Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш
  • 27 Июнь 2017

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш

 

қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олиш имконини беради

Қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожи, кўп жиҳатдан, сув ресурсларидан нечоғли унумли фойдаланишга боғлиқ. 

Шу боис ҳам мамлакатимизда мелиорация ва ирригация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишларига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Кейинги беш йил -мобайнида шундай тадбирлар ижроси учун Давлат бюджети ҳисобидан қарийб 2 трлн. сўм маблағ йўналтирилгани бунинг яққол далилидир.

Натижада умумий узунлиги 1265,6 километр каналлар, 260,4 километр суғориш (лоток) тармоқлари, 212 дона йирик гидротехник иншоот, умумий қуввати 32,3 м3/сония бўлган 

23 та насос станцияси, насос станцияларининг юқори босимли 62,4 километрлик қувурлари қурилиб, мавжудлари реконструкция қилинди. Бундан ташқари, дарё ва каналларнинг 42,5 километр узунликдаги қирғоқлари мустаҳкамланди. 

Кеча пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан “Гидротехник иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш — сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мезони” мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.

Соҳа мутахассислари қайд этганидек, сув ресурсларининг шаклланиши чекланган юртимиз шароитида обиҳаёт захираларини яратишда сув омборларини барпо этиш муҳим аҳамиятга эга. Негаки, бундай иншоотлар мавсумий сел сувларини тўплаб, экин майдонларини кафолатли сув билан таъминлаш имконини беради. Шунинг учун сўнгги йилларда бир қанча сув омборлари барпо этилди. “Сардоба” сув омбори шулардан бири бўлиб, у фойдаланишга топширилгач, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги 395 минг гектардан зиёд экин майдонлари сув билан узлуксиз таъминланаётир. 

Тупроқ ўзанли каналлар бетонлаштирилаётгани ҳам бебаҳо неъмат беҳуда йўқотилишининг олдини олишда қўл келаяпти. Гидротехник иншоотларни модернизациялаш жараёнида шаҳарлар ҳудудидан ўтган қисмлари замонавий меъморлик ечимлари асосида ободонлаштирилаётгани туфайли уларнинг атрофи энг сўлим масканларга айланмоқда. Бунга Гулистон шаҳридаги “Дўстлик” канали ва унинг атрофида бажарилган ишлар яққол мисол бўла олади.

Тадбирда насос станциялари энергия тежовчи замонавий агрегат ва қурилмалар билан қайта жиҳозланаётгани туфайли республикамиздаги 1 млн. 123 минг гектардан ортиқ майдондаги экин майдонларининг сув таъминоти яхшилангани алоҳида таъкидланди. Бу эса деҳқон ва фермер хўжаликларига такрорий экин экиб, мўл-кўл озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш имконини беради, албатта.

Анжуманда сўзга чиққанларнинг айтишича, гидротехник иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари кўлами жорий йилда янада кенгайди. Хусусан, дастлабки беш ой давомида сув хўжалиги объектларида 194,7 млрд. сўмлик капитал маблағ ўзлаштирилиб, 161,4 километр узунликдаги каналлар, 25,6 километр суғориш (лоток) тармоқлари, 10 та гидротехник иншоот, насос станцияларининг 5,3 километр босимли қувурлари қурилди ва реконструкция қилинди. Бунинг эвазига 275 минг гектардан зиёд ер майдонининг сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn