Кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш — давр талаби
  • 27 Июнь 2017

Кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш — давр талаби

Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалигини барқарор ҳамда самарали ривожлантиришни таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш соҳаларини, уларнинг иқтисодий самарадорлиги ҳамда молиявий барқарорлигини таъминлаш ва зарурий қишлоқ хўжалиги техникалари билан жиҳозлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган “Кўп тармоқли фермер хўжаликлари — агросаноат комплексининг ҳаракатлантирувчи кучи” мавзуидаги илмий-амалий конференцияда ана шу вазифалар, жумладан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари -фаолияти учун меъёрий-ҳуқуқий асосларни яратиш, уларни давлат томонидан, шу жумладан, имтиёзли кредитлаш йўли билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. 

Таъкидланганидек, мамлакатимизда қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқмоқда. Бунда, айниқса, фермер хўжаликларини ташкил қилиш ва қайта тузишда, уларга экинзорларни узоқ муддатга ижарага беришда ошкоралик, очиқлик ва қонунийлик тамойилларини таъминлаш мақсадида жамоатчилик назорати мустаҳкамланаётгани диққатга сазовордир.

— Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш ва уларни экспорт қилиш чора-тадбирлари бугун ўз натижасини бераяпти, — дейди Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Комилжон Эрназаров. — Шу маънода, Президентимизнинг шу йил 21 июнь куни қабул қилинган “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди. Чунки ушбу ҳужжат билан жорий йилнинг 

1 июлидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига янги узилган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини тўловни олдиндан 100 фоиз амалга ошириш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди. Бу, аввало, барча мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг ўз товарларини ташқи бозорларга мустақил етказиб беришини қўллаб-қувватлашга ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмининг кўпайишига хизмат қилади.

Анжуманда пахта ва бошоқли дон экиладиган майдонларни қисқартириб, экин майдонларини янада мақбуллаштириш, бўшаб қолган ерларга картошка, сабзавот, озиқ-овқат ва мойли экинларни, шунингдек, янги интенсив боғ ва узумзорларни жойлаштириш бугунги кунда долзарб масалалардан бири эканлиги қайд этилди. Хусусан, жорий йилнинг ўзида пахта ва ғалла экин майдонлари сезиларли даражада қисқартирилиб, бўшаган ерларга бошқа экинлар, жумладан, 8,1 минг гектар картошка, 27,2 минг гектар сабзавот, 5,9 минг гектар интенсив боғ, 2,9 минг гектар токзор, 10,9 минг гектар озуқа экинлари экиш чоралари кўрилаяпти.

Тадбирда қайд этилишича, ушбу юмушлар паст рентабелли экин майдонларида пахта ва ғалла етиштиришдан кўриладиган зарарни 80 млрд. сўмга қисқартириш, қўшимча 1 млн. тоннага яқин мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш имконини беради. Шунингдек, ҳудудларда 48,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилади.

Анжуман иштирокчилари мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида кечаётган ислоҳотлар -талабларидан келиб чиқиб, Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, унда кўп тармоқли фермер хўжаликларининг меъёрий-ҳуқуқий асосларини белгилаш ҳамда бундай фермер хўжаликлари фаолиятини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш назарда тутилиши соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди. Тадбирда тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Қобил ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn