“Chandler” нави ўзимизда етиштирилаяпти
  • 28 Октябрь 2017

“Chandler” нави ўзимизда етиштирилаяпти

Ёнғоқнинг “Chandler” нави жаҳон бозорида энг харидоргир саналади. Шу боис асли ватани Калифорния бўлган мазкур нав бугунги кунда Туркия, Эрон, Хитой, Ҳиндистон, АҚШ, Франция, Руминия, Болгария, Украина, Австралия, Чили каби давлатларда катта плантацияларда парваришланиб, ундан мўл ҳосил олинмоқда.

Қувонарлиси, бу рўйхатдан Ўзбекистон ҳам жой олди. Бу ҳақда пойтахтимизда Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси ҳамда “Mevali plants” компанияси томонидан -Калифорниянинг “Chandler” ёнғоқ нави парваришида муҳим жиҳатлар, юқори ҳосилдорлик сирлари, экспорт масалаларига бағишлаб ўтказилган семинарда маълум қилинди.

Қишлоқ хўжалиги ислоҳ этилиб, боғдорчиликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётгани юртимизда ер майдонларидан самарали фойдаланган ҳолда, қўшимча даромад топиш имконини бераяпти. Буни биргина ёнғоқ етиштириш борасида ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Президентимизнинг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ёнғоқнинг маҳаллий -табиий-иқлим шароитларига мослаштирилган серҳосил навларини кўпайтириш, ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этиб, замонавий плантацияларни яратиш, пировардида ташқи бозорда харидоргир бўлган мазкур неъматни етиштириш ҳажмини кўпайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаяпти. Бунда Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилгани айни муддао бўлмоқда. Чунки унинг зиммасига чет эл инвестицияларини жалб қилган ҳолда, янги ёнғоқзорлар яратиш, тармоққа хорижнинг илғор тажрибаларини кенг қўллаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби вазифалар юклатилди.

Ушбу семинар ҳам қарорда белгилаб берилган шу каби вазифалар ижроси доирасида ташкил қилинди. Унда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, мамлакатимизда ёнғоқзорларни кўпайтириш учун табиий имконият катта. Чунки мазкур наботот турини ўстириш учун қулай бўлган қир-адирлардан ҳали деярли фойдаланилгани йўқ. Шу боис бугун лалмикор ерларда боғ яратиш лойиҳалари ижросига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу борада Туркия ишбилармонлари билан ҳамкорликда тузилган “Mevali plants” компанияси яқиндан кўмаклашаётир.

Мазкур хўжалик юритувчи субъект Марказий Осиёда кўчат етиштиришга ихтисослаштирилган дастлабки компания ҳисобланади. Бугунги кунда у интенсив боғлар учун ўндан зиёд турдаги мевали дарахтлар ниҳолларини етказиб бермоқда.

— Республикамизда ёнғоқ етиштиришга бўлган юксак эътибор жамоамизни ташаббус кўрсатишга ундади, — дейди “Mevali plants” компанияси таъсисчиси Улуғбек Холматов. — Натижада “Chandler” навли ёнғоқ кўчатларини етиштириш йўлга қўйилди.

Мутахассисларнинг айтишича, ушбу навнинг афзалликлари кўп. Масалан, дарахт май ойида уйғонади. Бу Ўзбекистон шароитида ҳосилни совуқ урмаслигидан далолатдир. Қолаверса, ўта ҳосилдор бўлиб, мевасининг мағзи тўқ ва ўта хуштаъм. Ҳосили эса сентябрь ойи охирларида йиғиб олинади.

Тадбир қатнашчилари ёнғоқ етиштиришда Ўзбекистон салоҳияти, жаҳон тажрибаси, иқтисодиёт ривожи ҳамда экспорт салоҳиятини оширишда тармоқнинг аҳамияти хусусида ўзаро фикр алмашдилар.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn