Ҳудуд тараққиётида муҳим босқич
  • 12 Июль 2017

Ҳудуд тараққиётида муҳим босқич

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7-8 июль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида халқ билан мулоқот, жойларда ўтказилган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар тақдимоти чоғида билдирган фикрлари, ҳудудни янада ривожлантириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида белгилаб берган вазифалари вилоят аҳлини  янги марралар сари ундамоқда. Айни пайтда  корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларида мазкур вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинаяпти.

Муродхон ВАЛИЕВ, Тўрақўрғон туманидаги  “Gold Fresh Fruts” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

— Президентимиз ташриф чоғида интенсив боғларимиз, шунингдек, бир қатор мева-сабзавотчилик хўжаликларининг лойиҳалари билан ҳам яқиндан танишди. Адирликлар бағридаги 482  гектар майдонда гилос, олхўри  ва шафтоли кўчатлари ўтқазилган. Хориждан келтирилган ва Тўрақўрғон заминига мослашаётган бу ниҳоллар парваришида замонавий боғдорчилик технологияларидан кенг фойдаланаяпмиз. Бизнес лойиҳамизда етиштирилган ҳосилни қайта ишлаш алоҳида белгиланган. Унга мувофиқ,  6,5 гектар жойда  мева-сабзавотларни қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш логистика маркази ташкил этилади. Бу ерда тайёрланадиган маҳсулотларнинг деярли барчаси экспортга чиқарилади. 

Давлатимиз раҳбари фаолиятимизни кўздан кечирар экан, адир ерларни ўзлаштириш ҳисобига гилосзорларни 1000 гектарга кенгайтириш, бу ишга тадбиркорларни жалб қилиш ва Тўрақўрғонда водий боғдорчилик мактабини ташкил этиш вазифасини ўртага қўйди. Буларнинг ҳаммаси қишлоқ хўжалигининг даромадли соҳаси бўлган боғдорчиликни янада ривожлантириш, заминимизда етиштирилган неъматлар экспортини кўпайтиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Икромхон НАЖМИДДИНОВ, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят  бўлими бошқаруви  раиси:

— Кексаларини ардоқлаган халқ кам бўлмайди. Шу жиҳатдан олганда, юртимизда табаррук қариялар ҳурматини жойига қўйиш, улар учун муносиб турмуш ва дам олиш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътирофга лойиқ. Яқинда Наманган шаҳридаги сўлим маданият ва истироҳат боғида барпо этилган “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг маъмурий биноси ҳамда “Нуронийлар маскани” мажмуаси ҳам кекса авлод вакилларига ажойиб туҳфа бўлди. 

Мамлакатимиз раҳбари вилоятга ташрифи чоғида мазкур мажмуа билан яқиндан танишди. Бу ерда яратилган шарт-шароит, жумладан, “Оталар чойхонаси”,  шахмат-шашка, тренажёр зали ва бошқа қулайликлар эндиликда қарилик гаштини сураётган отахон-онахонларнинг вақтини мазмунли ўтказишга муносиб хизмат кўрсатиши зарурлигини таъкидлади.

Президентимиз мажмуада вилоятнинг бир гуруҳ мўйсафидлари билан учрашиб, мулоқот қилди. Дилдан суҳбат чоғида кекса авлод вакилларининг ҳаётий тажрибаси, ўгитларидан оқилона фойдаланиш, бунинг учун ҳали ғайрати сўнмаган фахрийларни ижтимоий фаолиятга кенг жалб этиш яхши самара бериши айтиб ўтилди. Учрашув   ниҳоясида отахонлар қўлларини дуога очиб, юртимизда амалга оширилаётган эзгу ишларга ривож тиладилар. 

Мана, бир неча кундирки, наманганлик ёши улуғлар ана шу учрашув таассуротларини бир-бирларига гапириб беришаяпти. Ўзаро суҳбатларда ёшлар тарбиясида Президентимизга ҳамкор бўлиш ҳар бир фахрийнинг шарафли вазифаси эканлиги такрор-такрор тилга олинмоқда.

«Халқ сўзи» мухбири 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn