Автомобиль саноати ривожида муҳим воқеа
  • 07 Июль 2017

Автомобиль саноати ривожида муҳим воқеа

Кеча “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси “Peugeot Citroen Avtomotive” гуруҳи билан ўзаро ҳамкорликда йўловчи ва юк ташиш автомобилларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган завод қурилишига киришилди.

Мазкур корхона Президентимизнинг 2017 йил 13 июндаги “Хорижий инвестициялар иштирокидаги “Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” корхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзавтосаноат” АК ва “Peugeot Citroen Automotive” гуруҳи ўртасидаги келишув асосида бунёд этилмоқда.

Шу муносабат билан ташкил қилинган тадбирда “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси, “Peugeot Citroen Avtomotive” гуруҳи ходимлари, Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган имкониятлар ва қулай ишбилармонлик муҳити юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Зеро, жаҳонга машҳур  автомобиль ишлаб чиқарувчиларидан бири — “Peugeot Citroen Automotive” гуруҳи билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу йирик лойиҳа ҳам Ўзбекистон автомобиль саноати истиқболига хорижлик ишбилармонларнинг ишончи юксак эканининг яна бир амалий тасдиғидир.

— Қўшма корхона барпо этилишини Ўзбекистон Республикаси Президенти қўллаб-қувватлаётганидан чексиз миннатдормиз, — дейди “Peugeot Citroen Automotive” гуруҳи вице-президенти Кристоф Бержеран. — Ушбу лойиҳа нафақат ҳудуд, балки Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳам равнақига хизмат қилишига ишонамиз. 

Завод қурилиши учун “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида 45 гектар ер майдони ажратилди. Президентимиз қарори билан лойиҳа иштирокчилари учун бир қатор солиқ ҳамда божхона имтиёзлари, преференциялар тақдим этилган.

Икки томонлама келишувга биноан, “Peugeot Citroen Automotive” гуруҳи янги технологиялар ва замонавий ишлаб чиқариш жараёнларини жорий этади ҳамда ходимлар малакасини оширади. 

Корхонанинг қурилиш-монтаж ишларини 2018 йил 1 майга қадар якунлаш режалаштирилмоқда. 2019 йилдан эса бу ерда янги русумдаги машиналар ишлаб чиқаришга киришилади. Завод йилига 16 минг дона замонавий автомобиль тайёрлаш қувватига эга бўлади. Маҳсулот ички бозордан ташқари, экспорт ҳам қилинади.

Шунингдек, заводда ишлаб чиқаришни бошқариш, маҳсулот сифати,  етказиб бериш ва савдо масалалари замонавий тизим асосида олиб борилади. Энг муҳими, бу ерда дастлабки йилдаёқ автомобиль эҳтиёт қисмлари етказиб беришга ихтисослаштирилган, “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси тизимидаги 30 га яқин йирик ва 160 дан ортиқ ўрта ҳамда кичик корхоналарни жалб қилиш эвазига 50 фоиз маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш кўзда тутилмоқда. 

Энг муҳими, мамлакатимиз автомобиль саноати ривожида яна бир зарҳал саҳифа очаётган мазкур янги қўшма корхонанинг ишга туширилиши аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшади. Чунки бу ерда 600 дан зиёд иш ўринлари яратилади. 

Айни пайтда завод қуриладиган майдонда иш бошлаб юборилди. Анъанага кўра, тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хорижлик меҳмонлар, қурувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида заводнинг асосий иншооти пойдеворига келажакка битилган мактуб солинган капсула жойлаштирилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов, Жиззах вилояти ҳокими У. Узоқов сўзга чиқди.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn