Технологик янгиланиш
  • 17 Май 2014

Технологик янгиланиш

корхоналаримизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридан муносиб ўрин эгаллашида алоҳида аҳамият касб этади

Пойтахтимиздаги “Ўзкўргазмасавдо” мажмуида “Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар” IV халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
У Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси ҳамда “Expocontact” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилди.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад бозор талабларини инобатга олган ҳолда, тармоқ корхоналарига ўз маҳсулотларини тақдим қилиш имкониятини яратиш ва зарур асбоб-ускуна ёки технологияларни харид қилишга кўмаклашишдир.
Халқаро кўргазманинг очилиш маросимида таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ишлаб чиқариш корхоналари изчил модернизация қилиниб, техник ва технологик жиҳатдан янгиланаётгани, хорижий ҳамкорлар учун қулай инвестициявий муҳит яратиб берилаётгани туфайли чарм-пойабзал ва енгил саноат тизимида ҳам юксак самарадорликка эришилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, нафақат ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, балки корхоналарнинг экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилаётир. Айтайлик, ҳозирги кунда “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси тизимида 60 дан зиёд корхоналар фаолият юритаётган бўлса, ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулотлар тайёрлаш, қўшимча иш ўринлари яратишда уларнинг мунтазам равишда модернизация қилинаётгани  айни муддао бўлаётир.
2013 йилда ана шу корхоналар томонидан 264 миллиард сўмлик саноат, 434,9 млн. кв.дм. тайёр чарм маҳсулотлари, 7 миллион жуфт пойабзал, 118,7 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари ҳамда 5 миллиард 280 миллион сўмликдан ортиқ чарм-атторлик буюмлари ишлаб чиқарилгани бунинг яққол тасдиғидир.
— Юртимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилиб, имтиёзлар берилаётгани улар фаолиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди “Pro Obuv” масъулияти чекланган жамияти раиси ўринбосари Шавкат Ханбобоев. — Масалан, ҳозирги кунда биз республикамиздаги деярли барча йирик корхоналар билан ҳамкорлик ўрнатиб, уларнинг ишчи-хизматчиларини ўзимизда тайёрланаётган махсус оёқ кийимлари билан таъминлаяпмиз. Хусусан, ўтган йилги кўргазмада тузилган шартномага биноан, қарийб 35 миллион сўмлик маҳсулот етказиб бердик. Қувонарлиси, маҳсулотларимизга хорижлик мутахассислар ҳам катта қизиқиш билдиришаяпти. Мана, бугун кореялик мутахассислар билан бу борада келишувга эришдик.
Халқаро кўргазмада тўқимачилик саноати корхоналари ўзларининг пахта, ипак ва жун хом ашёсидан тикилган сифатли тайёр кийим-кечакларини таклиф этмоқда. Чунончи, “Turkiston-L” фирмаси Италия, Германия сингари давлатларнинг энг илғор бичиш-тикиш ускуналари билан жиҳозланган. Шу боис бу ерда қоракўл теридан тикилаётган устки кийимлар хориж бозорида ҳам харидоргир бўлиб бораётир. “Fresh Style” масъулияти чекланган жамияти жамоаси эса ички ва ташқи бозорга ҳар ойда бир миллион донадан зиёд футболкалар чиқармоқда.
“Alkim Tekstil” хорижий корхонасида, асосан, 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ва қизлар учун кийимлар тикилади. Корхона директори ўринбосари Зафар Ортиқовнинг айтишича, бу ерда маҳсулот ишлаб чиқаришда фақат маҳаллий хом ашёдан фойдаланилаяпти. Энг муҳими, замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхонадан ойига 350-400 минг дона атрофида тайёр кийим-кечак, шунингдек, трикотаж матолар хориж бозорларига жўнатилаётир.
Жорий йилги кўргазмада 80 дан ортиқ қўшма ва хорижий корхоналар иштирок этмоқда. Тадбир доирасида турли тренинг ҳамда маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилгани унинг янада самарали бўлишидан далолатдир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn