Кичик бизнес: Имконият ва самара
Версия для печати
  • 15 Май 2014

Кичик бизнес: Имконият ва самара

Бугун мамлакатимиз истеъмол бозорида талаб юқори бўлган маҳсулотларнинг асосий қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётгани барчамизга яхши маълум. Муҳими, уларнинг аксарияти рақобатбардош, жаҳон андозаларига мос. Нархи эса четдан келтирилаётган турдошларига нисбатан бирмунча арзон.

Наманган вилоятида тайёрланаётган кийим-кечаклар, хусусан, замонавий урфдаги костюм-шим ва кўйлакларни ҳам, ҳеч иккиланмай, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар сирасига киритиш мумкин. Уларни тикаётган корхоналарнинг асосий қисми кичик бизнес субъекти мақомида фаолият кўрсатаётгани эса диққатга сазовор.

Хусусан, Наманган шаҳридаги “Фахр текстиль савдо” масъулияти чекланган жамияти вилоят енгил саноат корхоналари орасида ўз ўрнига эга. Айни пайтда бу ерда эркаклар учун беш турдаги бежирим кўйлаклар тикилаяпти. Корхонага молия муассасасининг 251 миллион сўмлик кредити ҳисобига ўрнатилган илғор дастгоҳлар маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминламоқда. Яъни “Фахр текстиль савдо” ёрлиғи туширилган кўйлаклар замонавий бичими, кўркам дизайни ҳамда пахта хом ашёсидан тайёрланган газламаси билан харидорларга манзур бўлаётир. 

Дарвоқе, айни пайтда корхонада меҳнат қилаётган 27 нафар ёшнинг ҳар бири ўз касбига меҳр қўйган, интилувчан йигит-қизлар. Кўпчилиги тикувчилик соҳаси бўйича кичик мутахассис — мазкур йўналишдаги ўқув юртини тамомлаган. Масалан, “Juki” русумли тикув машинасини бошқараётган Шаҳноза Давлатова Чортоқ туманидаги Ойқирон касб-ҳунар коллежида таҳсил олган.

— Яқинда Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига, Устюрт газ-кимё мажмуасига ташрифини телевизор орқали кўрдим, — дейди чевар қиз. — Давлатимиз раҳбари бу ерда меҳнат қилаётган ишчи-мутахассислар билан суҳбатлашиш асносида “Бугун замонавий билимларни пухта эгаллаган, мана шундай ноёб заводларда ишлаётган ёшларимизга қараб қувонамиз”, дея мамнуният билан таъкидладилар. Жуда тўлқинланиб кетдим. Чунки мен ҳам шу сингари илғор корхона ходимиман. Компьютерлаштирилган дастгоҳ ихтиёримда. Масалан, қайси моделдаги кўйлакни тикишга киришадиган бўлсак, аввало, унинг андозаси махсус дастур ёрдамида аниқлаб олинади.

Кенг кўламли модернизациялаш тадбирларидан сўнг “Фахр текстиль савдо”нинг ишлаб чиқариш қуввати кескин ортди. Натижада жорий йилнинг биринчи чорагида корхона жамоаси буюртмачиларга қарийб икки минг дона маҳсулот етказиб берди.

Албатта, бундай муваффақиятларни Наманганда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, улар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратиб берилаётгани билан боғлаш мумкин. Зеро, жорий йил биринчи чорагида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида мазкур соҳанинг улуши 69,2 фоизга етиб, кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажми 152,3 миллиард сўмни ташкил қилгани, бинобарин, тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан йил бошидан буён 5222 та иш ўрни яратилгани буни яна бир карра тасдиқлайди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn