Ипак саноатининг довруғи қачон тикланади?
  • 22 Июнь 2017

Ипак саноатининг довруғи қачон тикланади?

Халқимиз ипак қуртини етти хазинанинг бири, дея алоҳида эъзозлайди. Зотан, марвариддек оппоқ пилла ҳам, шойи, атлас, адрас каби кўркам матолар ҳам табиатнинг мўъжизаси бўлмиш ипак қурти маҳсулидан яралади. Фақат у пиллачининг қалб қўри, мислсиз меҳнати эвазига бунёд бўлади. Бироқ кейинги йилларда касаначилар орасида ипак қурти парваришлашга иштиёқ сўниб, пиллачиликнинг шуҳрати ҳам пасайгани бор гап. Шундай бир пайтда Президентимиз томонидан 2017 йил 29 мартда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси -фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани айни муддао бўлди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, тармоқни комплекс ривожлантиришга қаратилган яхлит ташкилий-технологик тизим барпо этилди. Яъни таркибида 210 га яқин корхона ва ташкилотларни бирлаштирган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тузилди.

Хўш, янги тузилма ўзбек ипакчилиги довруғини тиклаш учун қандай амалий чора-тадбирлар кўраяпти? Унинг самараси кўзга ташланаяптими? Ҳар ҳолда, жорий пилла мавсуми якунланиб, қишлоқ хўжалигининг илк ҳосили тарозига тушди. 

— Буюк Ипак йўлида жойлашган Ўзбекистонда пиллачилик соҳаси кўп асрлик анъанага эга, — дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов. — Бу ерда тайёрланган ипак маҳсулотлари қадим-қадимдан дунёга маълуму машҳур. Аммо бугунги кунда пилла етиштириш, уни чуқур қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасидаги кўрсаткичлар мавжуд имконият даражасида эмас. Юртимизнинг қулай табиий-иқлим шароити, давлатимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор республикамизда пиллачиликни янада ривожлантириш, мазкур жабҳада дунёда етакчи ҳисобланган Хитой, Япония, Жанубий Корея сингари давлатлар орасидан мустаҳкам жой эгаллаш имконини беради.

 

Барака дарахти

Маълумотларга қараганда, мамлакатимизда охирги йилларда 450 минг қутидан ортиқ ипак қуртлари парваришланиб, 26 минг тонна пилла етиштирилмоқда. Табиий савол туғилади: бу озми ёки кўп? Албатта, кам. Буни мутахассислар озуқа базасининг етарли эмаслиги билан изоҳлашади. 

Гап шундаки, айни пайтда 51 минг гектар майдондаги тутзорлар ҳамда 80 миллион туп тут қаторлари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳосилдорлиги ҳам кўнгилдагидек эмас. Бир қути ипак қурти парвариши учун 1200 килограмм тут барги керак бўлади. Бунча баргни эса 25 сотихдаги тутдан олиш мумкин экан. Шу маънода, вазиятни ўнглаш учун нима қилиш керак? Яна суҳбатдошимизга юзланамиз.

— Чиндан ҳам, пиллачилик ривожи, кўп жиҳатдан, кафолатли озуқа базасига боғлиқ, — дейди Б. Шарипов. — Очиғи, тутзорларда тегишли агротехника тадбирлари ўз вақтида амалга оширилмаганлиги, озуқа қиймати юқори бўлган тут кўчатларини экиш талаб даражасида ташкил этилмаганлиги оқибатида дарахтлар туп сони, уларнинг ҳосилдорлиги борган сари пасайиб келган. Бу каби салбий ҳолатга чек қўйиш мақсадида мавжуд тутзорлар уюшмамиз балансига ўтказилаяпти. Эндиликда тут плантациялари хатолари тузатилиб, кўчатлар тўлиқлигига эришилади. Бундан ташқари, ҳар йили янги тутзорлар барпо этилади. Шу мақсадда хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Улар юртимиз иқлим шароитига мос, совуққа чидамли, ҳосилдорлиги юқори бўлган тут ниҳоллари етказиб беришади. Бу каби чора-тадбирлар йилда икки марта пилла етиштириш имконини яратади. Бу аввалги мавсумда Сурхондарё вилояти шароитида синовдан муваффақиятли ўтди.

Тут аслида барака дарахти эканлигини кўпчилик билмаса керак. У жой танламай, ҳар қандай ерда ўсавергани туфайли шундай ном олган экан. Тут чиндан ҳам номига мос дарахт. Унинг барги ипак қурти учун озуқа бўлса, меваси шифобахш неъмат саналади. Ёғочи, новдалари қурилиш, мебелсозликда қимматбаҳо хом ашёдир. Хитойда эса унинг барра баргларидан чой олиш технологияси яратилганига нима дейсиз?! 

 

Импортга не ҳожат?

Қарорга мувофиқ, жорий этилаётган янги тизимга кўра, пиллачилик мавсумий тармоқдан доимийга айлантирилаётгани диққатга сазовор. Бунга қўшимча йўналишларни ўзлаштириш эвазига эришилади.

Гап шундаки, ҳар беш гектар тутзор олдида намунавий ипак қурти боқиш мажмуалари бунёд этилади. Уларда ўртача 60 тадан янги иш ўрни яратилади. Тутзор ораларида иккиламчи фаолият турлари, жумладан, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичиликнинг йўлга қўйилиши наинки пиллачилар доимий даромад манбаига эга бўлишига, балки ички ва ташқи бозорга харидоргир маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилади. 

Таҳлилларга қараганда, тармоқ ривожини ортга тортаётган масалалардан яна бири сифатли ипак қурти уруғи етарли миқдорда етказиб берилмаётганидир. Негаки, ҳозирги пайтда “кумуш тола” етиштириш учун зарур бўладиган уруғнинг 50 фоизи импорт эвазига таъминланаяпти. 

Импорт улушини босқичма-босқич камайтириб, ипак қурти уруғи етиштиришни кўпайтириш мақсадида мавжуд 20 та ихтисослаштирилган маҳаллий корхонада келгуси йилдан модернизациялаш тадбирларига киришилади. Бу жараёнда нафақат хорижнинг энг илғор технологияларини, балки соҳада юқори малака ва тажрибага эга мутахассисларни ҳам жалб этиш кўзда тутилгани қувонарлидир.

Келгусида корхоналар ипак қуртининг саноатбоп зот ва дурагайлари уруғини етказиб бериш билан чекланмайди. Аксинча, шу кундан эътиборан уларнинг асосий иш мавсуми бошланади. Яъни фермер хўжаликлари ва  касаначилар фаолиятини яқиндан кузатиб, ипак қуртларининг яшовчанлиги, уларнинг ривожланиши, ипакчанлигини мунтазам мониторинг қилиб боришади. Шу тариқа йўл қўйилган хато ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади. Мақсад 2021 йилдан бошлаб пиллачиларга маҳаллий зот ва дурагайларни тўлиқ етказиб беришга эришишдир.

 

Занжирсимон усул

— Жаҳон тажрибасидан маълумки, пилла етиштириш ўзига хос фаолият тури бўлиб, унда муваффақиятга эришиш ишни тизимли йўлга қўйишга боғлиқ, — дейди Б. Шарипов. — Шу боис юртимизда занжирсимон усул амалиётга татбиқ этилаяпти. Яъни таркибида камида 4-5 корхонани бирлаштирган пиллачилик-кластерлари яратилади. Уларда ипак қурти озуқасини етиштиришдан тортиб, пилла олиш, ипак йигириш, мато тўқиш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқич қамраб олинади. Бугунги кунда 60 та ана шундай лойиҳа тайёрланган бўлиб, улар юртимизнинг қайта ишлаш корхоналари мавжуд бўлмаган ҳудудларида ишга туширилиши кўзда тутилган. Бу каби саъй-ҳаракатлар яқин беш йил ичида ипакчилик мамлакатимизда энг тараққий этган соҳалардан бирига айланишига пойдевор яратишига ишончим комил.

Амалиётга занжирсимон усул татбиқ қилинаётгани бежиз эмас. Чунки тармоқда даромаднинг асосий қисми тайёр маҳсулотни ишлаб чиқарганлар зиммасига тушади. Оддий арифметика. Жаҳон бозорида бир килограмм ипакнинг баҳоси 38 — 40 АҚШ долларига тенг. Агар у калава қилинса, нархи 55 долларгача ортади. Ундан мато тўқиб, кийим-кечак тикиб сотилса-чи? Бу рақам яна 4-5 баробар ортади. Ваҳолонки, ипак калавасининг ҳар бир килограммидан 11 метргача мато тўқилади. Ёки бўлмаса, ипакдан гилам тўқиш ҳам ўта фойдали. Бунинг учун ўртача 

10 килограмм ипак калаваси зарур бўлар экан. Шу ҳисобда, ип учун 500 — 600 доллар -атрофида маблағ сарфланади, холос. Гилам тайёр бўлгач, унинг баҳоси 10 маротаба ошиб кетади!

Тармоқда юз бераётган янгиланишлардан кўзланган мақсад ҳам четга хом ашё эмас, балки тайёр маҳсулотлар чиқариб, пилла етиштирувчилар, уни қайта ишловчилар манфаатдорлигини ошириш, ўзбек ипакчилигининг довруғини дунёга ёйишдир.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn