Нафис матолар жозибаси
  • 25 Октябрь 2017

Нафис матолар жозибаси

Тошкент шаҳридаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида “Сифатли ва рақобатдош пилла хом ашёси етиштиришнинг долзарб муаммолари” мавзуида илмий-техникавий анжуман бўлиб ўтди.

Буюк Ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон ипакчилик соҳасида бой тажриба, тарихий ҳамда миллий анъаналарга эга давлатдир. Бу ерда тайёрланган ипак маҳсулотлари қадим-қадимдан дунёга маълуму машҳур. Қолаверса, Марказий Осиёда пиллачилик соҳасини қайта тиклаш ва уни илм-фан асосида ривожлантиришда юртимизда бундан 90 йил муқаддам ташкил этилган институт муҳим роль ўйнади. Бинобарин, мазкур илм масканида ноёб жаҳон коллекциялари, яъни ипак қуртининг 120 та зоти, тутнинг 239 та нави ҳамда турлари сақланмоқда.

— Мустақиллик институтимиз ҳаётида янги даврни бошлаб берди, — дейди Ипакчилик илмий-тадқиқот институти директори Шавкат Умаров. — Энг, аввало, илмий изланишлар олиб бориш учун зарур шарт-шароит яратилиб, олимлар меҳнати муносиб рағбатлантирилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, тутнинг 20 дан ортиқ истиқболли навлари, ипак қуртининг 18 та саноатбоп дурагайи яратилди. Шунингдек, халқаро алоқалар йўлга қўйилиб, бугунги кунда Хитой, Япония, Жанубий Корея, Вьетнам, Болгария, Россия, Украина, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон каби мамлакатлар билан ипакчиликнинг турли йўналишларида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бугунги тадбир эса бу борадаги муносабатларимизни янада мус-таҳкамлашга хизмат қилади.

Анжуманда сўзга чиққанлар эътироф этганидек, чуқур генетик тадқиқотлар натижасида дунё ипакчилик фанида биринчи марта Ўзбекистонда жинси бошқариладиган ипак қурти зотлари яратилди. Улар наслчилик станциялари ҳамда уруғчилик корхоналарида суперэлита, элита, саноатбоп дурагай тухумлар тайёрлаш технологиясида юқори самарадорликка эришишда қўл келаётир.

Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида янги имконият эшикларини очиб берди. Ушбу ҳужжатда ипакчиликда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, жаҳон бозорида рақобатдош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва унинг турларини кўпайтириш бўйича кўплаб вазифалар белгилаб берилган. Шундан келиб чиқиб, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти жамоаси томонидан тутнинг серҳосил навларини яратиш, ипак қуртининг маҳсулдор зот ҳамда дурагайларини кўпайтириш, фермер хўжаликларининг ипак қурти уруғи ва тут кўчатларига бўлган эҳтиёжини тўла таъминлаш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти.

Жорий йилда юртимизда такрорий пилла етиштириш муваффақиятли уддаланишига институт жамоаси ҳам муносиб ҳисса қўшди. Хом ашёнинг мўллиги эса атлас, адрас, шойи, беқасам каби матолар ишлаб чиқаришни кўпайтиришда айни муддаодир.

Мутахассисларнинг эътироф этишича, кейинги пайтда табиий ипак матоларидан тикилган либослар нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида урфга кирмоқда. Шу боис мамлакатимиз ҳамда хорижий дизайнерлар камалакранг хонатлас, кўркам адрас, ёрқин бахмал, нафис шойи каби миллий матоларимизга кўпроқ мурожаат қилишаяпти.

Шу куни “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан ташкил этилган табиий ипак матоли миллий либослар намойишида булар яна бир карра эътироф этилди.

Тадбир доирасида намойиш қилинган “Буюк Ипак йўли тарихи” мавзуидаги театрлаштирилган саҳна кўриниши эса йиғилганларда алоҳида таассурот қолдирди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn