“Ўзэкспомарказ”да “Марказий Осиё саноат ҳафталиги — 2017” лойиҳаси иш бошлади
  • 15 Ноябрь 2017

“Ўзэкспомарказ”да “Марказий Осиё саноат ҳафталиги — 2017” лойиҳаси иш бошлади

“Ўзэкспомарказ” мажмуида “Марказий Осиё саноат ҳафталиги — 2017” лойиҳаси иш бошлади.  Мазкур халқаро анжуман доирасида саноатимизнинг етакчи тармоқларига ихтисослаштирилган бир йўла тўртта кўргазма ўтказилаётгани унинг аҳамиятини янада оширмоқда. Булар “Кончилик ускуналари — Mining World Uzbekistan — 2017”, “Металлургия. Машинасозлик дастгоҳлари — Machinery Central Asia — 2017”, “Транспорт ва логистика — TransUzbekistan — 2017”, “Қўриқлаш, хавфсизлик ва ёнғинга қарши ҳимоя — Securika Central Asia — 2017” халқаро кўргазмаларидир. 

Ташкилотчиларнинг айтишича, мавзу ва кўлами жиҳатидан ниҳоятда кенг бўлган форум бир-бирига яқин тармоқлар ютуқларини намойиш қилиш билан чегараланмайди, балки улар ўртасида кооперацияни ривожлантириш, юртимиз ва хорижий ишбилармонлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу маънода, у истиқболда саноат салоҳияти ҳамда экспорт ҳажми ошишида муҳим бизнес мулоқоти майдони вазифасини ўтайди. 

Халқаро анжуманнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, кейинги пайтда иқтисодиётимизни таркибий ўзгартириш, айниқса, саноатни диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришга инновацион ишланма ва илғор технологияларни жорий этишга устувор аҳамият қаратилаяпти. 

Халқаро кўргазмаларнинг бу галги  бирлашган экспозициясида Австралия, Бельгия, Германия, Дания, Испания, Италия, Хитой, Польша, Россия, Швейцария, Жанубий Корея, Туркия, Чехия, Озабайжон, Латвия, Литва, Беларусь, Голландия сингари дунёнинг ўнлаб давлатларидан 150 га яқин фирма ва компаниялар ўзларининг замонавий техника ва ускуналари билан иштирок этаётир. 

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик соҳасида юксак натижаларни қўлга киритаяпти. Бу эса чет элликларда саноатнинг мазкур жабҳаларида ҳам ҳамкорлик қилиш, биргаликда истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилишга ундаётир. Бунга юртимиз ва Чехия Республикаси ўртасидаги тенг манфаатли муносабатлар ёрқин мисолдир. 

Чиндан ҳам, мамлакаткалримиз ўртасидаги савдо-сармовий алоқалар йил сайин кенгаймоқда. Машинасозлик, энергетика, кимё, нефть-газ соҳалари учун технология ва ускунлар, автоматлаштирилган қурилмалар етказиб бериш ҳамкорликнинг устувор йўналаши ҳисобланади. Томонлар келгусида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини муттасил ошириш, ишбилармонлар эса янги ҳамкорлар топишдан манфатдордирлар. “Металлургия. Машинасозлик дастгоҳлари — Machinery Central Asia — 2017” кўргазмасида чехиялик ишбилармонлар миллий стенди билан иштирок этаётгани бу борадаги интилишларнинг амалий ифодасидир. 

Уч кун давом этадиган мазкур халқаро анжуман юртимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқлари ютуқлари намойиш этиш орқали халқаро алоқаларни кучайтириш, тизимдаги корхоналарнинг фаолиятини келгусида  янада ривожлантиришдек эзгу мақсадларга қаратилган. 

Саид РАҲМОНОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn