Агрологистика маркази қурилиши бошланди
  • 16 Ноябрь 2017

Агрологистика маркази қурилиши бошланди

Қамчиқ довони орқали ўтган Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишнинг ҳам қулай имкониятларини юзага келтирди.

Шу аснода Поп шаҳрида “Namangan agro logistic” масъулияти чекланган жамиятининг логистика маркази қурилиши бошланди.

— Лойиҳа йилига 3 минг тонна маҳсулотни сақлаш ва 7 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлашга мўлжалланган, — дейди МЧЖ раҳбари Яҳёхон Ҳамдамов. — Дастлабки босқичда соатига 2 тонна гилос ҳамда 6 тонна олмани саралаш ва қадоқлаш қувватига эга технологияларни ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, бу юмуш келгуси йилнинг баҳорида ниҳоясига етказилади.

Айни жараёнда уч минг тонна сиғимга эга совиткичли омборлар ҳам бунёд этилади. Кейинги босқичда эса Жанубий Корея усулида иссиқхона қуриш ҳамда 3 гектар майдонда малиназор яратиш кўзда тутилган. Италия технологиясига асосланган қайта ишлаш цехида эса бир кеча-кундузда 7 тонна шарбат концентрати тайёрланади.

Логистика марказидаги дастгоҳлар дастлабки пайтда аҳоли ва фермер хўжаликларидан қабул қилинган хом ашё ҳисобига фаолият юритса, бу ерда ташкил этиладиган 200 гектарлик интенсив боғ ҳосилга киргач, мажмуа ўзини ўзи мева-сабзавот билан таъминлашга ўтади. Марказнинг тўлиқ ишга туширилиши эса 250 киши ишли бўлади, дегани. Тижорат банкининг 17 миллион 700 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағи йўналтирилаётган мазкур иншоот лойиҳаси жорий йил июль ойида давлатимиз раҳбари томонидан Наманган вилоятига ташрифи чоғида қўллаб-қувватланган эди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn