Қулай инвестициявий иқлим
  • 21 Май 2014

Қулай инвестициявий иқлим

иқтисодий барқарорлик, аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омили

Кеча пойтахтимизда VII Халқаро Тошкент сармоявий-молиявий форуми ўз ишини бошлади. Мазкур тадбир “SAIPRO” ахборот-рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Бош Араб суғурта федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш стратегик мақсад сифатида белгиланди. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилиб, бир қатор қонунлар кучга киритилди. Пировардида мамлакатимизда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида ҳам иқтисодий юксалиш, барқарор ривожланиш кўзга яққол ташланмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот 7,5, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,9, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 12,8, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2, қурилиш ишлари 15,5 фоиз ошиши таъминлангани бунинг тасдиғидир. Ўз навбатида, 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида капитал қўйилмалар, 588,6 миллион доллар ҳажмида хориж инвестицияси ўзлаштирилди. Банк тизимининг ресурс базаси кенгайтирилиб, сармоявий фаоллиги кучайтирилди.

Аниқроғи, уларнинг умумий капитали 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 24,7 фоиз кўпайди. Шунга уйғун тарзда банк тизими капитали етарлилиги даражаси 24,3 фоизни ташкил этди. Мазкур кўрсаткич халқаро стандартларга нисбатан уч баробар юқоридир. Буларнинг барчаси иқтисодиётни янада кўпроқ кредитлаш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашга қаратилган кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш асносида халқ турмуш даражаси ва фаровонлигини янада яхшилаш имконини бермоқда. Бинобарин, “Мудис” халқаро рейтинг агентлиги юртимиз банк тизими ривожланиш истиқболларини кетма-кет бешинчи йил “барқарор” деб тасдиқлади.

Албатта, ушбу натижаларни қўлга киритишда республикамизда ишбилармонликни янада равнақ топтириш, иқтисодиёт тармоқларини замон талаблари асосида диверсификациялаш, янгилаш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни жадал қўллаб-қувватлаш, қулай ва жозибадор инвестициявий муҳитни яратиш, соҳага молия, солиқ, лицензия ва рухсат бериш юзасидан кўплаб имтиёз, енгилликлар ҳамда преференциялар тақдим этишга ҳар қачонгидан кўра эътибор кучайтирилгани муҳим омил бўлди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борадаги пойдеворни янада мустаҳкамлади.

Бундай ижобий ўзгаришлар чет эллик бизнес вакиллари диққатини ўзига тортмасдан, уларнинг қизиқишини оширмасдан қўймайди, албатта. Навбатдаги халқаро анжуман иштирокчилари сафи янада кенгайгани шундай дейишимизга асос бўла олади. Гап шундаки, унда мамлакатимиз қатори дунёнинг ўттизга яқин давлатидан тегишли вазирлик, ташкилотлар, суғурта, лизинг, аудиторлик, инвестиция, банк-молия ва рейтинг компаниялари, агентликлари, халқаро молия институтларидан қарийб 500 нафар вакил иштирок этаяпти.

Бундай анъанавий йирик форум хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро фаол интерактив мулоқот майдонини яратишда ҳам айни муддаодир. Тадбир давомида шўъба йиғилишлари, суғурта, банк, лизинг ва инвестиция бўйича халқаро конференциялар ҳам ўз ишини бошлади. Шунингдек, мавзуга доир давра суҳбати, оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан брифинг ўтказилди. Шулар асносида юртимизда инновацион лойиҳаларни рўёбга чиқариш салоҳияти, чунончи, Навоий, Тошкент ва Жиззах вилоятларидаги махсус иқтисодий зоналар имкониятлари, уларда иш олиб бораётган корхоналар фаолияти, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида муфассал маълумотлар ҳам тақдим этилаяпти. Айни чоғда республикамизда 2015 йилгача иқтисодиётни модернизация қилиш бўйича нефть-газ, кимё, тоғ-кон, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, енгил саноат ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 50 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 500 дан зиёд инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш мўлжалланаётгани алоқаларни бундан-да юқори босқичга кўтариши, шубҳасиз.

— Мазкур форум мавзуси, қамрови жиҳатдан барча иштирокчилар учун долзарбдир, — дейди Руминия лизинг компаниялари уюшмаси президенти Адриана Лиуба Ахчиарлю. — Унда мамлакатингизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш баробарида, хорижлик ишбилармонларга берилаётган катта имтиёзлар, ўзаро ҳамкорлик қилиш учун қулай платформалар яратилгани ҳақида яқиндан бохабар бўлиш мумкин. Бундай жозибадорликдан ким ҳам баҳра олишни истамайди дейсиз? Ахир афзаллик бор жойда барча бирдек манфаатдор бўлади. Шу ўринда юртингизда лизинг бозори равнақ топиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бу эса тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини янада кенг қулоч ёздириш, соҳа вакиллари томонидан сифатли маҳсулотлар етиштириш, юқори даражадаги сервис хизматлари кўрсатишда салмоқли роль ўйнаяпти.

— Ўзбекистон — жадал тараққий этиб, жаҳонда ўз номи ва нуфузини мустаҳкамлаб бораётган мамлакат, — дейди “CITIC” (Хитой) вакили Ли Цзиньтун. — Бунда иқтисодий ислоҳотлар параметрлари аниқ белгилаб олингани, айниқса, хорижлик сармоядорлар қўлига кўплаб молиявий-иқтисодий енгилликлар портфели тутқазилгани ҳам ўзига хос ўринга эга. Шунга мос равишда мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар кўплаб соҳалар қатори, иқтисодиёт тармоқларида изчил ривожланаяпти. Айни пайтда юртингизда 460 дан зиёд Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси самарали фаолият юритаяпти. Бунда, айтиб ўтганимиздек, қулай инвестициявий иқлим, банкларингиз томонидан яратилган шарт-шароитлар салмоқли аҳамият касб этаяпти.

Хорижлик меҳмонлардан қай бири билан суҳбатлашманг, уларнинг барчаси Ўзбекистоннинг бугунги қиёфаси, ривожланиш суръатлари, ҳаёт ободлиги, тараққиётнинг “ўзбек модели” кўплаб давлатлар учун ижобий намуна бўлиб хизмат қилиши ҳақида тўлқинланиб, илиқ фикрларни билдиришмоқда.
Анжуман доирасида Бош Араб суғурта федерацияси билан Ўзбекистон Суғурта бозори профессионал иштирокчилари уюшмаси ўртасида ҳамкорликка оид битим имзоланди.

Жорий йилнинг 23 майига қадар давом этадиган VII Халқаро Тошкент инвестициявий-молиявий форуми давомида ташкилотчилар томонидан таъсис этилган “Олтин соябон” ҳамда “Олтин портфель” соҳибларини  тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтади.

Саиджон МАХСУМОВ
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn