Қишлоқ хўжалигининг таянч кучи
  • 09 Май 2014

Қишлоқ хўжалигининг таянч кучи

Бугунги кунда мамлакатимизда фермер хўжаликлари нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, балки уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш ишларини амалга ошириш ва қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатиш каби йўналишларда самарали ютуқларга эришмоқдалар.

Соҳа вакилларининг фаолияти, айниқса, Президентимизнинг  2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан сўнг янги босқичга кўтарилди. Чунки айнан ушбу ҳужжат асосида Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ташкил этилиб, қишлоқ мулкдорларига бир қатор енгиллик ва имтиёзлар берилди. Айни пайтда республикамизда 13 та ҳудудий, 156 та туман кенгашлари фаолият юритаётган бўлса, уларнинг бошқаруви таркибига 1736 нафар илғор ҳамда тажрибали фермер киритилган.

Кеча пойтахтимизда  Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ташаббуси билан “Ўзагромашлизинг” компанияси, “Ўзагромашсервис” уюшмаси ҳамда “Агробанк” очиқ акциядорлик тижорат банки мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритилди. 

Таъкидланганидек, Фармонда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда фермер хўжаликларининг роли ва аҳамиятини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди. Натижада ўтган вақт мобайнида  давлатимиз раҳбарининг битта, Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарори қабул қилинди. 12 та идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга, шу жумладан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Энг муҳими, бу билан фермер хўжаликлари олдида турган муаммоларни ҳал этувчи, уларга дунё тажрибаларини ўрганишлари учун кенг имконият яратувчи, зарурат туғилганда, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилувчи мустаҳкам тузилма яратилди. Бунинг самараси ўлароқ эса, ўтган йили республикамизда 2000 йилдагига нисбатан 2,3 баробар кўп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, жумладан, деҳқончиликда 6,4 фоиз, чорвачиликда 7,4 фоиз ўсишга эришилди.

Фермерлар фаолиятига илғор инновацион технологияларнинг жалб этилиши, ўз навбатида, уларга маҳсулот етиштириш билан чегараланиб қолмай, қайта ишлаш фаолиятини ҳам изчил йўлга қўйиш имконини бераётир. Бу ташаббуслари билан эса қишлоққа саноатни олиб киришга, аҳоли бандлигини таъминлашга, ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга салмоқли ҳисса қўшмоқдалар. Бугун юртимизда  28 мингта кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан таклиф этилаётган гўшт ва сут, макарон ҳамда ун маҳсулотлари ва бошқа халқ истеъмоли моллари ўзининг юқори сифати, ташқи кўриниши, шунингдек, бежирим қадоқланиши жиҳатидан рақобатга кириша олгани ана шундан далолат беради. 

Буларнинг бари фермерларни аграр тармоқ таянчига айлантиришдек эзгу мақсадларга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасидир, албатта. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn