Ғаройиб ликопча
  • 27 Июль 2017

Ғаройиб ликопча

Бу сабзавот тури кўпгина жойларда наинки озиқ-овқат, балки манзарали экин тариқасида ҳам етиштирилади. Жуда чиройли манзара кашф этиб ўсадиган ушбу ўсимликнинг номи патиссондир. “Патиссон” французча сўз бўлиб, ўзбек тилида “сабзавот ликопча” деган маънони англатади. Чиндан ҳам, унинг меваси ликопчани эслатади.

Патиссондан мураббо тайёрланади, тузлама сифатида фойдаланилади. Шунингдек, уни қовуриб, истеъмол қилса ҳам бўлади.
Патиссон парҳез ва даволаш хусусиятига эга. У 4-7 кунлик пайтида энг мазали ва фойдали ҳисобланади. Агар ҳосил шу пайтларда йиғиштириб олинмаса, дағал, ёғочсимон ва мазасиз бўлиб қолади. Унинг таркибида киши саломатлиги учун зарурий бўлган дармондорилар, минерал тузлар, қанд, ферментлар жуда кўп.  Мевасининг озуқавий баҳоси жуда юқори: 100 грамми 15 кк.га тенг.
Патиссон таркибидаги сув ишқор бирикмалари билан бирлашиб, танада оқсиллар тўлиқ ўзлаштирилишини фаоллаштиради ва қондаги ишқорий муҳитни маромида ушлаб туради. Жигар, қон босими ортиши, паришонхотирлик, камқонлик (анемия), буйрак хасталикларида яхши наф беради.
Патиссон меваси таркибида калий тузлари, уруғи эса мой ва сапонин тўплагани туфайли тиббиётда жуда қадрланади. Масалан, унинг тўқ сариқ тусли навида лютеин моддаси кўплиги боис кўз кўриш қобилиятини яхшилайди. Компьютерда ишлайдиган кишиларнинг иммун тизимини мустаҳкамлаб, ташқи таъсирдан асрайди.
Шу ўринда айтиш жоизки, лютеин қонга тушгач, антиоксидант сингари таъсир этади ва тиқин (тромб) ҳосил бўлишининг олдини олади. Натижада бош мия инсульти ёки юрак инфарктидан сақлайди. Қолаверса, лютеин ҳужайраларни жароҳатланишидан асраб, тананинг қариш жараёнини секинлаштиради. Демак, кимки ўз саломатлигига эътиборсиз бўлмаса, таомномасига тўқ сариқ (апельсинранг) патиссонни киритсин.


Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ,
доришунос.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn