Сифат ва самарадорлик — муваффақият омили
  • 14 Июль 2017

Сифат ва самарадорлик — муваффақият омили

Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида нафақат ташқи, балки ички бозордан мустаҳкам жой эгаллаш, мижозлар кўнглига йўл топиш осон эмас. Нега деганда, рақобат кучли, танлаш имконияти эса катта. Бундай муҳит ишлаб чиқарувчиларни изланишга, янгилик қилишга ундаши, табиий.

Мазкур жараёнда бизнес юритиш тартиб-таомиллари тубдан такомиллаштирилиб, тадбиркорларга қўшимча имтиёз ва енгилликлар берилаётгани замонавий корхоналар сафи кенгайишига туртки бўлмоқда. Натижада илгари четдан келтирилган кўплаб маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш муваффақиятли ўзлаштирилаяпти. 

Пойтахт вилоятининг Қибрай туманидаги “Sof Gigienik” масъулияти чекланган жамияти ана шундай субъектлар сирасига киради. Гап шундаки, бу ерда биринчилардан бўлиб болалар гигиеник воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга эришилган.

Бугунги кунда корхона маҳсулотларига ташқи бозорда ҳам талаб юқори. Шу боис меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқаришга энг замонавий технологик линиялар жалб этилмоқда. 

— Корхонамиз цехлари хорижнинг илғор ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, автоматик бошқарув тизимига эгамиз, — дейди цех бошлиғи Талъат Абдиев. — Шунинг учун қўл меҳнатига деярли эҳтиёж сезилмайди. Линияга зарур хом ашё қўйилиб, назорат қилиб турилса, кифоя. Кўриб турганингиз, мана бу, болалар тагликлари ишлаб чиқариладиган линияда бир дақиқа ичида 380 та маҳсулот тайёрланади. Улар ишчилар томонидан қадоқлангач, буюртмачиларга пешма-пеш жўнатилади.

Айтиш жоизки, ҳозирги пайтда корхонада меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг аксариятини ёш йигит-қизлар ташкил этади. Улар устозлари, чет эллик мутахассислар кўмагида замонавий ускуналарни бошқаришни тезда ўзлаштириб олишган. Ёшларнинг илғор вакилларидан бири муҳандис-оператор Акмал Низомов технологик линиянинг бенуқсон ишлашига масъул.

— Бундай замонавий асбоб-ускуналарни бошқариш жуда мароқли, — дейди у. — Негаки, улар ишчи-операторларни толиқтирмайди. Унумдорлиги эса юқори. Фақат техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинса, бўлгани. Очиғи, илгари созлаш, таъмирлаш чет эллик мутахассислар томонидан бажарилган бўлса, эндиликда мазкур юмушларни ҳам ўзимиз мустақил уддалаяпмиз.

Корхона фаолият бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо унинг сифатли маҳсулотлари хорижники билан бемалол рақобатлашиб, тобора харидоргир бўлиб бораётир. Жорий йилнинг биринчи ярмида 3,5 миллиард сўмликдан зиёд 20 турдаги болалар гигиеник воситалари тайёрлангани бунинг яққол далилидир. 

Бизнес юритиш учун яратилган қулай муҳит мазкур корхона жамоаси фаолиятини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турини кўпайтиришда кучли рағбатлантирувчи омил бўлмоқда. Пировардида бундан икки йил муқаддам  қўшимча линия ишга туширилиб, яна бошқа турдаги гигиеник воситалар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилди. Шунинг ҳисобига 50 та иш ўрни яратилиб, маҳсулот тури 10 тага кўпайди. Бу, ўз навбатида, бозорларни юқори сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўлдириш баробарида, экспорт салмоғини оширишга хизмат қилаётир. Биргина 2017 йилнинг ўтган даврида 1,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 35,2 минг долларлик экспорт амалиётлари бажарилди.

Корхона жамоаси бугунги натижалар билан чекланиб қолмасдан,  технологик жараённи босқичма-босқич такомиллаштириш, янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштириш пайидан бўлаётгани диққатга сазовор. Бунинг самараси ўлароқ, яқинда буюртмачиларга хўжалик совуни ва ювиш воситалари ҳам етказиб берила бошланди. Бундан кўзланган асосий мақсад замонавий технологияларни изчил жорий этиш, қўшимча қийматга эга маҳсулотлар тайёрлашни кўпайтириш орқали истеъмолчиларни сифатли ва импорт ўрнини босувчи товарлар билан таъминлаш, иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишдир.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Ҳ. ПАЙДОЕВ

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn