Тараққиётнинг янги стратегияси
  • 27 Июнь 2017

Тараққиётнинг янги стратегияси

Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, халқимизнинг давлатчилик -тарихи, миллий-диний қадриятлари ҳамда жаҳон тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган ўзимизга хос ривожланиш йўли — “ўзбек модели” ҳаётга татбиқ қилинганига бу йил 25 йил тўлади.

Ўтган чорак аср давомида бу тараққиёт модели шунчаки бир ғоя эмас, балки ҳаётбахш куч-қудратга эга эканлиги амалда тасдиғини топди, жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинди.  Зеро, унинг тамойиллари асосида мамлакатимизда ўтган аср тўқсонинчи йиллари ўртасидан бошлаб барқарор иқтисодий ривожланиш суръатлари  таъминлаб -келинмоқда. Ҳатто глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳам ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши ўртача 8 фоиздан кам бўлмади. 

Маълумки, ҳар қандай тараққиёт модели давр талаблари асосида янги мазмун ва шакл билан тўлдириб, бойитиб борилади. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинаётгани ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур дастуриламал ҳужжат иқтисодиётни ривожлантириш, уни изчил модернизация ҳамда диверсификация қилишни янада чуқурлаштириш, инновацион, яъни билимлар иқтисодиётига ўтишни жадаллаштиришга кенг йўл очиб берди.

Ҳаракатлар стратегиясининг ижтимоий соҳани ривожлантиришга бағишланган тўртинчи йўналишининг муҳим қисмларидан бири таълим ва фан соҳаларини қамраб олган. Хусусан, узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, меҳнат бозорини замонавий эҳтиёжларга мос юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни рағбатлантириш, унинг ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш вазифалари қўйилди.

Бу тасодифий эмас, албатта. Чунки ҳозирги пайтда жаҳонда таълим тараққиёти бошқа товар ва хизматларга нисбатан анча жадаллаб кетди. Биргина мисол: БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари дастурида келтирилишича, 2000 — 2030 йилларда дунёдаги олий ўқув юртлари талабалари сони 4,2 баробар ортади. Табиийки, товар ва хизматлар ишлаб чиқариш бундай юқори даражада ўсмайди. 

Таъкидлаш керакки, таълим  чекланмаган инновацион ресурсдир. Унинг бошқа товар ва хизматлардан фарқли ўлароқ “тўйиниш” нуқтаси йўқ. Таълим тизимининг ривожланиши ва такомиллашуви халқнинг билим даражасини ошириш, уларга хўжалик қарорларини қабул қилишда муқобил ечимлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Бинобарин, ишчи кучининг ҳаракатчанлиги, уларнинг касбий малакаси, индивидуал қобилиятларини намоён этиш даражаси, тадбиркорлик фантазияси, бизнесни ташкил этиш романтикаси, шартномаларни бажариш этикаси, даромадлардан фойдаланиш санъати, менежерлик ва маркетинг миссияси кишиларнинг билим савиясидан келиб чиқади. Президентимиз ташаббуси билан таълим тизими ислоҳ қилинаётганининг боиси ҳам шунда.

Сир эмас, ҳозирги кунда мамлакатимиз ҳар ўн минг аҳоли сонига ҳисоблаганда олий ўқув юртлари талабалари сони бўйича ривожланган давлатлардан анча орқада. Мавжуд фарқни камайтириш мақсадида таълимнинг анъанавий — кечки ва сиртқи, замонавий — барча учун баробар бўлган инклюзив, on-line, масофали ўқитиш, очиқ ва мослашувчан -билим бериш шаклларидан кенг фойдаланган маъқул. 

Гап шундаки, мамлакатимиз “бир умрга етадиган таълимдан умр бўйи таълим олиш” тизимига ўтмоқда. Бу университетдан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини узлуксиз ошириб бориш тизимини янада такомиллаштиришни -тақозо этади. Қолаверса, олдин иш жойларини яратиб, кейин кадрлар тайёрлашга ўтиш тизими ўтмишда қолди. Малакали кадрлар инновацион билимлар билан қуролланиб, ўзларига ўзлари иш жойларини яратишга ўтишни рағбатлантириш лозим бўлади. Бу борада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳаракати яқин кўмакчига айланади. 

Инновацион иқтисодиёт, бу — билимлар, янги ғоялар иқтисодиёти экан, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш унга ўтишда ўзига хос кўприк вазифасини бажаради. Бунга таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳисобига тараққий этиб бораётган мамлакатлар тажрибаси яққол мисол бўла олади. Негаки, аграр жамиятда ишлаб чиқаришнинг локомотиви меҳнат бўлса, индустриал жамиятда — капитал, постиндустриал жамиятда эса таълим ва билимлардир. 

Тўғри, инновацион иқтисодиётни яратиш ўз-ўзидан бўлмайди. У инновациялар оқимига, доимий технологик такомиллашувга, ишлаб чиқариш ва экспортда қўшимча қийматга эга бўлган юқори технологияли маҳсулотга асосланадиган иқтисодиёт туридир. Бу ерда фойданинг асосий қисмини моддий ишлаб чиқариш эмас, балки олимлар ва новаторлар интеллекти, ахборотлар оқими яратади, хизмат кўрсатиш соҳасининг ҳиссаси жиддий ошади.

Инновацион иқтисодиётнинг муҳим йўналишларидан бири ахборот-коммуникация технологияларидир. Аммо айни пайтда АКТнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши жуда паст. Бу соҳада Корея Республикаси, АҚШ, Германия, Япония, Швеция, Сингапур ва бошқа давлатлар тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқ.

Мамлакатимизда инновацион товарлар ишлаб чиқарадиган корхоналар сони кўпайиб бораётгани, техника, ахборот технологиялари университетларида ҳамда чет эл олий ўқув юртларининг Тошкент шаҳрида очилган қатор филиалларида инноватор кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилгани диққатга сазовордир.

Умуман олганда, улкан интеллектуал, табиий ишлаб чиқариш салоҳиятига асосланган Ҳаракатлар стратегияси ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши, Ўзбекистонимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўсини янада ошириши муқаррар. 

Нурислом ТЎХЛИЕВ,

иқтисод фанлари доктори,

профессор.

 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn