Натижалар таҳлили  ва устувор вазифалар
  • 03 Ноябрь 2017

Натижалар таҳлили  ва устувор вазифалар

 Жорий йилнинг тўққиз ойида “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти томонидан 15 минг 472 та ариза бўйича 82 миллиард сўмлик суғурта тўловлари амалга оширилди. Жумладан, аҳоли суғуртаси бўйича 6,5 миллиард сўмдан ошиқ товон пули тўланиб, юртдошларимизнинг мулкий манфаатлари ҳимояланди. 

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган анжуманда айтиб ўтилди.

— Жамиятимиз томонидан юридик ва жисмоний шахсларга ҳар томонлама қулай суғурта хизматлари кўрсатиш, аҳолининг шахсий ҳамда мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти, — дейди “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти бошқарувининг юридик департаменти бошлиғи Илҳомжон Ишонқулов. — Шу мақсадда 100 дан ортиқ суғурта турлари жорий этилиб, 2017 йилнинг ўтган даврида салкам 2 миллионга яқин шартномалар тузилди. Натижада 34,8 триллион сўмлик суғурта жавобгарлиги олингани ҳолда, суғурта мукофоти тушуми 105,8 миллиард сўмни ташкил этди. Бу аҳолининг суғурта хизматига бўлган ишончи ортиб бораётганлигидан далолатдир. 

Таъкидлаш керакки, “Ўзагросуғурта” АЖ ёшлар, айниқса, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган йигит-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Улар учун янги-янги суғурта хизмати турлари таклиф этилаяпти. 

Тадбирда таъкидланишича, жамият мижозлари учун яна бир қулайлик яратилди. Яъни эндиликда улар шартнома тўловини “Click” хизмати орқали онлайн тарзда тўлашлари мумкин.

Анжуманда, шунингдек, суғурта маданиятини юксалтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, тизимда учраётган муаммо ва камчиликлар ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, молиявий хизматларнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни ҳақида ўзаро фикр алмашилди. 

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn