Маҳаллийлаштириш: Рақобатбардош маҳсулотлар ва янги иш ўринлари
  • 08 Май 2014

Маҳаллийлаштириш: Рақобатбардош маҳсулотлар ва янги иш ўринлари

Яқинда Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида Узун туманидаги “Фидокор Сурхон агромаш” масъулияти чекланган жамиятида қишлоқ хўжалиги техникалари учун тайёрланаётган эҳтиёт қисмларни Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш юзасидан истиқболли таклифлар билдирилди.

Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, кейинги йилларда вилоятда ишлаб чиқариш субъектларини молиявий соғломлаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар жойлардаги саноат тармоқларида импорт ўрнини босувчи янги маҳсулот турлари ўзлаштирилишига ва қўшимча иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда. Айниқса, ҳудуддаги паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган корхона ва объектларнинг мулкдорларга инвестиция киритиш мажбурияти билан “ноль” қийматида сотилиши соҳани янада ривожлантириш имконини бераяпти.

“Фидокор Сурхон агромаш” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишиб, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Тумандаги собиқ “Ихтисослаштирилган тажриба заводи” ўрнида маҳаллий инвесторлар маблағлари ҳисобига ташкил этилган мазкур корхонада дастлаб ҳудуддаги қишлоқ хўжалик техникалари учун эҳтиёт қисмлар ва ускуналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шундан сўнг бу ерда кенг кўламли технологик янгиланишлар амалга оширилиб, жамият фаолияти кенгайтирилди.

— Бугун қўшимча тармоқларни ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратаяпмиз, — дейди тадбиркор Қобилжон Ҳамзаев. — Ўз навбатида, улар энг илғор технологиялар билан жиҳозланаяпти. Пировардида харидоргир ва рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашга эришаяпмиз.

Дарҳақиқат, корхонанинг мавжуд цехларидаги ускуналар замонавий. Сўнгги русумдаги фрезерлик, токарлик ҳамда чилангарлик дастгоҳларини ёшлар моҳирлик билан бошқармоқда. Бу эса Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Хонжиза бошқармасига қарашли махсус техникалар, транспорт воситалари ҳамда механизмлар учун 30 турдаги эҳтиёт қисмлар ва ускуналар ишлаб чиқаришда қўл келаётир. Аниқроқ айтганда, оғирлиги 480 килограммни ташкил этувчи махсус пичоқлар, конлардаги қувурларни улашда қўлланиладиган “БРС” мосламалари, пармаловчи машиналар, кесма втулкалар ҳамда 14 турдаги больт ва гайкалар буюртмачиларга маъқул келмоқда. Шунингдек, ғўза қатор ораларига ишлов берувчи культиваторлар, ҳайдов тракторлари ва плугларга мўлжалланган бутловчи қисмлар ҳам талабгорларда катта қизиқиш уйғотаяпти.

Дарвоқе, яқинда корхона қошида яна бир янги тармоққа асос солинди. Яъни бу ерда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар учун сифатли эшик ва ромлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Бу эса корхона даромадлари кўпайишига асос бўлмоқда. Шунга қарамай, жамоа изланишдан тўхтагани йўқ. Чунончи, ҳозир “Фидокор Сурхон агромаш”да металлни қайта ишлаш ҳамда  шиша идишлар ишлаб чиқариш цехини ишга тушириш саъй-ҳаракатлари давом эттирилаяпти.

Эътиборли жиҳати, умумий қиймати 400 миллион сўмлик мазкур лойиҳа рўёбга чиқарилиши билан маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар тури ҳамда иш билан банд аҳоли сони янада кўпаяди.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn