Кооперация алоқалари ривожланмоқда
  • 21 Май 2014

Кооперация алоқалари ривожланмоқда

“Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтаётган коммунал, транспорт, капитал қурилиш соҳалари ва қурилиш индустрияси корхоналарининг тармоқ саноат ярмарка ва кооперация биржасида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш жараёнлари намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 24 февралда қабул қилинган “2014 йил Халқаро саноат ярмарка ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилаётган ушбу тадбир тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, импорт ўрнини босадиган ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Саноат кооперациясини кенгайтириш бу борада, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. Аввалги ярмаркалар ва биржалар натижалари шундан далолат беради. Имзоланган шартномалар ва иштирокчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Чунончи, 2013 йилда тармоқ саноат ярмарка ва кооперация биржасида коммунал, транспорт, капитал қурилиш соҳалари ва қурилиш индустриясининг 117 корхонаси иштирок этди.

Мазкур корхоналар томонидан тақдим этилган 590 турдаги маҳсулот ва хизматларнинг 40 дан зиёди янгидир. Умумий қиймати 9,6 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги шартномалар имзоланди.
Жорий саноат ярмарка ва кооперация биржаси экспозицияси мажмуанинг 170 дан ортиқ етакчи корхонаси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларининг маҳсулот ва хизматларидан иборат. Улар орасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик компанияси, “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси, “Ўзмонтажмахсусқурилиш” уюшмаси,  “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги корхоналари, бошқа компаниялар, шунингдек, кўплаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари бор. Уларнинг стендларида ишлаб чиқарилаётган экспортбоп товарлар, шунингдек, истиқболда маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар билан танишиш мумкин.

Мамлакатимизда 130 дан ортиқ бўлимларига эга бўлган “Ўзмонтажмахсусқурилиш” уюшмаси ушбу саноат ярмаркасида ҳар йили фаол иштирок этиб келмоқда. 2013 йил якунларига кўра, уюшма томонидан қиймати 76,9 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди, 385 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ва 478 миллиард сўмдан зиёд маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва маҳаллийлаштириш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш дастурларининг амалга оширилишини жадаллаштириш, халқаро сифат стандартларига ўтиш эвазига шундай натижаларга эришилди.

“Тошкент қувур заводи” қўшма корхонаси маҳсулотлари ярмаркага ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ушбу маҳсулотлар қурилиш мажмуаси, ёқилғи-энергетика, коммунал хўжаликлар, шунингдек, кичик ва хусусий компания ҳамда фирмалар томонидан кенг фойдаланилмоқда. 2000 йилда завод атиги 4 минг тонна қувур ишлаб чиқарган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 115 минг тоннадан ошди. Бу ерда хорижлик хом ашё ва материал етказиб берувчиларга боғланиб қолишни қисқартириш, товар турларини кенгайтириш, маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш борасида режали ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилда қўшимча қувватларни фойдаланишга топшириш кўзда тутилаётир. Бу йилига 220 минг тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.

“Ўзкоммунхизмат” агентлиги хорижий шериклар билан ҳамкорликда оқова сувларни тозалаш ва насос ёрдамида тортиб чиқаришнинг янги технологиясини тақдим этмоқда. Ярмаркада таклиф этилаётган сув фильтрлари — қум, нефть ва ёғ тутқичлар, биологик тозалаш тизимлари соатига 6 минг литргача оқова сувни самарали тозалаш имконини беради. Шунингдек, оқова сувни тортиб чиқариш учун модернизация қилинган канализация насос станциялари ҳам таклиф қилинмоқда. Энг муҳими, ушбу технологиялар қишлоқ жойларда, жумладан, Тошкент вилоятида намунали лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилишида муваффақиятли қўлланилмоқда.
Транспорт тармоғи, жумладан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг улкан стендлари ярмарка иштирокчилари ва меҳмонлар эътиборини тортмоқда. Бугунги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари”  Осиё, Америка ва Европанинг 40 дан ортиқ шаҳарларига парвозларни амалга оширмоқда. Биргина 2013 йилда авиакомпания томонидан 24,5 мингдан зиёд рейс амалга оширилиб, 2,6 миллион нафардан ортиқ йўловчи ва 41 минг тонна юк ташилди. Технологик паркни модернизация қилиш, ўарбда ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган лайнерларга техник хизмат кўрсатиш базасини ривожлантириш, ер усти инфратузилмасини такомиллаштириш, ҳаво ҳаракатларини бошқариш тизимини ислоҳ этиш борасида мунтазам ишлар амалга оширилаётир.

Унинг “САР” махсус ишлар шўъба авиакомпанияси қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида ўз хизматини таклиф қилмоқда. Кичик ҳажмдаги самолётлар, шунингдек, вертолётларнинг катта паркига эга бўлган ушбу муассаса қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига авиация ёрдамида қарши курашиш, ҳаводан суратга олиш ишлари билан шуғулланмоқда, наркожиноятчиликка қарши кураш, баланд тоғларда қор қопламларини кузатиш, метеостанциялар ходимлари хавфсизлигини таъминлашга жалб этилмоқда, шунингдек, тоғ чанғиси билан шуғулланадиган сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. “Uzbekistan airways technics” авиатаъмирлаш корхонаси замонавий самолётларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича кенг кўламли хизматларни тақдим этмоқда.

Тармоқ саноат ярмаркасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналарига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай корхоналар саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилишда муҳим ўрин тутади. Мебель саноати тармоғида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари маҳсулотлари кенг тақдим этилмоқда. Кенг турдаги ошхона, ётоқхона, идора, таълим ва тиббиёт муассасалари мебеллари замонавий дизайни, юқори сифати ва қулайлиги билан ажралиб туради. Хусусан, пойтахтимиздаги мебель бозорида 10 йилдан кўпроқ вақтдан буён иштирок этиб келаётган “Mebel biznes system” масъулияти чекланган жамияти харидорларга 15 турдаги маҳсулотни таклиф қилмоқда. Корхона шахсий буюртмалар бўйича бу рўйхатни янада кенгайтиришга тайёр.   Коммунал, транспорт, капитал қурилиш соҳалари ва қурилиш индустрияси корхоналарининг тармоқ саноат ярмарка ва кооперация биржаси 22 майга қадар давом этади. Корхоналарнинг махсус тақдимотларида техник ва технологик имкониятлар борасида тўлиқ тушунчага эга бўлиш ва ҳамкорлик учун таклифлар олиш мумкин. Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари ишлаб чиқаришнинг техник янгиликлари ва ютуқлари билан танишиш, яқин истиқболда ишлаб чиқариладиган материал ва бутловчи қисмларга бўлган  талабни аниқлаш, саноат маҳсулотларининг янги турларини ўзлаштириш борасида шартномалар тузиш имкониятига эга бўлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Зокиров сўзга чиқди.

Сардор ТОЖИЕВ,  
Муҳаммад ҚАРШИБОЕВ, 
ЎзА мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn