Хусусий сектор ривожига сармоялар
  • 22 Июнь 2017

Хусусий сектор ривожига сармоялар

Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар марказида “Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва кичик бизнес субъектларининг ўзаро ҳамкорлиги механизмлари” мавзуида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Унда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Марказий Осиё ва Россия бўйича -бошқарувчи директори Наталья Ханженкова раҳбарлигидаги делегация аъзолари, Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилиб, соҳа вакилларига халқаро молия институтлари иштирокида тезкор банк хизматлари кўрсатилаётгани, бу жараёнда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини алоҳида қайд этдилар.

Ўзбекистон Республикаси билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзоланган бўлиб, унда салоҳиятли ҳамкорлик соҳалари белгилаб берилган. Кичик ҳамда ўрта корхоналар учун маслаҳат бериш ва молиялаштириш, трансчегаравий савдо ҳамда ҳамкорликка кўмаклашиш, илғор технологиялар ва ноу-хаулар алмашувини таъминлаш имконини берадиган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини ошириш шулар жумласидан.

Семинарда ЕТТБ делегацияси аъзоларига Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақида сўзлаб берилди. Унинг изчил ижроси доирасида халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар муваффақиятли рўёбга чиқарилаётгани таъкидланди.

Бугунги кунда Фарғона вилоятида 20 мингга яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатаяпти. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 63,4 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши эса 48 фоизга етказилди. Ҳудудда хусусий секторнинг жадал тараққий этиб бораётгани кредит ресурс-лари, айниқса, чет эл инвестицияларига бўлган эҳтиёжни оширмоқда.

— Қўл меҳнати асосида спорт анжомлари, футбол, волейбол, баскетбол тўплари ишлаб чиқарамиз, — дейди Фарғона шаҳридаги “Чарм тўп келажаги” хусусий корхонаси раҳбари Баҳодир Тошпўлатов. — Чармдан тайёрланаётган маҳсулотларимизнинг сифати юқорилиги боис ички бозорда талаб катта. Бугунги семинар-тренингда ЕТТБ вакиллари томонидан ўтказилган тақдимотлар, соҳа мутахассисларининг кредит линияларидан оқилона фойдаланиш бўйича тавсиялари билан яқиндан танишиб, иқтисодий билимларимизни мустаҳкамладик. 

Семинар-тренингда кичик ва ўрта бизнесга маслаҳат хизматлари ҳамда молиялаштириш, минтақавий савдони ривожлантириш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев сўзга чиқди.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn