Асаларичилик: ҳам дармон,  ҳам даромад
  • 03 Ноябрь 2017

Асаларичилик: ҳам дармон,  ҳам даромад

Мамлакатимизда улкан ўзгаришлар, янгиланишлар юз бермоқда. 

Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар ижтимоий-иқтисодий соҳаларни тубдан ислоҳ этиш баробарида, барчани фидойилик билан ишлашга ундамоқда. Мақсад ягона: у ҳам бўлса, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, фуқароларни ҳаётдан рози қилишдир.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори иқтисодий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжатни соҳа мутахассислари, фермеру деҳқонлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари, қўйингки, халқимиз катта мамнуният билан кутиб олди.

Шерали СУЯРҚУЛОВ, Фарғона вилояти асаларичилар уюшмаси раиси: 

— Давлатимиз раҳбари шу йил 22 июнь куни вилоятимизга ташрифи чоғида Фарғона асаларичилик ишлаб чиқариш марказида бўлиб, бу ерда амалиёт ўтаётган коллеж ўқувчилари билан асаларичилик тарихи, асалнинг шифобахш хусусиятлари, таълим жараёнида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида суҳбатлашган эди. Қарор билан танишар эканман, беихтиёр ўша учрашув хаёлимдан ўтди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб асаларичилик тармоғи учун олий малакали кадрлар тайёрлаш бўйича Фарғона давлат университетида зоотехника факультетини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш вазифаси юклатилди. Бу эса мазкур соҳа билан шуғулланадиган кадрлар етишиб чиқишига туртки беради.

Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси келгусида тармоқда янада чуқур ўзгаришлар юз беришига, асаларичилар сони ошиши, кўрсаткичлар юксалишига кенг йўл очади. 

Равшан ШАЙМАТОВ, Жарқўрғон туманидаги “Жарқўрғон-Равшан асалчи” фермер хўжалиги раҳбари: 

— Қарорга мувофиқ, “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди. У соҳа фидойиларини жипслаштириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, тажриба алмашиш имкониятларини яратади.

Қолаверса, уюшмага аъзо ташкилотлар томонидан олиб келинадиган наслли материаллар (маҳсулот), асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар ва ускуналар, махсус транспорт воситалари ҳамда тиркамалар, зараркунандаларга қарши ветеринария дори воситалари, препаратлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, пенополиуретан, уларга ёрдамчи ускуналар, бутловчи буюмлар, шунингдек, эҳтиёт қисмлар, мумпарда ва мум маҳсулотлари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этиладиган бўлди. Бу эса тармоқ тараққиёти йўлидаги энг катта рағбатдир.

Муроджон ТУРСУНОВ, Андижон вилояти асаларичилар уюшмаси раиси ўринбосари: 

— Асаларичилик хўжаликлари — уюшма аъзолари асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (давлат қўриқхоналари, биосфера резерватининг қўриқланадиган зонасидан ташқари), тоғ ҳамда тоғолди ҳудудлари, табиий пичанзор ва яйловлар ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан бепул фойдаланадиган бўлишди. Бу, шубҳасиз, асал етиштириш билан шуғулланадиган субъектларга катта имкониятдир. 

Бундан ташқари, ҳужжатда асаларичиликни ривожлантириш учун банк кредитлари ажратилиши, хориждан асалари оилаларини келтиришда имтиёзлар берилиши ўз ифодасини топган. Вилоятимизда 1400 дан ортиқ асаларичилар томонидан ўтган йили 1550 тонна бол етиштирилиб, халқимизга тортиқ қилинди. Маҳсулотларимиз сифати ва нархи харидорларни мамнун этиб келмоқда. Мазкур қарор ҳудудимизда бу касб билан оилавий шуғулланадиганлар янада кўпайишига асос яратади. 

Омон ТЎРАЕВ, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди: 

— Халқ манфаатини кўзлаган бу муҳим ҳужжат сидқидилдан ишлаш, фидойилик билан бир қаторда, саховатли она-табиатга меҳр-муҳаббат билан ёндашишни ҳам талаб этади. 

Энди соҳадаги муаммоларнинг ечимини топиш осонлашади. Илмий ёндашув асосида маҳаллий асалари зотларининг чидамлилиги ошириб борилади. Истиқболда катта ютуқлар қўлга киритилади. 

Ҳозирги кунда республикамизда 

12 минг асаларичи рўйхатга олинган бўлиб, улар томонидан ўтган йили 12 минг тонна асал етиштирилган эди. Аҳоли жон бошига олиб қаралганда, бу ҳали етарли эмас. Тиббий меъёрларга кўра, ҳар бир киши йил давомида 2 килограмм асал истеъмол қилиши зарур. Асаларичилик тармоғи жадал ривожланса, дастурхонларимиздан, албатта, бол аримайди.

Ҳамидилла БОЙМУРОДОВ, тиббиёт фанлари номзоди: 

 — Тиббиётда асал билан даволаш “апитерапия” дейилади. Асаларининг асали, прополиси, заҳри, гулчанги, муми, сути табиатнинг инсонга кўрсатган саховатидир. Тиббиётда организмга қувват берувчи табиий восита сифатида ҳам ишлатилади. Асал шамоллашда, жигар касалликларини даволашда кенг қўлланилади. Унинг прополисидан, мутахассис шифокор кўрсатмасига мувофиқ, спиртга солиб тайёрланган дори томчилари истеъмоли умрни узайтиради.

Қарорнинг қабул қилиниши замирида нафақат асаларичиликни ривожлантириш, балки аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласи ҳам турибди. Унинг алоҳида аҳамияти ҳам шунда. Шифокор сифатида бундан мамнун бўлдик. Умуман, имкони борича, ҳар бир оила асалари боқиши керак. Уни бежиз “хонадон шифокори” деб аташмайди.

Шойим БЎТАЕВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn