Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий шарти
  • 30 Июнь 2017

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий шарти

Мамлакатимизни 2021 йилга қадар янада ривожлантириш стратегияси давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш йўлларини белгилаб берди. Давлат бошқарувини янгилаш ва модернизациялаш, авваламбор, уни номарказлаштириш, тизимни оптималлаштириш, давлат органлари хизматлари сифатини яхшилаш деганидир. Бугун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг турли соҳаларда ваколатларини кенгайтириш, уларни аниқлаштириш, ижро ҳамда вакиллик тармоқлари ваколатлари чегарасини белгилаш зарурати юзага келди.

Мавжуд муаммо ва камчиликлар

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг қонуний асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун ҳамда 200 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари ташкил қилади. Уларда вакиллик органининг тузилмаси, асосий вазифалари, фаолият йўналишлари, ваколатлари ҳамда иш тартиби белгилаб берилган.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларда қарийб барча масала — ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш, қонунийликни, ҳуқуқ-тартиботни ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро қилиш, маҳаллий солиқларни, йиғимларни белгилаш, бюджетдан ташқари фондларни, коммунал хўжалигини шакллантириш, атроф-муҳитни муҳофазалаш, норматив ҳужжатлар қабул қилиш ва бошқалар бир вақтнинг ўзида ҳам ҳокимнинг, ҳам халқ депутатлари Кенгашининг ваколатига киритилган. Амалиётда мазкур масалалар билан ҳоким ва унинг ижро аппарати шуғулланмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши эса ушбу фаолият натижаларини вақти-вақти билан назорат тартибида кўриб чиқаётир, холос.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг қонуний асосини ташкил қиладиган ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили шуни кўрсатдики, уларда Кенгашларга ҳам, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларига ҳам “маҳаллий давлат ҳокимияти органлари” сифатида қаралади. Бу ҳолат эса ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли ноаниқликларга сабаб бўлаяпти. Чунки қандай вазифалар депутатларнинг мутлақ ваколатига кириши, уларни иш фаолиятида қандай қўллаш тушунарсиз бўлиб қолмоқда. 

Масалан, “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғри-сида”ги Конституциявий қонуннинг 7-моддасида халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳларига вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш ташаббуси ҳуқуқи берилади. Бундай ташаббус етакчи партия гуруҳлари томонидан қўллаб-қувватланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти бу ташаббуснинг халқ депутатлари Кенгашидаги муҳокамасини тайинлайди ва муҳокама натижаларига мувофиқ қарор қабул қилади. Ушбу ваколат амалиётда бирор марта ҳам фойдаланилмаган. Бунинг сабаби шундаки, “асосланган хулоса” тушунчаси тўлиқ очиб берилмаган. Бундан ташқари, агар бундай ташаббус ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи томонидан илгари сурилса, “етакчи партия гуруҳлари” деганда қайси партия назарда тутилади, деган савол ҳам очиқ қолган.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий ваколатларига киритилган. Аммо Солиқ кодексининг 27-моддасида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатига киритилган. Шундай қилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги зиддиятлар Кенгашларга солиқ ставкалари ёки бошқа мажбурий тўловларни белгилаш ҳамда ўзгартириш имконини бермаяпти.

Амалдаги қонунчиликда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг вилоят, туман ёки шаҳар даражасида ваколат ҳамда вазифалари аниқ чегаралаб қўйилмаган. Ҳамма депутатлар ҳам Кенгашнинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ролини аниқ-равшан тасаввур қила олмайди.

 

Таъсирчан механизмлар керак

Қонунларнинг ижро органлари томонидан амалга оширилиши доимо депутатлик ва парламент назорати эътиборида бўлиши лозим. Шундагина улар самарали бажарилади. Маълумки, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашида 60 нафар депутат фаолият юритади. Мазкур Кенгаш фаолияти таҳлилидан маълум бўлдики, қабул қилинган қарорларнинг аксарияти (жами қарорларнинг 80 фоизга яқин) ташкилий масалаларга тааллуқли. Яъни тайинлаш, режаларни, низомларни тасдиқлаш, комиссиялар, гуруҳлар ва кенгашлар тузиш, ҳокимлар ҳамда сенаторларнинг Олий Мажлис Сенати ёки Вазирлар Маҳкамаси мажлислари якунлари юзасидан ахборотини эшитиш, ҳар чоракда бюджет ҳисоботлари ва юқори турувчи органлар қарорлари ижроси муҳокамаси билан боғлиқ масалалар шулар жумласидандир. Бор-йўғи 20 фоиз қарорлар депутатлик сўровлари асосида ёки жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари бўйича қабул қилинган.

Бундай ҳолат депутатлар, партия гуруҳларининг суст фаолият юритаётганидан далолат беради. Мисол учун, 2015 йил давомида бирор-бир партия гуруҳи сессия кун тартибига масала олиб чиқмаган. Шу билан бирга, қатъий ва ҳаётий депутатлик назорати ўрнатилмаган.

Кенгашлар фаолиятида парламент амалиётида кенг тарқалган ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари фаолиятининг самарадорлигини ўрганиш, “депутатлик соати”, мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги масалани қўйиш, депутатлик текширувлари сингари назорат шаклларидан фойдаланилмаяпти.

Депутатлик сўровларининг ҳаммаси ҳам пухта-пишиқ ишлаб чиқилмаган, аниқ ва асосли ҳамда мантиқли ифодаланмаган. Гарчи, уларнинг сони йилдан-йилга ошса-да (бир йилда 187 та депутатлик сўрови ёки ҳар бир депутатга учтадан сўров), асосан, айрим -депутатлар фаоллиги ва жонбозлиги ҳисобига бўлмоқда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органининг муҳим вазифаларидан бири норма ижодкорлиги ҳисобланади. Аммо амалда бу иш билан ҳокимликнинг тегишли тузилмаси ходимлари шуғулланишаяпти. Амалиётда олимлар, мутахассис ва экспертлар иштирокида депутатлик эшитувларидан кенг фойдаланиш норма ижодкорлиги сифатини оширган бўлар эди. Депутатлар туман, вилоят учун долзарб бўлмаган муаммоларни маҳаллий ҳокимлик, жамоатчилик, илмий муассасалар билан биргаликда муҳокама этишни йўлга қўйиши керак. Бу масала юзасидан холис ва таъсирчан қарор қабул қилишга туртки беради.

Шу ўринда яна бир масала. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига жойлардаги ижро ҳокимияти, ички ишлар, прокуратура органлари, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш амалиёти жорий қилинаяпти. Бу депутатлик назоратини кучайтириш ҳамда вакиллик ҳокимиятининг ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсирини ошириш -имконини яратади.

Бугунги кунда Кенгашлар ўз вазифаларини, асосан, сайловчилар мурожаатлари асосида олиб бормоқда. Бу мақсадга эришиш учун камлик қилади. Халқимиз ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш учун янги таъсирчан механизмларни жорий қилиш ҳамда уларни қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш жуда муҳимдир. Авваламбор, “депутатга сайловчилар топшириғи” институти жорий қилиш, яъни сайловчилар билан мулоқот жараёнида келиб тушадиган асосланган ва ҳақиқатда рўёбга чиқариш мумкин бўлган таклифларни ҳисобга олиш фуқароларнинг хоҳиш-истаги ва манфаатларини янада самарали илгари суриш имконини берган бўлар эди. Яна бир таъсирчан механизм жамоатчилик эшитувларини йўлга қўйиш бўлиб, унда депутат ўз округи сайловчиларининг манфаатларини ифодалайди. Шу билан бирга, депутатлар томонидан долзарб масалалар юзасидан аҳолининг фикри ўрганилиши, маҳаллий Кенгаш депутати фаолиятини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Маҳаллий бюджетларни ҳокимларнинг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш халқ депутатлари Кенгашининг қонуний ваколатларидан бири ҳисобланади. Амалда эса депутатлар ушбу жараёнга етарлича таъсир кўрсата олмаяпти. Маҳаллий бюджетлар қандай тақдим этилса, шу параметрлар асосида тасдиқланмоқда.  

Маълумки, бир қатор солиқлар бўйича даромадлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида қолади. Шу сабабли маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини ҳамда бу борада имтиёзларни белгилашни тўлиқ халқ депутатлари Кенгаши ваколатига ўтказишни назарда тутадиган низомни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш талаб этилади.

 

Шаффофлик — устувор талаб

Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида янги таҳрирдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Ундан мақсад маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тузилмасини такомиллаштириш ва қонунлар ижросини таъминлаш борасидаги ваколатларини аниқлаштириш ҳисобланади. 

Амалдаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунда, авваламбор, халқ депутатлари Кенгаши мутлақ ваколатига кирадиган масалаларни аниқ белгилаб олиш заруратини кўрсатди. Ҳокимиятлар бўлиниши принципини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро ҳокимиятининг вазифаларини ажратиб кўрсатиш, уларни ҳуқуқий, ташкилий-техникавий ва молиявий чора-тадбирлар билан комплекс мустаҳкамлаб қўйиш лозим. Халқ депутатлари  маҳаллий Кенгашларининг бюджет-молия соҳасида ваколатларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бюджет, Солиқ кодексларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ.

Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш, сайловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш учун очиқ ва шаффоф бўлиши зарур.

Толибжон МАДУМАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

(Материал Иқтисодий тадқиқотлар маркази кўмагида тайёрланди.)

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn