Асаларичилик: эътибор ва истиқбол
  • 28 Октябрь 2017

Асаларичилик: эътибор ва истиқбол

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда Фарғонада асаларичилик истиқболларига бағишланган семинар ташкил этди. Унда Фарғона, Андижон, Наманган, Бухоро, Сирдарё вилоятларидан ушбу соҳада фаолият юритаётган мутахассислар қатнашди.

Семинар иштирокчиларига асаларичиликни ривожлантириш бўйича халқаро тажриба ҳақида атрофлича маълумот берилди. Асал маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шу йўналишга ихтисослаштирилган хўжаликларнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, бунда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, илмий асосланган усуллар ҳамда замонавий технологияларни амалиётга кенг татбиқ этиш борасида фикр-мулоҳаза юритилди.

— Ҳудудимизда йилига 10 миллиард сўмлик асал ва асалари маҳсулотлари тайёрланади, — дейди Фарғона вилояти асаларичилар уюшмаси раиси Шерали Суярқулов. — Асалариларнинг экинзорларни чанглатиши эвазига қишлоқ хўжалигидан мўл ҳосил олинаётгани ушбу тармоқнинг аҳамиятини янада яққол кўрсатади. Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шу йўналишдаги вазифаларни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур ҳужжат асосида ўтказилаётган тадбирда асал етиштириш ва уни экспорт қилишда дунёнинг илғор давлатларидан бири ҳисобланган Туркия тажрибаси ҳамкасбларимизда катта қизиқиш уйғотди.

Эътироф этиш лозимки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида асаларичиликни янада ривожлантириш, бу борадаги мавжуд камчиликлар ва муаммоларни бартараф қилиш бўйича мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берган эди.

Айни пайтда вилоятда ушбу вазифалар ижросига фаол киришилган.

— Ўзбекистонга учинчи маротаба келишим, — дейди туркиялик профессор, халқаро маслаҳатчи Муҳсин Догароглу. — Юртингизда соҳани ривожлантириш учун барча шарт-шароит мавжуд. Асаларилар учун озуқа мўл. Қолаверса, мамлакатингизда фермерлик ҳаракати яхши шаклланган. Асаларичилар уюшмасининг ташкил этилиши соҳа ходимлари учун айни муддао бўлди. Ўзбекистон келажакда асал экспорти бўйича халқаро бозорда юқори ўринларни эгаллашига ишонаман.

— Ушбу анжуман биз учун фойдали бўлди, — дейди наманганлик тадбиркор Бурҳонжон Сатторов. — Ҳозир 350 та асалари оиласини парваришлаяпмиз. Маҳсулотларимиз ички бозорда ўз ўрнига эга. Тадбирда хорижий тажриба ва амалиётни ўзлаштирганимиз ишимизда жуда қўл келади, албатта. Бол экспортини йўлга қўйиш, асаларилар оиласини кўпайтиришда замонавий услубларни ўз фаолиятимизга татбиқ этишни мақсад қилдик.

Семинар иштирокчилари, шунингдек, Фарғона вилояти асаларичилар уюшмаси қошидаги ишлаб чиқариш ўқув марказида яратилган қулайликлар билан ҳам яқиндан танишдилар.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn