Бизнес юритишнинг кафолати нимада?
  • 14 Июль 2017

Бизнес юритишнинг кафолати нимада?

Ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш мақсадида олиб борилаётган бугунги шиддатли ислоҳотлар жараёнида, биринчи навбатда, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботлари бекор қилиниб, тадбиркорларга кўпроқ эркинлик яратилаяпти. Бошқача айтганда, хусусий сектор вакилларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза этишнинг янги тизими вужудга келмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарди. 

Гап шундаки, ушбу ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг вазифалари, фаолият йўналишлари ва ваколатлари кенгайтирилиб, у том маънода тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб иш юритадиган, бизнес фаолиятида дуч келаётган муаммоларни ҳал этишда яқиндан ёрдам берадиган ташкилотга айлантирилди. 

Халқаро пресс-клубнинг “Тадбиркорлар ҳуқуқи ҳимояси — замонавий иқтисодиёт сари” мавзуидаги навбатдаги мажлисида мазкур нодавлат нотижорат ташкилот раҳбарияти билан жонли мулоқот ташкил этилди. 

 

Ишбилармонлар ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади?

Тадбиркор бўлиш учун нималарни билиш керак? Муваффақиятли бизнеснинг кафолати нимада? 

Мазкур соҳада фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган ҳар қандай кишини қизиқтирадиган ушбу саволлар муҳокама мавзуларининг ўзагини ташкил этди, десак, муболаға эмас.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов таъкидлаганидек, мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик сақланиб, иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида юқори ўсиш суръатлари таъминланишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик муҳим роль ўйнаяпти. Негаки, ҳозирги пайтда юртимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони 525 мингтадан ошган бўлиб, ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғи улар томонидан ишлаб чиқарилаяпти. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг эса 78 фоиздан ортиғи шу жабҳада ишлаб, доимий даромад манбаига эга бўлгани диққатга сазовор.

Тубдан ислоҳ қилинган ташкилотнинг ҳозирги фаолияти мазкур кўрсаткичларни янада ошириш, ички ҳамда ташқи бозорга рақобатдош маҳсулотлар етказиб берадиган салоҳиятли тадбиркорлар сафини кенгайтиришга йўналтирилган. Шу боис соҳага хориж инвестицияларини жалб этиб, инновацион тадбиркорликни жорий қилиш, “start-up” лойиҳаларини рўёбга чиқариш, ёшларнинг мустақил бизнесини ташкил этиш сингари аҳоли бандлиги ва даромадларини кўпайтириш тадбирлари ижросига устувор аҳамият қаратилаётир. Буларнинг самараси тез орада кўзга яққол ташланиши кутилаяпти. 

 

Вазифалар қоғозда қолиб кетмайди

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига давлат органларининг вазифалари юклатилгани ташкилот ваколатини янада кенгайтирди. Гап шундаки, у тадбиркорлик соҳасига оид қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга баҳо берадиган орган сифатида шаклланди.  

— Фармонга кўра, эндиликда ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси қабул қилинишидан олдин Савдо-саноат палатаси томонидан кўриб чиқилади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси биринчи ўринбосари Ислом Жасимов. — Бу қонунчиликка келажакда тадбиркорликни камситувчи нормалар, яширин ғов-тўсиқлар киритилишининг олдини олишда мустаҳкам пойдевор бўлади. Янги ташкил этилган Қонунчилик ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш бошқармаси айни шу йўналишда иш юритади. Демоқчи бўлганим, зиммамизга юклатилган вазифаларнинг ҳеч бири қоғозда қолиб кетмайди. Уларнинг изчил ижроси таъминланади. 

Анжуманда қайд этилишича, палатага бўлаётган мурожаатлар кун сайин ортиб бораяпти. Бу ҳафтасига ўртача 4,5 мингтага тўғри келади. Уларнинг барчаси янгидан ташкил этилган Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси томонидан атрофлича ўрганилиб, масала ва муаммоларни палатанинг ўзида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

 

Миллий бренд — миллий ғурур

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, минерал ўғитлар, енгил автомобиллар ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган бошқа товарларнинг экспорт ҳажмлари сезиларли даражада ортди. Бунда жорий йилнинг ўтган даврида 360 дан ортиқ янги корхоналар экспорт фаолиятига жалб қилингани, чет эллик буюртмачиларга 120 дан зиёд янги маҳсулотларни етказиб бериш йўлга қўйилгани муҳим омил бўлди. 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ботиржон Асадовнинг айтишича, экспортчи корхоналар сафини кенгайтириш, миллий брендларимизни ташқи бозорларда тарғиб қилиш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар кўрилаяпти. Бунинг учун тадбиркорларнинг халқаро кўргазмалар, бизнес-форум ва ярмаркаларда иштирокини таъминлаш, ўз навбатида, чет эллик инвесторларнинг юртимизга ташрифини ташкиллаштириш саъй-ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бунда 40 дан ортиқ мамлакатларнинг Савдо-саноат палаталари билан келишувга эришилгани айни муддао бўлаётир. Мақсад тадбиркорлик субъектларига ишончли ҳамкорлар топиш, янги бозорларни ўзлаштиришга кўмаклашишдир. 

Айни пайтда палата томонидан Ўзбекистон саноат салоҳияти, экспорт имкониятларини кенг намойиш этадиган нуфузли тадбир — Халқаро иқтисодий форумга жиддий тайёргарлик кўрилаяпти. Анъанавий ўтказиш кўзда тутилаётган мазкур тадбир янги хорижий ҳамкорлар топиш, қўшимча савдо йўлакларини очиш, тайёр саноат маҳсулотларимиз экспортини оширишда муҳим бозор механизмига айланиши кутилаётир.  

Замонавий иқтисодиёт сари дадил қадам ташлаётган юртимизда бизнесни йўлга қўйиш, эмин-эркин фаолият юритиш учун барча зарур шарт-шароит мавжуд. Ишбилармонлар ҳуқуқларининг қонуний кафолати эса тобора мустаҳкамланмоқда. Бундай қулай муҳитда тадбиркорликка меҳр қўйган, ўз ишидан роҳатланиб меҳнат қиладиган киши борки, бизнес-режасини тўла-тўкис амалга ошириб, юксак муваффақиятларга эришиши муқаррар. 

Халқаро пресс-клубнинг бу галги мулоқотида иштирок этганларнинг якдил хулосаси шундай бўлди. 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn