Қурилиш материаллари учун микроқўшимчалар
  • 10 Май 2014

Қурилиш материаллари учун микроқўшимчалар

Урганч давлат университети олимлари  пойтахтимизда ўтказилган “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар” VII республика  ярмаркасида 40 та инновацион лойиҳа ва технологиялар билан қатнашиб, умумий қиймати 1 миллиард 95 миллион сўмлик шартнома имзолашга муваффақ бўлдилар.

Хусусан, ушбу ўқув муассасасининг илмий ходими, техника фанлари номзоди, доцент Забибулла Бобоев раҳбарлигида яратилган бетон маҳсулотлари ва бетон қоришмалари мустаҳкамлигини оширадиган кимёвий қўшимчалар лойиҳаси ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Натижада шу ернинг ўзида 8 та корхона билан 445 миллион сўмлик шартнома тузилди.
Эътиборли жиҳати, ушбу янги турдаги маҳсулот 20-30 фоиз цементни тежаш, бетон маҳсулотлари сифати ва мустаҳкамлигини, совуққа чидамлилигини ошириш, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларини жадаллаштиришга хизмат қилади. Бинобарин, мазкур кимёвий микроқўшимчалар нархи арзонлиги, фойдаланиш учун қулайлиги билан ҳам ажралиб туради. Уни яратиш учун таклиф этилган технология ва ускуналар осон бошқарилиши билан бирга, содда конструкцияга ҳам  эгадир.
Энг муҳими, маҳсулотни тайёрлаш учун зарур бўладиган хом ашё тўқимачилик саноати чиқиндисидан олинади.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn