Экспорт учун имконият кенг
Версия для печати
  • 29 Июнь 2017

Экспорт учун имконият кенг

Ундан унумли фойдалана билиш керак.

Экспорт иқтисодий тараққиётни белгилаб берувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Аммо ташқи бозорга дадил кириб бориш, рақобатга дош бериш, халқаро стандартларга мос маҳсулот ишлаб чиқариш осон эмас. Шу боис мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш, экспортни йўлга қўйишни мақсад қилган ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш иқтисодий ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Пировардида экспортчи субъектлар сони йил сайин кўпайиб, “Made in Uzbekistan” брендининг нуфузи ортиб бораётир. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 360 дан ортиқ янги корхоналар экспорт фаолиятига жалб қилингани, 120 дан зиёд янги турдаги маҳсулотлар хорижий буюртмачиларга етказиб берилгани бунга яққол мисол бўла олади.

Экспорт географиясини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, ташқи бозорларга маҳаллий маҳсулотларни олиб чиқиш ҳажмини кўпайтиришда, айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки қошида ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг алоҳида ҳиссаси бор. Республикамизнинг барча ҳудудида ўз филиалларига эга бўлган мазкур ташкилот тадбиркорларга чет эллардан ҳамкорлар топиш, хорижий давлатлар қонунчилигига мувофиқ лицензия ҳамда сертификатлар олиш, халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиш учун ташкилий, ҳуқуқий ҳамда молиявий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бу жараёнда Жамғарманинг 100 дан ортиқ чет эл ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатгани, 10 га яқин мамлакатларда ўз ваколатхоналарига эга эканлиги қўл келаяпти.

Кеча Тошкент шаҳрида Жамғарма ташаббуси билан экспортчи корхоналарга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар, ташқи бозорга рақобатдош ва харидоргир маҳсулотлар чиқаришни кўпайтириш масалаларига бағишлаб ташкил этилган анжуманда шу ҳақда сўз юритилди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг жорий йил 21 июндаги “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш йўлида навбатдаги муҳим босқични бошлаб берди. Унга кўра, ҳаётга татбиқ қилинаётган янгилик ва енгилликлар қўшимча савдо йўлакларини очиш, хорижда талаб юқори бўлган маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмларини сезиларли даражада оширишга мустаҳкам пойдевор яратади.

— 2017 йилнинг ўтган даврида 1900 дан ортиқ корхоналарга бориб, уларнинг экспорт салоҳияти ҳамда имкониятини яқиндан ўргандик, — дейди Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори Жаҳонгир Мустафоев. — Натижада 1705 та кичик бизнес субъектига ташқи бозорга чиқиши учун амалий ёрдам кўрсатилди. Бу эса кутилган самарани бериб, умумий қиймати 1 миллиард 565 миллион АҚШ долларилик экспорт шартномалари имзоланди. Уларнинг доирасида 340 нафарга яқин тадбиркорлар 657 миллион долларлик экспорт амалиётларини бажаришга эришдилар.

Таҳлилларга қараганда, Жамғарма кўмагида ташқи иқтисодий фаолиятга жалб қилинаётган корхоналар сони ортиб, етказиб берилаётган маҳсулотлар тури ҳам кўпаймоқда. Мисол учун, 2014 йилда қарийб 2400 та корхоналарга яқиндан ёрдам берилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич салкам 3360 тага етказилди. 2017 йил давомида эса 4000 та тадбиркорлик субъекти Жамғарма хизматларидан фойдаланиши режалаштирилган. Аммо бу натижалар мавжуд имкониятлар даражасига мос эмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Айниқса, мева-сабзавот маҳсулотлари, тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал буюмларини ташқи бозорларга олиб чиқиш, бунинг учун эса замонавий маркетинг усулларидан кенгроқ фойдаланиш зарур. Журналистлар айни шу йўналишда олиб борилаётган ишлар билан қизиқдилар.

— Кичик бизнес субъектларининг экспорт географиясини кенгайтириш, янги ҳамкорлар топиш мақсадида Жамғарма яқин келажакда Латвия, Сингапур, Португалия, Чехия, Люксембург, Польша, Буюк Британия, Кувайт каби давлатларда ўз ваколатхоналарини очишни режалаштирган, — дейди жамғарма ижрочи директори ўринбосари Марат Жўраев. — Бундан ташқари, юртимиз ишбилармонларининг халқаро кўргазма ва ярмаркалар, бизнес-форумларда мунтазам равишда иштироки таъминланаётгани ҳам ўз самарасини бераяпти. Хусусан, шу йилнинг май ойида Қозоғистонда ўтказилган ярмаркада Жамғарманинг молиявий кўмаги туфайли 200 дан зиёд тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан қатнашди. Натижада улар умумий қиймати 18,6 миллион долларлик экспорт шартномалари тузишга муваффақ бўлдилар.

Анжуманда Жамғарма таъсисчилигида ташкил этилган 85 та агрофирманинг сархил мева-сабзавот ҳамда чуқур қайта ишланган боғ ва дала неъматлари экспортини кўпайтиришдаги ўрни, маҳаллий корхоналарнинг экспорт имкониятлари бўйича ҳам атрофлича маълумотлар берилди.

Якунда айтилганидек, бугун “Экспорт қиламан”, деган тадбиркорга барча шарт-шароит яратиб берилган. Ундан нечоғли фойдаланиш эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn