Эртанги кунга ишончи юксак халқнинг келажаги порлоқ бўлади
  • 08 Август 2017

Эртанги кунга ишончи юксак халқнинг келажаги порлоқ бўлади

Бугун юртдошларимиз энг улуғ, энг азиз байрамимизни юксак зафарлар билан кутиб олиш тараддудида. Чунки бу айёмнинг кексаю ёш тақдиридаги аҳамияти беқиёс. Истиқлол халқимиз орзу-умидларини рўёбга чиқарди, ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлади.

Айни дамда аҳолимиз фаровон ҳамда бахтли яшаш, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб жой олиши борасида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларга қатъий ишонч билан қарамоқда.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги  қарорида таъкидлаб ўтилганидек, мустақиллик куни халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан буюк тарихий сана бўлиб, эл-юртимиз томонидан доимо шоду хуррамлик билан нишонланиб келинади ҳамда истиқлолимиз халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда. “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғоя эса ҳар биримиздан ташаббускорлик, юрт равнақи, Ватанимиз тараққиёти йўлида астойдил, садоқат билан хизмат қилишимизни талаб этади.
Бугун ўтган қисқа даврдаги тараққиёт йўли чуқур таҳлил этилиб, рақобат тобора кучайиб бораётган глобаллашув шароитида давлатимизни барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун янгича ёндашув ҳамда тамойиллар ишлаб чиқилгани, ҳаётимизнинг барча соҳасини қамраб олган янгиланишлар амалга оширилаётгани порлоқ истиқболимизга мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Шу жиҳатдан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ислоҳотлар самарадорлигини ошириш,  суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб шарт-шароит яратиш, барча соҳани эркинлаштиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятлидир. 
Унга мувофиқ, кейинги беш йилда умумий қиймати 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 649 та инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилиши натижасида саноат маҳсулоти тайёрлаш 1,5 баравар, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,6 фоиздан 36 фоизгача, қайта ишлаш тармоғи улуши 80 фоиздан 85 фоизгача ошиши кутилаяпти. Бу мамлакатимиз саноатининг янада ривожланишида асосий омил бўлади.
Мазкур довонларни забт этишда навоийлик кончилар ҳам муносиб ҳисса қўшадилар, албатта. Хусусан, Навоий кон-металлургия комбинатининг кўп минг кишилик жамоаси мустақиллигимизнинг ҳар бир йилини катта зафар ва ютуқлар билан қарши олмоқда. Айём арафасида янги ишлаб чиқариш, маданий-маиший объектлар фойдаланишга топширилиши анъана тусига кириб бораяпти.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилда комбинатни ривожлантиришнинг 2017 — 2026 йилларга мўлжалланган иккита дастури қабул қилинди. Уларга кўра, мазкур йирик саноат тузилмасига кейинги ўн йилликда 27 та инвестиция лойиҳаси учун 3 миллиард 63 миллион АҚШ доллари ажратилади. Натижада улкан корхонада қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоиз ошади ва 31 мингга яқин иш ўринлари яратилади. 
Жорий йилнинг март ойида давлатимиз раҳбари Навоий вилоятига ташрифи чоғида ана шу лойиҳалардан бири — Ауминзо-Амантай кони негизида 5-гидрометаллургия заводини бунёд этишга бағишланган маросимда рамзий тугмани босиб, қурилишни бошлашга тантанали старт берганлиги воҳа кончиларига бўлган юксак эътибор ва ишонч намунасидир. Бундай йирик лойиҳалар рўёби давлатимиз иқтисодий қувватини оширади ҳамда минглаб оилалар, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг фаровон ҳаёт кечиришларига пойдевор яратади.
Ўзбекистон — жаҳонга машҳур аллома, мутафаккирлар юрти. Уларнинг дунё цивилизациясига, илм-фан равнақига қўшган беқиёс ҳиссаси бутун дунёда эътироф этилаётгани ҳар биримизга чексиз фахр бағишлайди. Албатта, бу мамлакатимизда нафақат ишлаб чиқариш, балки илм-фан тараққиётига катта эътибор қаратилгани, ушбу соҳада салмоқли ютуқларга эришилгани натижасидир, десак, асло янглишмаймиз. Президентимизнинг иқтисодиётнинг инновацион ривожланишида фан иштирокини кенгайтиришга оид ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар академияси Навоий бўлими ташкил этилиши комбинат ва Зарафшон воҳаси ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Бинобарин, бугунги кунда ишлаб чиқаришни илм-фаннинг энг охирги ютуқларидан айри ҳолда тараққий топтириб бўлмайди. Эришаётган ютуқларимизда комбинат муҳандис-техниклари ва олимларининг катта улуши бор. Улар томонидан саноатга жорий этилаётган илмий ишланма ва ғоялар комбинатнинг технологик қувватларини доимий равишда ошириб боришга ва ҳар қандай мураккаб вазиятларни ўз вақтида ҳал этишга имкон яратаяпти.
Ҳозирги кунда комбинатда 3 нафар фан доктори ва 30 нафардан ортиқ фан номзодлари турли йўналишларда илмий изланишлар олиб бормоқда. Шуниси қувонарлики, уларнинг илмий кашфиётларини дунёнинг энг нуфузли илмий марказлари ҳам эътироф этаяпти. Яқинда Женевадан хушхабар келди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан таъсис этилган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг махсус экспертиза комиссияси хулосасига кўра, комбинатнинг  бир гуруҳ олим ва мутахассислари мураккаб таркибли олтин рудаларидан олтинни ажратиб олиш технологиясини яратганликлари учун “Энг яхши ихтирочи” олтин медали билан тақдирланди. Бу юртимиз илм-фани ва ўзбек металлургияси соҳасига берилган юксак баҳодир.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда бунёдкорлик, яратувчанлик йўлида  олиб борилаётган ислоҳотлар юрт равнақи, халқ фаровонлигини ошириш, тинчлик ва осойишталикни таъминлашда, энг муҳими, ҳар бир юртдошимизнинг бугунидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан умргузаронлик қилишларида долзарб аҳамият касб этмоқда.

Қувондиқ САНАҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори,
Ўзбекистон Қаҳрамони.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn