Инновацион ишланмалар нефтни қайта ишлаш соҳаси ривожини жадаллаштиради
  • 20 Октябрь 2017

Инновацион ишланмалар нефтни қайта ишлаш соҳаси ривожини жадаллаштиради

Бухорода “Ёқилғи-мойлаш материаллари кимёси ва технологияси соҳасида инновацион ишланмалар” мавзуида II  халқаро илмий-техникавий анжуман ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академияси, Фан ва технологиялар  агентлиги, “Ўзбекнефтгаз”, Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари, мамлакатимиздаги бир қатор олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Россия, АҚШ, Жанубий Корея каби бир қатор давлатларнинг соҳага алоқадор етакчи компаниялари вакиллари, олим ва мутахассислар, талабалар қатнашаяпти.

Мустақиллик йилларида нефть ва газ саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи бўғинларидан бирига айлангани таъкидланди. Соҳага илм-фаннинг илғор ютуқларини жорий қилиш, бу борада дунёнинг ривожланган давлатлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, тизим учун малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.

— Илк бор 2015 йилда Фарғонада ўтказилган шундай конференция соҳа мутахассисларида катта қизиқиш уйғотганди, — дейди Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг техник бўлими бошлиғи Хуршид Латипов. — Ҳукуматимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, ушбу тадбир ҳар икки йилда бир маротаба уюштириладиган анъанавий анжуман мақомини олди. Галдаги халқаро конференция  мамлакатимиз нефтни қайта ишлаш саноатига инновацион технологияларни жадал татбиқ этишга туртки беради, фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлашда қўл келади.

Айтиш жоизки, илғор техникавий ишланмалардан самарали фойдаланилаётганлиги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида жаҳон стандартлари даражасидаги маҳсулотларни тайёрлаш имконини бермоқда. Хусусан, корхонада яқинда маҳаллий мутахассислар томонидан пропинли совитиш маҳсулоти ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. У айни пайтда экспорт ҳам қилинмоқда. Яна бир далил. Истиқлол шарофати билан саҳро бағрида қад ростлаган завод ўз фаолиятини беш  хилдаги маҳсулот ишлаб чиқариш билан бошлаган эди. Ҳозирги кунда эса 15 турда ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари тайёрланмоқда. Бу соҳага инновацион ишланмаларнинг жорий этилаётгани натижасидир.

— Шундай нуфузли анжуманда қатнашаётганимдан мамнунман, — дейди Жанубий кореялик мутахассис Зиир Ким. — Тадбир ўзаро тажриба алмашиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилиш ва бу борада юртингиз қайта ишлаш корхоналари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан жуда фойдали, деб ўйлайман.

Конференция иштирокчилари ўзаро фикр алмашиб, ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида келишиб олмоқда. 

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn