёда етакчи ўринларни банд этиб келади. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудда тоғ-кон саноатининг жадал ривожланишига хизмат қилаётир.

Эътиборлиси, кейинги йилларда воҳада бундай истиқболли соҳалар кўлами кенгайиб, ишлаб чиқаришнинг машинасозлик, тўқимачилик, қурилиш, энергетика, кимё каби муҳим тармоқларида ҳам катта муваффақиятларга эришилаяпти. Масалан, ҳозирги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тармоқларига етказиб берилаётган азотли минерал ўғитларнинг 40 фоизга яқини Навоий вилояти ҳиссасига тўғри келиши, қолаверса, бу турдаги рақобатбардош маҳсулотлар жаҳон бозорида ҳам тобора харидоргир бўлиб бораётгани ҳудуднинг иқтисодий имкониятлари, экспорт салоҳияти йил сайин юксалиб бораётганидан далолат беради.

Қўлга киритилаётган бундай ютуқларда “Navoiyazot” очиқ акциядорлик жамияти жамоасининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Негаки, бу ерда тайёрланаётган 70 дан ортиқ турдаги аммиакли селитра, азотли-фосфорли ўғитлар, нитрон толаси, метанол, хлор, унифлок, полиакриламид каби кимёвий хом ашёларнинг аксарияти айни кунда йигирмадан ортиқ хорижий давлатга экспорт қилинаяпти. Чунончи, “Navoiyazot”да биргина ўтган йилнинг ўзида қарийб ярим триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, шундан асосий қисми чет эллик буюртмачиларга жўнатилди.

Албатта, саноат ривожини техник ва технологик янгиланишларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис корхонада ишлаб чиқариш тармоқларини илғор ва замонавий дастгоҳлар билан жиҳозлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда жамиятда 10 дан зиёд истиқболли лойиҳа доирасида улкан бунёдкорлик, модернизациялаш ишлари изчил давом эттирилаяпти.

Йилига 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуани барпо этиш лойиҳаси — шулардан бири. Бугун “Ўзкимёсаноат” ДАК, “Ўзкимёсаноатлойиҳа” ОАЖ ва корхонанинг етук мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа доирасида мажмуани қурувчи компанияларни танлаш ишлари олиб борилаяпти. Бундан ташқари, “Navoiyazot”да поливинилхлорид ва каустик сода ишлаб чиқарувчи янги мажмуани ҳам бунёд этиш кўзда тутилган. Бу — келгусида қарийб 260 миллион долларга тенг импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш имконияти юзага келади, деганидир.

Яна бир эътиборли жиҳати, жамиятда азот кислотаси ишлаб чиқариш борасида амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган.
— Жорий йилда ҳам Инвестиция дастури доирасида аммиак ва карбамид, ПВХ, каустик сода, метанол каби кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида салмоқли капитал қўйилмаларни ўзлаштирамиз, — дейди “Navoiyazot” ОАЖ бўлим бошлиғи Жасурбек Йўлдошмуродов. — Шу билан бирга, йил давомида эскирган ускуналарни замонавийлари билан алмаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу мақсадлар учун 5,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
Дарҳақиқат, изланиш — муваффақиятлар омили. Мутахассислар эътирофича, ўн бир мингга яқин киши меҳнат қилаётган мазкур корхонада белгиланган истиқболли лойиҳаларнинг муваффақиятли рўёбга чиқарилиши туфайли 2017 — 2019 йилларга бориб, маҳсулот тайёрлаш қуввати 2,6 баравар ортиши баробарида, кимёгарлар сафи яна минглаб ёш мутахассислар билан кенгаяди.

Азамат  ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn