Ҳамкорлик ва илғор тажриба
  • 13 Май 2014

Ҳамкорлик ва илғор тажриба

қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил олишнинг муҳим омилидир

Заминимиз — саховатли. Ер билан тиллашган деҳқонларимиз эса миришкор. Шу боис бугун дастурхонимиз тўкин, турмушимиз файзли. Йилнинг қайси фасли бўлишидан қатъи назар, бозорларимиз сархил меваю сабзавотларга тўла.

Буларнинг бари, аввало, юртимизда аграр сектор ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қолаверса, соҳа вакиллари ҳисобланмиш фермерлар, олим ва мутахассислар, деҳқону чорвадорлар, боғбону соҳибкорлар ҳамкорлиги маҳсулидир. Энг муҳими, бу ҳамкорлик деҳқонларимизга аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш баробарида,  уларнинг экспорт салоҳиятини  юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, ҳар қандай экин ҳосили  кўп жиҳатдан унинг нав ёки уруғига боғлиқ. Мамлакатимизда ушбу йўналишдаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяптики, натижада олимларимиз томонидан қишлоқ хўжалиги экинларининг кўплаб серҳосил, иқлимга мос ва касалликларга чидамли навлари яратилди. Бу борада Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти мутахассисларининг изланишлари, айниқса, эътиборга молик.

Гап  шундаки, мазкур институт жамоаси кейинги йилларда экинларнинг янги навларини яратиш, уларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш, етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, касаллик ёки зараркунандаларга қарши курашиш бўйича бир қатор ютуқларга эришмоқда. Мазкур даргоҳда яратилган сабзавот, полиз ва картошка экинларининг 115 нави давлат реестрига киритилгани бунинг тасдиғидир.

— Масалан, кейинги йилларда мутахассисларимиз томонидан деҳқонларимизга очиқ майдонлар учун мўлжалланган “ТМК-22”, “Ўзбекистон”, “Тошкент тонги”, “Баҳодир”, “Шарқ юлдузи”, “Истиқлол” сингари ўнлаб помидор навлари тақдим этилган бўлса, — дейди институт илмий ходими Миродил Ниёзов, — картошканинг “Тўйимли”, “Диёра”, “Умид”, қовуннинг “Гурлан”, “Амударё”, “Зар Гулоби”, ширин қалампирнинг “Наргиза”, “Тонг”, “Зумрад” каби навлари эса ўзининг таъми ва сифати билан алоҳида ажралиб туради.

Айни пайтда жамоамиз сабзавот ва полиз экинлари уруғчилиги бўйича илмий тадқиқот ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида илмий асосланган усул ва қоидаларни ишлаб чиқаришга кенг қўллаш, элита уруғларни етказиб бериш, уларни иссиқхоналарда етиштириш технологияларини яратиш устида ҳам доимий изланишда. Бундан ташқари, институтимизда махсус ниҳолхона мавжуд. Унда дунёнинг кўпгина мамлакатларидан келтирилган помидор навлари йиғилганки, бу олимларимизга улар устида турли тажрибалар ўтказиш, серҳосил навларни ўзимизнинг иқлимга мослаштириш каби тадқиқотларни олиб боришда айни муддао бўлмоқда.


Таъкидлаш жоизки, институт фаолиятини кенгайтириш, илмий изланишларни амалиётга татбиқ этиш ишларини жадаллаштиришда юртимизда ушбу соҳага қаратилаётган эътибор ва халқаро ташкилотлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилгани муҳим омил бўлмоқда. Айни пайтда институт олимлари, Халқаро сабзавотчилик маркази (АЦИРО, Тайвань), Халқаро картошкачилик маркази (CIP, Перу), Озарбайжон сабзавотчилик илмий тадқиқот институти, Қозоғистон картошкачилик ва сабзавотчилик илмий тадқиқот институти ҳамда бошқа хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, ўтган йили Корея Республикасининг “Koiсa” ташкилоти билан ҳамкорликда 240 минг туп кўчат етиштиришга мўлжалланган замонавий иссиқхона қурилиб, фойдаланишга топширилди. Агроном Нурилла Саъдуллаевнинг айтишича, ушбу иссиқхонада кўчатларни парваришлаш жараёнининг барчаси автоматлаштирилган тизим орқали амалга оширилади. Ҳарорат, намлик ва бошқа омиллар ҳам махсус ускуналар назоратида. Бу эса, пировардида, кўчатларни бехато ундиришда қўл келаяпти. 

Айни чоғда институт таркибида Тошкент тажриба хўжалиги, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида таянч бўлимлари ҳам ишлаб турибди. Уларга қарашли 460 гектарлик суғориладиган майдонда эса сабзавот, полиз ва картошка сингари экинларнинг янги навлари синовдан ўтказилиб, амалиётга кенг жорий этилмоқда.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn