Кичик бизнес салоҳияти рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда яққол намоён бўлмоқда
  • 22 Июнь 2017

Кичик бизнес салоҳияти рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда яққол намоён бўлмоқда

Ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш орқали маҳсулотлар рақобатдошлигини ошириш борасидаги ишлар пировардида экспорт ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилади. Бунда, айниқса, кичик бизнес субъектларига алоҳида эътибор қаратиш айни муддаодир. 

Зеро, мазкур соҳа вакиллари фойдаланаётган ихчам ускуналарда маҳсулотлар тайёрлаш жадал ўзлаштирилади. Наманган шаҳридаги “Nafis tex group” масъулияти чекланган жамиятининг вилоятдаги экспортчи корхоналар сафидан мустаҳкам ўрин эгаллашида ҳам шу жиҳат ҳал қилувчи роль ўйнамоқда.

Гап шундаки, корхона таъсисчилари дастлабки йиллардаёқ ташқи бозорга чиқиш масаласини асосий мақсад қилиб қўйишди. Шу боис бу ерда тайёрланган трикотаж маҳсулотларининг хорижга юборилган намуналари қисқа фурсатда харидорини топди.

Корхона бугунги кунга келиб, лойиҳада кўзда тутилган қувватга эришиб, кунига ўртача 7-8 минг дона маҳсулот тайёрламоқда. Бу истеъмолчиларга йил давомида -“Ровустон” бренди остида 1 миллион донадан ортиқ трикотаж буюмлари етказиб берилади, деганидир.

Албатта, олдинга қўйилган мақсадга юксак технология, уни маҳорат билан бошқара оладиган кадрларсиз эришиш қийин. Шу жиҳатдан олганда, “Nafis tex group”да шакл-ланган замонавий техника парки, олий ва ўрта махсус маълумотга эга 190 кишилик жамоага ҳар қандай одамнинг ҳаваси келади. Касб-ҳунар коллежларининг 26 нафар -битирувчиси ўқув амалиётларини шу ерда ўтказишган. Эндиликда улар ўзларига -бириктирилган дастгоҳларни бинойидек бошқаришаяпти. Масалан, Муҳаббат Ҳожиева “Juki” русумли тикув машинасини ишлатади. Маъмура Дадабоева эса янги ўзлаштириладиган маҳсулотнинг намуна нусхасини яратади. Ҳар иккиси ҳам кунлик вазифасини уддалаш баробарида, сифатга жавобгарлик ҳисси билан меҳнат қилишга одатланган. Ҳамкасблари дизайнер Диёра Узоқовани изланувчан мутахассис сифатида қадрлашади. Бозор талабларини мунтазам ўрганиб, шунга мос дизайнда яратаётган унинг моделлари буюртмачилар томонидан юқори баҳоланмоқда.

— Вилоятдаги экспортчи корхоналар сафидан мустаҳкам ўрин олдик, — дейди МЧЖ раҳбари Умиджон Жўрабоев. — Бу хорижий ҳамкорлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, хусусан, буюртмалар портфелини узоқ муддатли шартномалар билан тўлдириш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз натижасидир. Бир қатор хориж давлатларидан буюртмалар олганмиз. Шу асосда жорий йилнинг ўтган даврида уларга 440 минг АҚШ долларилик маҳсулот етказиб бердик. Бу миқдорни йил охирига қадар икки баравар кўпайтириш ҳаракатидамиз.

Айтиш жоизки, фаолиятни барқарор йўлга қўйиб олган корхона раҳбар ва мутахассислари бугун эришган ютуқларини эртага янада юксалтириш ниятида. Ўтган йили 30 минг АҚШ долларига тенг модернизация тадбирлари амалга оширилиб, бир қатор дастгоҳлар янгиланган эди. Ҳозир навбатдаги лойиҳага қўл урилган бўлиб, унга кўра, Япониядан янги технология олиб келиниб, тўқув цехи барпо этилади. Бу билан ипакни қайта ишлаш йўлга қўйилади ва корхона ўзини зарур хом ашё билан тўла таъминлашга ўтади.

“Nafis tex group” сингари ишлаб чиқариш субъектларининг ташқи муносабатлардаги фаол иштироки вилоят экспорт салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Жорий йил биринчи чорагининг ўзида яна 19 та кичик бизнес субъекти маҳсулотини ташқи бозорга чиқара бошлади. Пировардида ҳудуддаги барча экспортчи корхоналар томонидан 17 миллион 312,6 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт амалиётлари бажарилиб, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан салкам уч баробар ўсишга эришилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳамдам МАМАДАЛИЕВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn