Жаҳон бозорига кенг йўл
  • 28 Июнь 2017

Жаҳон бозорига кенг йўл

Сифат — замонавийлик мезони. Бунга қатъий риоя қилинган жойда ривожланиш бўлади. Шу боис бугунги кунда  тадбиркорларимиз ўз маҳсулотларини халқаро стандартлар талаблари асосида тайёрлашга интилмоқдалар. Натижалар, кўрсаткичлар эса тобора яхшиланиб бораяпти. Масалан, мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда ишбилармонларимиз хом ашё ёки қўл меҳнати асосида яратилган маҳсулотларни яқин қўшни давлатлар бозорларига сотган бўлса, эндиликда экспортчиларимиз Америка, Осиё, Европа ва Африка мамлакатларига дадил кириб бораётгани қувонарлидир.

Халқаро талабларга мувофиқ фаолият юритиш тараққиёт омили экан, ушбу йўналишдаги ишлар ҳеч қачон долзарблигини йўқотмайди. Аксинча, янги талаб ва таклифлар ҳисобига бойиб бораверади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зотан, мазкур ҳужжатда  бу борадаги камчиликларга алоҳида эътибор қаратилиб, келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар кўрсатиб берилди, соҳа вакиллари олдига кўплаб вазифалар қўйилди. 

— Уларнинг энг муҳимларидан бири “Ўзстандарт” агентлиги қошидаги мавжуд “Миллий эталонлар маркази”, “Метрология хизматлари кўрсатиш маркази” ҳамда “Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти” негизида “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонасининг ташкил этилишидир, — дейди “Метрология хизматлари кўрсатиш маркази” давлат корхонасининг сифат бўйича менежери Елена Огай. — Бунинг аҳамияти нимада? Аввало, бу билан эталонлар, энг юқори аниқликдаги ўлчов воситаларини сақлаб туриш, уларни халқаро даражада солиштириш, ўлчовларнинг ягона бирлигини таъминлаш бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, метрологик назорат натижаларини ўзаро тан олиш бўйича халқаро шартномалар тузиш, соҳага оид илмий тадқиқотларни амалга ошириш каби юмушлар янада жадаллашади. Содда қилиб айтганда, эндиликда маҳсулотларнинг техник тавсифларини тасдиқлаш ва чет элда ишлаб чиқарилаётган товарларнинг мувофиқлигини баҳолаш, уларнинг  бозорлардаги рақобатдошлигини оширишнинг яхлит тизими яратилаяпти. 

Айни пайтда республикамизда 9 та миллий эталон мавжуд бўлса, 2018 — 2021 йиллар мобайнида ажратиладиган 3,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига яна 15 та эталон  ва юқори аниқликда ўлчовчи воситалар харид қилиниши режалаштирилмоқда.

Дарҳақиқат, сифат ва рақобатдошлик давр талабига айланаяпти. Чунки шу орқали корхоналар молиявий жиҳатдан бақувват бўлиб,  бозордаги ўрнини мустаҳкамлаб олиши мумкин. 

— Давлатимиз раҳбарининг қарори билан тадбиркорларимизга бир қатор енгилликлар берилаётир, — дейди “Ўзстандарт” агентлигининг Стандартлаштириш бошқармаси бошлиғи Зоир Аманов. — Жумладан, бизнинг йўналишимизда эски стандартлар таҳлил этилиб, талабга жавоб бермайдиганларининг бекор қилиниши соҳа вакилларига катта қулайлик яратади. Шу боис жорий йилнинг ўзида 492 стандарт қабул қилиниши белгиланган бўлса, ҳозиргача уларнинг 187 таси корхона ва ташкилотларда жорий этилди. Тўрт йил ичида эса 2066 та шундай стандарт амалиётга киритилади. Пировардида, юртимизда тайёрланаётган экспортбоп маҳсулотларга халқаро доирада -талаб янада кенгайиб, мавжуд тўсиқлар бартараф этилади. 

— Қарор асосида, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш йўналишида ҳам бир қатор янгиликларга қўл урилмоқда, — дейди “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси бўлим бошлиғи Иродахон Усмонова.  — Республика ҳамда Тошкент синов ва сертификатлаштириш маркази билан Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси бирлаштирилиши — шулардан бири. Бу — ҳудуддаги барча ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар, экспортчи ва  импортчи корхоналарга битта жойда хизмат кўрсатиш мумкин, дегани. Яъни сертификат масаласида мурожаат қилган ишбилармонга шу ернинг ўзида унинг маҳсулотига қайси давлатда эҳтиёж бор ёки қандай талаблар қўйилиши бўйича ҳам маслаҳатлар берилади. Зарур бўлса, хорижликлар билан ҳамкорлик қилиш юзасидан амалий кўмак кўрсатилади. Қолаверса, қарорда тадбиркорлик субъект-лари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхати кескин қисқартирилмоқда. Шу билан бирга, тадбиркор ва -ишлаб чиқарувчиларга қулайлик яратиш мақсадида сертификатлаштириш учун онлайн аризалар қабул қилиш тизими қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди. 

Бундан ташқари, эндиликда республикамиз синов базасини замонавийлаштириш, янги синов лабораторияларини ташкил этиш ва хизматларни халқаро даражага чиқаришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу қабул қилинган қарор орқали тизимга жорий этилаётган янгилик ва ўзгаришларнинг бир қисми, холос. Энг муҳими, унинг ижроси мамлакатимиз иқтисодиёти тараққиётини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ишлаб чиқилган стандартлар 160 дан ортиқ давлатда тан олинган. Демак, юртимизда тайёрланаётган маҳсулотлар шунча мамлакат бозорига кириб бораяпти. Ишонамизки, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” савдо белгиси остидаги маҳсулотлар дунё бозорини забт қилишда давом этаверади. Бинобарин, қарорда таъкидланганидек, халқаро стандартларга мос фаолият юритиш халқаро доирага чиқиш учун йўлланмадир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn