Ўзбекистонлик ишбилармонлар Швейцарияда
  • 22 Июнь 2017

Ўзбекистонлик ишбилармонлар Швейцарияда

Цюрих шаҳрида Ўзбекистон ва Швейцария ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, шунингдек, мамлакатимиз тўқимачилик ва фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган ўнга яқин компаниялари вакиллари иштирок этди. 

Форумда швейцариялик бизнесменларга Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳияти, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўрсатаётган хизматлар, икки томонлама ҳамкорлик йўлида эришилган натижалар ва устувор йўналишлар, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг хорижий харидорлар учун тижорат таклифлари тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. 

Бизнес-форум доирасида эришилган келишувга мувофиқ, Швейцария ва Европа Иттифоқи давлатларидаги импорт қилувчи корхоналар, йирик савдо тармоқлари ва ритейл-компаниялар, тадбиркорлар уюшмалари, бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, уни янада фаоллаштириш, хусусан, ушбу мамлакатлар бозорида Ўзбекистон кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспортга етказиб беришни йўлга қўйиш, юртимиз тадбиркорларининг йирик кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиши, қўшма тадбирлар ўтказиш, зарур лицензия ва сертификатлар олиш ишларини ташкил қилиш кўзда тутилган.

Жамғарманинг Швейцария ва Европа Иттифоқи давлатларидаги ваколатхоналари тизимли асосда бозор конъюнктурасини ўрганади, маркетинг тадқиқотлар ўтказиб, мазкур давлатларга Ўзбекистон маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қонунчилик соҳасига оид ахборот алмашади.

Икки томонлама музокаралар чоғида томонлар тегишли соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилди. Швейцария компаниялари вакиллари Ўзбекистон компанияларининг тижорат таклифлари, ҳамкорликда амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар билан танишди. 

Ўзбекистон делегацияси Швейцариянинг алоҳида сақлашни талаб этадиган фармацевтика препаратлари ва субстанцияларини ташишда қўлланиладиган махсус фармацевтика контейнерларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “SkyCell AG” компаниясида бўлди. “Uzgermed Pharm” қўшма корхонаси ва “SkyCell AG” компанияси ўртасида ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини хориж бозорига етказиб бериш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисида келишувга эришилди. 

Айни пайтда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси мамлакатимизнинг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси билан ҳамкорликда консерваланган паловни Германия ва Швейцария -бозорларига экспорт қилишни ташкил этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Хорижий мамлакатлар билан ушбу маҳсулот турини импорт қилиш учун Европа Иттифоқи қонунчилигига мувофиқ талаб этиладиган сертификатни олиш борасида музокаралар олиб борилмоқда. 

ЎзА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn