Иқтисодиётимизнинг жадал тараққиёти
  • 07 Май 2014

Иқтисодиётимизнинг жадал тараққиёти

кўп жиҳатдан саноат корхоналари ўртасидаги ҳамкорликка боғлиқ

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва истеъмол товарларини қайта ишлаш ҳамда Ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари мажмуаларининг тармоқ саноат ярмаркалари ўз ишини бошлади.
Ушбу тадбир жорий йилнинг 28 октябрь — 1 ноябрь кунлари ўтказиладиган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг биринчи босқичи доирасида ташкил этилди.
Тармоқ саноат ярмаркаларида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекенгилсаноат”, “Ўзпахтасаноат”, “Ўздонмаҳсулот” компаниялари, Озиқ-овқат саноати корхоналари, “Ўзулгуржисавдоинвест”, “Ўзагромашсервис” уюшмалари, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси таркибидаги, шунингдек, бошқа соҳада фаолият юритаётган 160 дан зиёд корхоналар қатнашаяпти.
Ярмаркалар давомида юртимиз саноат корхоналари, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўзларининг имкониятларини кенг намойиш этиб, тақдимот маросимларини ўтказмоқда. Маҳаллий ва хорижий харидорлар, корхона ва компаниялар учун маҳсулотларни сотиб олиш ёки ишлаб чиқаришни ташкил этишни истовчиларни зарур маълумотлар билан таъминлаш мақсадида эса ташкилотчилар томонидан ҳар йили “Ўзбекистон саноат маҳсулотлари” каталоги чоп қилинаяпти. Ушбу каталогда республикамизда ишлаб чиқариладиган товарлар ҳамда хизматлар, шунингдек, импорт қилинадиган, ўзлаштириш учун таклиф этилаётган маҳсулотлар ўрин олган. Хусусан, 2013/2014 йил каталогида 10 мингта корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган 30 мингта маҳсулот ҳақида маълумот берилган.
Шу билан бирга, каталогнинг электрон шакли билан танишиш ёки унга ўз корхонаси ҳақида маълумот жойлаштиришни хоҳловчиларга Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекциясининг www.cooper.uz расмий сайти “Савдо майдончаси” (“Торговая плошадка”) бўлимига кириш тавсия этилади.
Буларнинг бари, ўз навбатида, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш баробарида, жорий йилда маҳсулот етказиб бериш ва экспорт қилиш учун шартномалар тузиш, янги саноат маҳсулотларини ўзлаштириш бўйича келишувларга эришилиши учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлардир. Зеро, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожи кўп жиҳатдан ана шундай ҳамкорликка бевосита боғлиқ.
Тармоқ саноат ярмаркалари жорий йилнинг 8 майига қадар давом этади.
Тармоқ саноат ярмаркаларининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn